Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:22

[1] Ҳақиқатан ҳам, Исроил халқига, Юраги пок бўлганларга Худо ҳиммат қилар.

[2] Оёқларим тойиб кетай, деди, Сал бўлмаса сирпаниб йиқилай, дедим.

[3] Фосиқнинг яшнаётганини кўрганимда, Такаббурларга ҳасад қилдим.

[4] Улар оғриқ нималигини билмайдилар, Таналари соппа–соғ, бақувват.

[5] Бошқалардай улар дард тортмайдилар, Бошқалардай улар азоб чекмайдилар.

[6] Киборлик уларнинг бўйнидаги маржон бўлади, Зўравонликни улар либос қилиб кийиб олган.

[7] Уларнинг кўзларини ёғ босиб қолган, Хаёлларида аҳмоқона ниятлар тўлиб–тошган.

[8] Такаббурлар масхаралаб, хусумат билан гапиради, Мағрурланиб, зулм билан таҳдид қилади.

[9] Фосиқлар оғизлари билан осмонга даъво қилади, Тиллари билан ер юзини мулк қилиб олади.

[10] Шу боис ҳар ким уларга юз буради, Уларнинг сўзларини сув каби ичади.

[11] Яна улар шундай дейдилар: “Худо қандай қилиб била олади?! Худойи Таоло нимани ҳам биларди?!”

[12] Фосиқлар ана шунақа! Доимо беташвиш бойлик орттиради.

[13] Ҳа, мен бекорга юрагимни пок тутган эканман–да! Айбсизман, дея бекорга қўлларимни ювибман–да!

[14] Ахир, кун бўйи азоб тортаман, Ҳар куни эрталаб жазо оламан.

[15] Мен ҳам фосиқ гапларни гапираверганимда, Сенинг содиқ фарзандларингга хоинлик қилган бўлар эдим.

[16] Аммо буларни тушунай, десам, Бу иш жуда ҳам машаққатли туюлди.

[17] Худонинг муқаддас масканига кирдим, Шундагина фосиқлар қисмати не бўлишини тушундим.

[18] Эй Худо, чиндан ҳам уларни сирпанчиқ ерга қўйгансан, Уларни жарликка улоқтириб, барбод қиласан.

[19] Улар бирдан қирилиб кетади, Ваҳимадан қирилиб, йўқ бўлади.

[20] Уларнинг ҳаёти фақат тушдир, Уйғонганларида унут бўлади. Сен ҳам қўзғалганингда, эй Раббий, Уларнинг ҳаётига чек қўясан.

[21] Ғамга тўлган пайтларимда, Юрагимда дард пайдо бўлганда,

[22] Мен нодон, жоҳил бўлган эканман, Қаршингда онгсиз ҳайвон каби бўлган эканман.

[23] Шундай бўлса ҳам, доимо Сен биланман, Сен ўнг қўлимдан ушлагансан.

[24] Ўгитларинг билан менга йўл кўрсатасан, Охири мени шон–шуҳрат ила кутиб оласан.

[25] Сендан бошқа кимим бор самода?! Сендан ўзгасини истамасман ер юзида.

[26] Адо бўлиши мумкин танаму юрагим, Аммо Сен, эй Худо, қалбимнинг қувватисан, Сен то абад барқарорлигимсан.

[27] Сендан узоқ бўлганлар ҳалок бўлади, Қириб ташлайсан Сенга содиқ бўлмаганларни.

[28] Эй Худо, Сенга яқин бўлганим эса менга яхшидир. Эй Эгам Раббий, Сени паноҳим қилиб олдим, Сенинг ҳамма ишларингни айтиб юраман.

Забур — Chapters