[1] Ижрочилар раҳбарига. Кўрах наслининг саноси.
[2] Эшитинглар, эй халқлар, Қулоқ солинг, олам аҳли,
[3] Эй инсонлар, жамики одамзод, Бойлару фақирлар, қулоқ солингиз!
[4] Оғзимдан тўкилади доно сўзлар, Қалбимнинг мулоҳазалари ҳам идроклидир.
[5] Қулоғимни ҳикматга бураман, Маъносини лира билан англатаман.
[6] Нега қўрқишим керак қаро кунларда?! Нега қўрқишим керак таъқиб қилувчилар Қабиҳ ишлари билан мени ўраб олганларида?!
[7] Улар мол–мулкига ишонадилар, Беҳисоб бойликлари ила мақтанадилар.
[8] Ахир, ҳеч ким ҳаётини пул тўлаб қутқара олмас, Ёки унинг учун Худога тўлов беролмас.
[9] Инсон ҳаёти учун тўлов ғоят қимматдир, Ҳеч қандай тўлов етарли бўлмас.
[10] Йўқса инсон то абад яшарди, Қабр юзини асло кўрмасди.
[11] Донони қаранг, улар ҳам ўлади, Аҳмоқ, бемаъни бирдай ҳалок бўлади, Уларнинг бойлиги бошқаларга қолади.
[12] Юртларга ўзларининг номини берганда ҳам, Мозор то абад уйи бўлиб қолади, Маскани наслдан наслга ўтаверади.
[13] Бойлигига қарамай инсон то абад қолмас, Ўладиган жонзотга ўхшайди улар.
[14] Ўзларига ишонганларнинг қисмати шудир, Уларнинг сўзини маъқуллаганларнинг тақдири шудир:
[15] Улар қўйлар каби ўликлар диёрига ҳайдаладилар, Ўлим уларнинг чўпони бўлади, Тонгда тўғри инсонлар уларнинг устидан ҳукмрон бўлади, Таналари чириб кетади, Ўликлар диёри уларнинг қасри бўлади.
[16] Ўликлар диёри ҳукмидан Худо мени қутқаради, Шубҳасиз, У мени Ўз ёнига олади.
[17] Биронтаси бойиб кетганда, Уйининг ҳашамати ошиб кетганда, Ваҳимага тушма!
[18] Оламдан ўтганда, у ўзи билан ҳеч нарса олиб кетмайди, Бойлиги ҳам унинг ортидан қабрга эргашиб бормайди.
[19] Ҳаётлигида ўзини бахтиёр ҳисоблайди, Ошиб–тошиб яшагани учун Кўплар унга ҳамду сано айтади.
[20] У ҳам ота–боболари ёнига кетади, Улар каби ёруғликни бошқа кўрмайди.
[21] Бойлиги бўла туриб ақлсиз бўлганлар Ўладиган жонзотга ўхшайдилар.