[1] Сени олқишлайман, эй Худо, Сукут сақламагин.
[2] Фосиқ, ёлғончилар менга қарши оғиз очган, Ёлғончи тиллар билан менга қарши гапирар.
[3] Нафратга тўла сўзларни устимга ёғдирарлар, Сабабсиз менга ҳужум қиларлар.
[4] Менга айб қўярлар дўстлигимга жавобан, Ибодат қиламан ҳамон.
[5] Яхшилик эвазига менга ёмонлик қайтарарлар, Дўстлигим эвазига менга адоват қиларлар.
[6] Фосиқни уларга қарши қўй, Уларнинг ўнг томонида айбловчи турсин.
[7] Синалганда, улар айбдор бўлсин, Уларнинг ибодати гуноҳ деб ҳисоблансин.
[8] Уларнинг умри қисқа бўлсин, Ўрнини бошқаси олсин.
[9] Етим бўлиб қолсин болалари, Бева бўлиб қолсин хотинлари.
[10] Болалари кулбасидан айрилиб, дарбадар бўлсин, Нон излаб тиланчи бўлсин.
[11] Мол–ҳолини судхўрлар эгалласин, Меҳнати самарасини бегоналар тортиб олсин.
[12] Бирон кимса уларга шафқат қилмасин, Уларнинг етим болаларига ҳеч ким ачинмасин.
[13] Уларнинг насл–насаби қирилиб кетсин, Бир наслдан сўнг номлари йўқ бўлсин.
[14] Эй Эгамиз! Оталари айбини эсга олгин, Оналарининг гуноҳини ҳеч қачон унутмагин.
[15] Эй Эгамиз, уларнинг гуноҳидан доим хабардор бўлгин, Ўша инсонларнинг хотирасини ер юзидан ўчиргин.
[16] Ахир, улар ҳеч қачон шафқат қилишни ўйламади. Муҳтожларни, умидсизликка тушганларни, Камбағалларни таъқиб қилди, ўлдирди.
[17] Улар лаънатлашни яхши кўрарди, Энди лаънатлари ўзларининг бошига келсин. Дуо қилишни ёқтирмасди, Энди дуо улардан узоқ бўлсин.
[18] Лаънатни улар кийимдай киярди, Уларнинг танасига лаънат сув каби кирарди, Суякларига мой каби сингарди.
[19] Ҳа, кийим кийгандай, улар лаънатга ўраниб олсин, Лаънатни ҳар куни белга тақадиган камардай қилиб олсин.
[20] Эй Эгам! Менга қарши ёмон гапирувчиларга, Мени айбловчиларга Сендан ана шулар мукофот бўлсин.
[21] Сен, эй Эгам Раббий, Ўз номинг ҳақи менга мадад бер, Эзгудир содиқ севгинг, мени қутқар.
[22] Мен бир бечора, йўқсилман, Ичимда юрагим яралангандир.
[23] Оқшомги соядай йўқ бўлиб боряпман, Чигирткадай мен улоқтирилганман.
[24] Рўза тутганимдан тиззаларимда дармон йўқ, Этим суягимга ёпишиб қолган.
[25] Душманларим ҳақоратининг нишониман, Мени кўрганларида масхаралаб, бошларини чайқашар.
[26] Эй Эгам Худо, менга мадад бергин, Содиқ севгинг ҳақи мени халос қилгин.
[27] Буни Сенинг қўлинг қилганини душманларим билсин, Эй Эгам, менга нажот берган Сен эканингни улар билсин.
[28] Майли, улар мени лаънатласин, Сен эса менга барака берасан. Улар ҳужум қилганда, шарманда бўлишсин, Мен — қулинг эса шод–хуррам бўлай.
[29] Мени айбловчилар бадномликка буркансин, Чопон кийгандай, шармандаликка ўрансин.
[30] Эгамга чексиз шукроналар айтаман, Халойиқ орасида Унга ҳамду сано ўқийман.
[31] Эгамиз турар йўқсилларнинг ўнг томонида, Уларни ўлимга маҳкум этганлардан қутқармоқ учун.