Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 2:59

[1] Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси. Қўшиқ.

[2] Эй Қуддусдаги Худо, Сен лойиқсан ҳамду санога, Сенга берган онтимизни бажо қиламиз.

[3] Сенсан ибодатларга жавоб бергувчи, Жамики одамзод Сенга келади.

[4] Гуноҳ устимиздан тантана қилган, Сен эса кечирасан гуноҳларимизни.

[5] Қутлуғ ҳовлимда яшасин дея, Сен Ўзинг танлаб, олиб келган инсон Нақадар бахтлидир! Уйингнинг, муқаддас Маъбадингнинг Неъматларидан биз баҳраманд бўламиз.

[6] Ғаройиб ишлар кўрсатиб, Ғалаба ила бизга жавоб берасан, Эй нажоткоримиз Худо! Ернинг тўрт томонининг, Ҳамда энг узоқ денгизларнинг умиди Сенсан.

[7] Куч билан Ўзингни қуроллантиргансан, Қудратинг ила тоғларни жойлаштиргансан.

[8] Денгизлар ҳайқириғини бостирасан, Тўлқинлар шовқинини тинчитасан. Халқлар шовқин–суронига барҳам берасан.

[9] Дунёнинг у четида яшовчилар Мўъжизаларингдан қўрқувга тушади. Шарқдан ғарбгача халқлар Сенинг ишларингни севинч ила куйлайди.

[10] Заминни Сен суғориб парваришлайсан, Мўл–кўл қилиб уни бойитасан. Эй Худо, дарёларинг суви лиммо–лимдир, Инсонларни дон–дун билан таъминлашни мўлжаллагансан.

[11] Эгатларини қондириб суғорасан, Баланд жойларини Ўзинг текислайсан, Ёмғир билан тупроғини юмшатасан, Ҳосилига барака берасан.

[12] Мўл ҳосил билан йилга тож кийгизасан, Араваларинг юрган йўллардан бойлик оқади.

[13] Чўл серсув ўтлоқзорларга айланади, Тепаликлар севинчга бурканади.

[14] Яйловлар қўй сурувлари билан қопланади, Водийлар донларга тўлади, Улар севинчдан ҳайқириб қўшиқ айтади.

Забур — Chapters