[1] Эй Худо, бегона халқлар Танлаган юртингни босиб олди, Улар муқаддас Маъбадингни булғади, Қуддусни вайронага айлантирди.
[2] Биз Сенинг қулларингмиз. Улар қулларингнинг жасадларини Қушларга емиш қилиб бердилар. Тақводор халқингнинг этини Заминдаги ёввойи ҳайвонларга бердилар.
[3] Қуддус атрофларида улар қонимизни сувдай тўкди, Жасадларни дафн қилишга бирон зот қолдирмади.
[4] Қўшниларимиз олдида масхара бўлдик, Атрофимиздагиларга кулги, ўйинчоқ бўлдик.
[5] Эй Эгам, қачонгача биздан ғазабланасан? То абадми? Қачонгача рашкинг алангадай ёнади?
[6] Сени тан олмайдиган халқлар узра, Сенга сажда қилмайдиган шоҳликлар узра Ғазабингни сочгин.
[7] Улар халқинг Исроилни еб битирди, Юртини ташландиқ саҳрога айлантирди.
[8] Бизга оталаримиз гуноҳларини эслатма, Бизга тезда шафқатингни кўрсат, Ахир, биз оёқ ости бўлиб кетдик–ку!
[9] Ўз шуҳратинг ҳақи, бизга мадад бер, Эй нажоткоримиз Худо! Ўз номинг ҳақи, бизни қутқар, Гуноҳларимизни кечир.
[10] Нима учун бегона халқлар: “Қаерда экан–а уларнинг Худоси”, дея айтмоғи керак?! Халқлардан ўч олганингни биз кўрайлик, Ахир, улар бизнинг қонимизни тўккан.
[11] Маҳбусларнинг фиғонини эшитгин, Буюк қудратингни намойиш қилиб, Ўлимга маҳкум бўлганларни қутқаргин.
[12] Эй Раббий, қўшни халқлар Сени ҳақоратлагани учун Уларга етти баравар қайтаргин.
[13] Биз Сенинг халқинг, яйловдаги сурувингмиз, Сенга то абад шукур айтармиз, Наслдан наслга Сени такрор мадҳ қилармиз.