[1] Бахтлидир йўллари пок бўлганлар, Эй Эгам, Сенинг қонунинг бўйича юрадиганлар.
[2] Бахтлидир Сенинг шартларингга риоя қиладиганлар, Бутун қалби билан Сенга интиладиганлар.
[3] Улар асло ноҳақ иш қилмайдилар, Сенинг йўлларингдан юрадилар.
[4] Ўзинг бизга амр бериб, Буйруқларимга диққат ила итоат этинг, дегансан.
[5] Қанийди фармонларингни адо этишда барқарор бўлсам!
[6] Мен шарманда бўлиб қолмай, дея Ҳамма амрларингга диққат қиламан.
[7] Сенинг одил қоидаларингни ўрганганимда, Тоза қалб ила ҳамду сано айтаман Сенга.
[8] Сенинг қонунларингни бажараман, Мени ҳеч қачон тарк этмагин.
[9] Йигит қандай қилиб йўлларини пок сақлайди? Каломинг бўйича яшаб, шунга эришади.
[10] Бутун қалбим билан Сенга интиламан, Амрларингдан оғишимга йўл қўймагин.
[11] Сўзларингни юрагимда асрайман, Токи Сенга қарши гуноҳ қилмайин.
[12] Эй Эгам, Сенга олқишлар бўлсин, Фармонларингни ўргатгин менга.
[13] Оғзингдан чиққан барча қоидаларни Ўз оғзим билан эълон қиламан.
[14] Шартларингга эргашиб, лаззат топаман, Гўё катта бойлик топиб хурсанд бўламан.
[15] Буйруқларинг ҳақида чуқур фикр юритаман, Сенинг йўлларингга диққат қиламан.
[16] Фармонларингдан лаззат оламан, Каломингни мен унутмасман.
[17] Мен, Ўз қулингга яхшилик қилгин, Токи яшаб, каломингга итоат этайин.
[18] Кўзларимни оч, токи кўрайин Қонунингдаги ажойиботларни.
[19] Ер юзида мусофирдай яшайман, Амрларингни мендан яширма.
[20] Жоним куймоқда ҳасрат билан, Қоидаларингни ўрганишни доим истайман.
[21] Лаънатланган такаббурларга, Амрларингдан оғиб кетганларга Сен танбеҳ берасан.
[22] Ҳақорат, хўрликни мендан узоқлаштир, Ахир, шартларингни доим бажарганман.
[23] Ҳатто шаҳзодалар тўпланиб, менга бўҳтон қилсалар ҳам Мен фармонларинг ҳақида чуқур фикр юритаман.
[24] Сенинг шартларинг менга лаззат бағишлайди, Шартларинг мен учун маслаҳатчидирлар.
[25] Жоним чиқай деб турибди, Ваъдангга кўра, ҳаётимни сақлагин.
[26] Ҳаётим ҳақида Сенга айтиб бердим, Сен жавоб бердинг. Энди фармонларингни менга ўргатгин.
[27] Менга буйруқларингни тушунтир, Токи мўъжизаларинг ҳақида чуқур фикр юритай.
[28] Жоним адо бўлди ғам–ғуссадан, Қувват бергин менга ваъдангга биноан.
[29] Сохта йўллардан мени сақлагин, Илтифот ила қонунингни менга ўргатгин.
[30] Мен садоқат йўлини танлаганман, Қоидаларингни юрагимга жо қилганман.
[31] Эй Эгам, шартларингни маҳкам ушлаганман, Энди шарманда бўлишимга йўл қўймагин.
[32] Жоним билан амрларингни бажараман, Зотан, менга кўп заковат ато қиласан.
[33] Эй Эгам, менга фармонларингни ўргат, Токи мен уларни охиригача бажарайин.
[34] Заковат бер менга, токи қонунингга риоя қилай, Чин қалбимдан қонунингни бажарай.
[35] Амрларинг сўқмоғидан мени етаклагин, Мен ундан лаззат топаман.
[36] Юрагимни ноҳақ фойда томон эмас, Ўз шартларинг томон бургин.
