[1] Ижрочилар раҳбарига. Кўрах наслининг саноси. “Қайғу–алам” куйига айтиладиган қўшиқ. Зерах уруғидан бўлган Хаманнинг қасидаси.
[2] Эй Эгам, нажоткорим Худо, Кеча–кундуз фарёд қиламан олдингда.
[3] Ибодатим Сенга етиб борсин, Қулоғингни додимга тутгин.
[4] Ҳаётим кулфатга тўла, Ўзим ўликлар диёрига яқинлашганман.
[5] Мени қабрга тушганлар орасида ҳисоблайдилар, Бемажолларга ўхшаб қолганман.
[6] Мурдалар орасига ташланганман, Қабрда ётган марҳумларга ўхшайман, Сен мени ўшалардай унутгансан, Улар Сенинг ҳимоянгдан маҳрумдирлар.
[7] Сен ташладинг мени қабрнинг энг тубига, Энг зулмат, чуқур жойларга.
[8] Ғазабинг устимдан зилдай босади, Қаҳринг тўлқинлари ила мени эзасан.
[9] Яқин дўстларимдан мени айирдинг, Уларга мени жирканч қилдинг, Қамалиб қолганман, халос бўла олмайман.
[10] Кўзларим нури ғамдан адойи тамом бўлди. Эй Эгам, ҳар куни Сенга илтижо қиламан, Қўлларимни Сен томон чўзаман.
[11] Мўъжизаларингни марҳумларга кўрсатасанми?! Мурдалар туриб, Сенга ҳамду сано айтармикан?!
[12] Сенинг содиқ севгинг қабрда эълон қилинарми?! Ҳалокат диёрида Сенинг садоқатинг ҳақида айтиларми?!
[13] Зулмат диёрида мўъжизаларинг маълум бўларми?! Унутилганлар маконида одиллигинг ҳақида сўйланарми?!
[14] Эй Эгам, мен Сенга фарёд қиламан, Ибодатим саҳарданоқ Сенга етиб боради.
[15] Эй Эгам, нечун мени рад қиласан? Нечун мендан юз ўгирасан?
[16] Ёшлигимдан буён хастаман, ўлим билан юзма–юзман, Ваҳималаринг қаршисида умидсиз қолганман.
[17] Қаҳру ғазабинг мени эзиб ташлади, Ваҳималаринг мени адойи тамом қилди.
[18] Қаҳр–ғазабинг кун бўйи мени тўфондай ўраб олади, Мени ҳар тарафдан қуршаб олади.
[19] Яқин дўстимдан, қўшнимдан мени айирдинг, Фақат зулмат менинг шеригим бўлиб қолди.