Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 6:55

[1] Фосиқларга ғайирлик қилмагин, Бадкирдорларга ҳасад қилмагин.

[2] Улар майсадай тезда қуриб қолади, Ям–яшил ўтдай тезда сўлиб қолади.

[3] Эгамизга умид боғлаб, яхшилик қилгин, Шу юртда яшаб, ҳаловат топгин.

[4] Эгамизни ўзингнинг шодлигинг деб бил, Кўнглингдаги орзуларингга У етказади.

[5] Йўлларингни топширгин Эгамизга, Ишон Унга, У мадад беради.

[6] Солиҳлигингни У тонг каби порлатади, Ҳақлигингни кундузги қуёш каби қилади.

[7] Сабрли бўл, мунтазир бўл Эгамизга, Ғайирлик қилмагин йўлларини топганларга, Фосиқ ниятларин амалга оширганларга.

[8] Ғазабдан ўзингни тий, қаҳрдан қайтгин, Ич–этингни ема, бу фақатгина зарарга олиб боради.

[9] Ёвузлар йўқ қилиб ташланади, Эгамиздан умидворлар юртга эгалик қилади.

[10] Тез орада фосиқларнинг куни битади, Сен ҳар қанча қидирмагин, Уларни бу ердан топа олмайсан.

[11] Беозорлар эса юртга эгалик қилади, Мўл бахт–саодатдан баҳраманд бўлади.

[12] Фосиқ солиҳларга қарши фитна қилади, Уларга қарши тишларини ғижирлатади.

[13] Раббий фосиқларни масхара қилади, Уларнинг куни битаётир, буни Раббий билади.

[14] Фосиқ қиличини суғуриб, камонини тортади, Бечора, мазлумни йиқитишга шайланади, Солиҳларни ўлдирмоқ истайди.

[15] Аммо қиличлари ўзларининг бошини ейди, Камонлари ҳам парча–парча бўлиб кетади.

[16] Солиҳнинг қўлидаги оз нарса афзал, Жамики фосиқнинг бойлигидан кўра.

[17] Фосиқнинг кучи қирқилиб кетади, Солиҳни эса Эгамиз қўллаб–қувватлайди.

[18] Айбсизларнинг эҳтиёжи Эгамиз эътиборида, Уларнинг мулки то абад давом этади.

[19] Қаро кунларда ҳам улар завол топмайди, Қаҳатчилик кунларда ҳам фаровон яшайди.

[20] Фосиқлар эса албатта ҳалок бўлади, Эгамиз ғанимлари қирдаги гуллардай қурийди, Улар тутун каби тарқалиб, йўқ бўлиб кетади.

[21] Фосиқ қарз олади–ю, қайтариб бермайди, Солиҳ эса ҳиммат ила инъом қилади.

[22] Эгамиз барака берган инсонлар юртни эгаллайди, Эгамиз лаънатлаган одамлар эса йўқ бўлиб кетади.

[23] Эгамиз инсоннинг йўлидан мамнун бўлса, Унинг қадамларини собит қилади.

[24] Ҳатто қоқилса ҳам йиқилиб тушмайди, Эгамиз мадад бериб, қўлидан ушлайди.

[25] Мен ҳам ёш эдим, энди кексайдим, Солиҳларнинг тарк этилганини, Уларнинг зурриёти нон тилаганини кўрмадим.

[26] Улар доим ҳиммат ила қарз беради, Фарзандлари ҳам барака топади.

[27] Фосиқликни ташла, яхшилик қилгин, Токи юртда то абад маскан қилгин.

[28] Зотан, Эгамиз яхши кўради адолатни, Тарк этмайди тақводорларни, Уларни то абад ҳимоя қилади, Фосиқлар наслини қириб ташлайди.

[29] Солиҳ юртга эгалик қилади, Бу юртда то абад истиқомат қилади.

[30] Солиҳнинг оғзи доноликдан сўзлайди, Унинг тили адолатни сўйлайди.

[31] Юрагида Худосининг қонуни жой олган, Шунинг учун қадамида адашмайди.

[32] Фосиқ солиҳни доим кузатади, Уни ўлдирмоқни мўлжаллаб юради.

[33] Эгамиз солиҳни фосиқнинг ихтиёрига топширмайди, Ҳукмга олиб келинганда, солиҳ маҳкум бўлмайди.

[34] Эгамиздан умид қил, Унинг йўлларини тутгин, У сени юксалтиради, бу юртни эгаллайсан, Фосиқнинг қирилиб кетишини сен кўрасан.

[35] Кўрганман фосиқ, золим одамнинг Ўз юртида ям–яшил дарахтдай унганини.

[36] Кўп ўтмай у ўтиб кетди, йўқ бўлди, Қанча қидирсам ҳам, топа олмадим.

[37] Айбсизга эътибор бер, софдилни кузат, Тинчликпарварнинг истиқболи ёрқин.

[38] Гуноҳкорларнинг ҳаммаси қирилиб битади, Фосиқнинг келажаги барҳам топади.

[39] Солиҳ киши Эгамиз туфайли нажот топгайдир, Кулфат чоғи Эгамиз солиҳнинг қалъасидир.

[40] Эгамиздан паноҳ топгани учун Солиҳга Эгамиз мадад беради, уни қутқаради, Фосиқдан омон сақлайди, унга нажот беради.

Забур — Chapters