[37] Кўзларимни бефойда нарсалардан қайтаргин, Ваъдангга биноан ҳаётимни сақлагин.
[38] Мен, Ўз қулингга берган ваъдангда тургин, Бу ваъданг Сендан қўрқадиганлар учундир.
[39] Шармандаликдан қўрқаман, мендан узоқ қил, Зотан, қоидаларинг эзгудир.
[40] Буйруқларингга нақадар талпинаман, Адолатинг билан ҳаётимни сақлагин.
[41] Содиқ севгингни, эй Эгам, менга кўрсат, Ваъдангга кўра, менга нажот бер.
[42] Шунда мени ҳақорат қилганларга жавоб бераман, Сенинг каломингга умид қиламан.
[43] Оғзимдан ҳақиқат каломини тамом тортиб олма, Сенинг қоидаларингга умид боғлаганман.
[44] Қонунингга доимо риоя қиламан, Абадулабад уни бажараман.
[45] Мен озод бўлиб юравераман, Буйруқларингни излаб топганман.
[46] Шоҳлар олдида шартларингдан сўйлайман, Шарманда бўлмасман.
[47] Амрларингдан лаззат топаман, Мен амрларингни севаман.
[48] Амрларингга иззату севги кўрсатаман, Фармонларинг ҳақида чуқур фикр юритаман.
[49] Эсла мен, қулингга берган ваъдангни, Сен ваъда бериб, умидвор қилгансан мени.
[50] Кулфатда қолганимда шу менга тасалли беради, Сенинг ваъданг менинг ҳаётимни сақлайди.
[51] Такаббур мени тамом масхара қилади, Шунда ҳам қонунингдан юз ўгирмасман.
[52] Азалий қоидаларингни, эй Эгам, эслайман, Бу қоидаларингдан мен тасалли топаман.
[53] Фосиқ қонунингдан юз ўгирган, Шу боис мен қаттиқ ғазабланаман.
[54] Қаерда бошпана қилган бўлмайин, Фармонларингни қўшиқ қилиб куйлайман.
[55] Эй Эгам, тунда ҳам Сени эслайман, Сенинг қонунларингга риоя этаман.
[56] Бу менга одат бўлган эди, Буйруқларингга риоя қилдим.
[57] Эй Эгам, Сен менинг хавфсизлигим манбаисан, Каломингга итоат этаман, деб ваъда бераман.
[58] Жамолингни изладим чин қалбимдан, Меҳрибон бўл менга ваъдангга биноан.
[59] Йўлларимга диққат қилдим, Шартларинг бўйича қадам босаман.
[60] Мен шошиламан, кечикмасман Амрларингга итоат этмоқ учун.
[61] Фосиқлар мени арқонлар билан боғлайди, Шунда ҳам Сенинг қонунингни унутмайман.
[62] Ярим тунда уйғониб, одил қоидаларинг учун Сенга ҳамду сано айтаман.
[63] Сендан қўрққанларга мен дўстман, Буйруқларингга риоя қилганларга шерикман.
[64] Эй Эгам, содиқ севгингдан замин тўлгандир, Фармонларингни менга ўргат.
[65] Эй Эгам, Ўзинг берган ваъдангга мувофиқ Мен, Ўз қулингга яхшилик қилдинг.
[66] Менга донолик, зукколик бергин, Сенинг амрларингга ишондим.
[67] Жазо олмасимдан олдин адашар эдим, Энди Сенинг сўзингга итоат этаман.
[68] Нақадар яхшисан, эзгулик қиласан, Фармонларингни менга ўргатгин.
[69] Такаббур ёлғон сўйлаб, мени қорага чаплар, Мен эса чин қалбдан буйруқларингга итоат этаман.
[70] Уларнинг қалбини ёғ боғлаган, Мен эса қонунингдан лаззат оламан.
[71] Тортган жазоим менга сабоқ бўлди, Шу орқали фармонларингни ўргандим.
[72] Минглаб олтину кумушдан кўра, Яхшидир мен учун оғзингдан чиққан қонун.
[73] Қўлларинг мени яратган, барпо қилган, Амрларингни ўрганишга менга идрок бергин.
