[1] Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! Эгамизга ҳамду санолар бўлсин самолардан, Унга ҳамду санолар бўлсин фалаклардан!
[2] Эй Унинг фаришталари, Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! Эй Унинг самовий лашкарлари, Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!
[3] Унга ҳамду санолар бўлсин, эй қуёш, эй ой, Ҳамду санолар бўлсин Унга, нурли юлдузлар!
[4] Ҳамду санолар бўлсин Унга, эй фалаклар тоқи, Эй самолар узра жойлашган сувлар!
[5] Эгамизга ҳамду сано айтсин улар, Эгамизнинг амри билан яратилган улар.
[6] Эгамиз бир фармон билан уларни то абад жойига ўрнаштирди, Бу фармон бекор қилинмайди.
[7] Ер юзидан Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! Эй жамики тубсиз сувлар, денгиз махлуқлари,
[8] Эй чақмоқ, қор, дўл, булутлар, Унинг амрига бўйсунувчи бўронлар Эгамизга ҳамду санолар айтинг!
[9] Мадҳиялар айтинг Унга, эй тоғлар, жамики қирлар, Мевали дарахтлар, жамики садр дарахтлари!
[10] Ҳамду сано айтинг Унга, Эй ёввойи ҳайвонлар, жамики чорва, Судралиб юрувчилару учар қушлар!
[11] Мадҳиялар айтинг Унга, Эй заминдаги шоҳлар, жамики халқлар, Шаҳзодалар, заминдаги ҳамма ҳукмдорлар!
[12] Унга ҳамду сано айтинг йигитлар, қизлар, Ёшу қари — ҳаммангиз бирга.
[13] Ҳаммаси Эгамизга ҳамду сано айтсин, Ёлғиз Унинг номи юксакдир, Шуҳрати замину осмондан баланддир.
[14] Эгамиз Ўз халқини қудратли қилди. Шу боис тақводорлари Уни улуғламоқда, Қадрдони Исроил халқи Уни мадҳ этмоқда. Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!