[1] Бенямин қабиласидан бўлган Кушнинг қилмишлари туфайли Довуднинг Эгамизга айтган марсияси.
[2] Сенда паноҳ топаман, эй Эгам Худо, Пайимга тушганлардан халос эт, қутқар мени.
[3] Йўқса, улар мени шердай ғажиб ташлайди, Бурда–бурда қилади, ҳеч ким мени қутқаролмайди.
[4] Эй Эгам Худо! Агарда кимгадир ноҳақлик қилган бўлсам, Дўстимни душманига сотган бўлсам мабодо, Ғанимимни сабабсиз талаган бўлсам, Ҳа, агарда у ишларни қилган бўлсам,
[6] Душманларим таъқиб қилсин, тутсин мени, Танамни тупроққа қорсин, Жасадимни ерга ташласин.
[7] Қани, ғазабингни сочгин, эй Эгам! Қўзғал ёвларимнинг қаҳрига қарши! Кўриб, адолат қилгин!
[8] Халқларни атрофингга тўплагин, Баланддаги тахтингда ўтириб, Улар устидан ҳукмронлик қилгин.
[9] Эй Эгам, олий Ҳакам Ўзингсан, Сен халқларни ҳукм қиласан. Эй юксалган Эгам, Ҳукм пайтида юзимни ёруғ қил, Биласан–ку, солиҳман, бегуноҳман.
[10] Фосиқларнинг ёвузлиги барҳам топсин, Солиҳлар барқарор бўлсин. Онгу юракларни синагувчи Сенсан, Эй одил Худо!
[11] Менинг қалқонимдир юксалган Худо, Покдилларга У нажот беради.
[12] Адолатли ҳакамдир Худо, Қабиҳга У доим ғазабини сочади.
[13] Агар инсон тавба қилмаса, Худо қиличини чархлайди, Камонини тайёр қилиб туради.
[14] Қирғин қуролларини шай қилиб қўйган, Оловли ўқларини тайёрлаб қўйган.
[15] Ана, қабиҳлар қабиҳликдан уруғ орттиради, Дарду балолардан ҳомиладор бўлади, Охир–оқибатда ёлғонни туғади.
[16] Улар чуқур қазийдилар, Аммо чоҳга ўзлари қулайдилар.
[17] Уларнинг дарду балоси ўзига қайтади, Зўравонлиги ўзларининг бошига етади.
[18] Эгамизга, адолатинг учун шукур, дейман. Эгамиз — Худойи Таолога ҳамду санолар куйлайман.