[1] Ижрочилар раҳбарига. Эгамизнинг қули Довуд саноси. Эгамиз Довудни жамики душманлари ва Шоулнинг қўлидан озод қилгандан кейин Довуд Эгамизга атаб шу қўшиқни айтди.
[2] Сени севаман, эй Эгам, менинг қудратим.
[3] Эгам суянган қоямдир, менинг қалъам, қутқарувчимдир. Ҳа, Худодир менинг қоям, Унда паноҳ топаман. Удир менинг қалқоним, қудратли нажоткорим, қўрғоним.
[4] Эгамга илтижо қиламан, Ғанимларимдан У мени халос қилади. Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!
[5] Мени ўлим тўрлари чирмаб олганди, Бало–қазо селлари даҳшат ила босиб келганди.
[6] Ҳа, ўликлар диёрининг тўрлари мени ўраб олганди, Ўлим ўз тузоғига мени асир қилганди.
[7] Кулфатда қолганимда Эгамга илтижо қилдим, Ҳа, нола қилдим Худойимга. У Маъбадидан туриб, овозимни эшитди, Оҳу нолам қулоғига етиб борди.
[8] Ўша замон ер юзи титраб, тебранди, Тоғларнинг пойдевори ларзага келди, Эгам ғоят ғазабга минган эди.
[9] Бурнидан тутун буруқсаб чиқарди, Оғзидан оташ пишқирарди, Олдидан қип–қизил чўғ ёғиларди.
[10] У кўкларни ёриб, пастга тушди, Оёқлари остида — қора булут.
[11] Эгам бир карубга миниб учди, Ел қанотлари узра учиб келди.
[12] Атрофини зулмат билан ўради, Қуюқ, қора булутларни Ўзига чайла қилди.
[13] Улкан нур Эгамнинг олдидан чиқди, Дўл ва қип–қизил чўғ қоп–қора булутларни парчалади.
[14] Эгамизнинг овози кўкларда гулдиради, Худойи Таолонинг садоси эшитилди.
[15] Ўқларини отди, Чақмоқ чақтириб, ёвларини тирқиратди, Уларни саросимага солди.
[16] Эгамизнинг таҳдидларидан, Унинг қаҳрли нафасидан Денгизнинг туби кўриниб қолди, Замин пойдевори яланғоч бўлиб қолди.
[17] Эгам юқоридан қўл узатиб, мени тутди, Баҳайбат сувлардан мени чиқариб олди.
[18] Мени кучли ғанимларим қўлидан, Мендан нафратланган ёвларимдан қутқарди, Улар мендан кучли эдилар.
[19] Қора кунимда улар менга ҳамла қилдилар, Аммо Эгам менга таянч бўлди.
[20] Мени бехавотир жойга чиқариб қўйди, Мендан мамнун бўлиб, нажот берди.
[21] Эгам солиҳлигим учун мени мукофотлайди, Айбсизлигим учун мени тақдирлайди.
[22] Зеро, мен Эгамнинг йўлидан юрдим, Ахлоқсизлик қилмадим, Худойимдан юз ўгирмадим.
[23] Унинг ҳамма қонун–қоидаларига риоя қилдим, Фармонларини четга суриб қўймадим.
[24] Унинг олдида бенуқсон бўлдим, Гуноҳ қилишдан ўзимни сақладим.
[25] Шу сабабли Эгам мени пок деб билди, Солиҳлигимга яраша мукофот берди.
[26] Эй Эгам! Сенга содиқ бўлганга Сен содиқ бўласан, Яхши инсондан яхшилигингни аямайсан,
[27] Пок кишига поклигингни кўрсатасан, Эгрининг айёрлигини ўз бошига соласан.
[28] Аҳли камтарга эса нажот берасан, Димоғдорни ерга урасан.
[29] Эй Эгам Худо! Чироғимни ёқувчи Ўзингсан, Зулматни мен учун ёруғликка айлантирасан.
[30] Эй Худойим! Сенга суяниб лашкарни йўқ қиламан, Сенга суяниб деворлардан ошиб ўтаман.
[31] Худонинг йўли комилдир, Эгамизнинг каломи чин ҳақиқатдир, Паноҳ излаб борганга У қалқондир.
[32] Эгамиздан бошқа Худо ким экан?! Худойимиздан бўлак суянчиқ Қоя бормикан?!
[33] Мени қудратли қилувчи Худодир, Йўлимни Ўзи бехатар қилади.
[34] У оёқларимни кийик оёғидай қилади, Чўққилар узра мени бехатар юргизади.
[35] Қўлларимни жанг қилишга ўргатади, Бармоқларим бронза ёйни бука олади.
[36] Эй Эгам, Сен менга зафар қалқонингни бергансан, Ўнг қўлинг менга таянч бўлади, Мададинг эса мени юксалтиради.
[37] Оёқларим учун йўлимни кенг қилгансан, Оёқларим сира оғиб кетмайди.
[38] Ғанимларимни қувлаб, тутиб олдим, Уларни йўқ қилмай ортга қайтмадим.
[39] Шундай эздимки уларни, тура олмадилар, Оёқларим остида чўзилиб қолдилар.
[40] Сен менга қувват бериб, жангга юбординг, Менга қарши отланган ёвни олдимда бош эгдирдинг.
[41] Ғанимларимни мендан қочирдинг, Мендан нафратланганларни мен йўқ қилдим.
[42] Улар мадад сўраб фарёд қилдилар, Нажоткорни эса тополмадилар, Эй Эгам, ғанимларим Сенга ёлвордилар, Аммо Сен жавоб бермадинг.
[43] Шамолнинг чангидай уларни эздим, Йўлдаги лойдек сидириб ташладим.
[44] Сен мени халқнинг уруш–жанжалидан халос этдинг. Мени элларга йўлбошчи қилдинг, Ўзим танимаган элат менга қарам бўлди.
[45] Овозимни эшитибоқ қулоқ тутди, Ёт эллар менга бўйин эгди.
[46] Ёт эллар ҳолсизланиб йиқилди, Қалтираб манзилидан чиқиб қочди.
[47] Эгам барҳаётдир! Суянган Қоямга олқишлар бўлсин! Нажоткорим Худо юксалсин!
[48] Қасдимни олган Худодир, Халқларни менга У тобе қилган,
[49] Мени ғанимларимдан У қутқарган, Босқинчилардан мени устун қилган, Мени зўравонлар қўлидан халос этган.
[50] Шу боис, эй Эгам, халқлар ичра Сенга ҳамдлар айтаман! Сени куйлаб сано айтаман!
[51] Эгамиз Ўз шоҳини улуғ зафарларга эриштиради, Ўзи танлаган шоҳ Довуд ва унинг наслига То абад содиқ севгисини кўрсатади.