[74] Сендан қўрққанлар мени кўриб, севинсинлар, Зотан, Сенинг каломингга умид қилганман.
[75] Эй Эгам, ҳукмларинг адолатлилигини биламан, Менга жазо берганингда, Сен ҳақ эдинг.
[76] Мен, Ўз қулингга берган ваъдангга кўра, Содиқ севгинг менга тасалли бўлсин.
[77] Менга шафқат қилгин, токи яшайин, Ахир, Сенинг қонунинг мен учун лаззат.
[78] Ёлғон гапириб, менга зарар қилгани учун Такаббурлар шарманда бўлсин. Мен эса буйруқларинг ҳақида фикр юритаман.
[79] Мен томон келсин Сендан қўрққанлар, Сенинг шартларингни биладиганлар.
[80] Фармонларингни битта қолмай бажарай, Токи мен шарманда бўлиб қолмай.
[81] Нажотингни кутиб, жоним адо бўлмоқда, Сенинг каломингдан умид қилмоқдаман.
[82] Ваъдаларингни кутиб, кўзимнинг нури сўнади, “Қачон менга тасалли берасан?” дея сўрайман.
[83] Тутунда қорайиб, бужмайган мешдай бўлсам ҳам, Сенинг фармонларингни мен унутмаганман.
[84] Қачонгача мен, қулинг, кутишим керак? Мени таъқиб қилувчиларни қачон ҳукм қиласан?
[85] Такаббурлар менга чуқур қазирлар, Сенинг қонунингга улар қарши чиқарлар.
[86] Ҳамма амрларинг умидбахшдир. Мени сабабсиз таъқиб этарлар, ёрдам бер!
[87] Улар мени ер юзидан йўқ қилай, деди, Аммо буйруқларингни мен тарк этмадим.
[88] Содиқ севгинг ҳақи сақла ҳаётимни, Токи оғзингдан чиққан шартларга риоя қилай.
[89] Каломинг, эй Эгам, то абаддир, У самоларда мустаҳкам туради.
[90] Сенинг садоқатинг насллар оша давом этади, Ерни барқарор қилгансан, у то абад тураверади.
[91] Қоидаларинг туфайли Еру осмон бугун ҳам мустаҳкамдир, Бутун олам қўлинг остидадир.
[92] Агар қонунинг мен учун лаззат бўлмасайди, Тортган ғаму кулфатларимдан тамом бўлардим.
[93] Мен буйруқларингни ҳеч қачон унутмайман, Булар орқали Сен ҳаётимни сақлагансан.
[94] Мен Сеникидирман, мени қутқаргин, Зотан, мен буйруқларингни бажаришга интилганман.
[95] Фосиқлар мени ўлдиришга пайт пойлайди, Мен эса шартларинг ҳақида чуқур фикр юритаман.
[96] Жамики комилликнинг чекланганини кўрдим, Сенинг амрларинг эса чегарасиздир.
[97] О, нақадар севаман қонунингни! Кун бўйи хаёлимда тутаман уни.
[98] Амрларинг мени ғанимларимдан кўпроқ доно қилди, Амрларинг доимо мен билан бирга.
[99] Барча устозларимдан ҳам зийракроқ бўлдим, Сенинг шартларинг устида фикр юритаман.
[100] Ёши улуғлардан ҳам донороқ бўлдим, Чунки Сенинг буйруқларингга итоат этаман.
[101] Ҳар қандай ёмон йўлдан қадамимни тийдим, Токи Сенинг каломингга итоат этай дедим.
[102] Қоидаларингдан мен қайтмадим, Менга Ўзинг таълим бергансан.
[103] Сўзларинг мен учун нақадар мазалидир, Асалдан ҳам ширин туюлар оғзимга.
[104] Буйруқларинг туфайли мен доно бўламан, Ҳар қандай ёлғон йўлдан нафратланаман.
[105] Сенинг каломинг қадамларим учун чироқдир, Йўлимга нур сочадиган ёруғликдир.
[106] Адолатли қоидаларингни бажараман, деб Онт ичдим ва бу онтимга вафо қиламан.
[107] Эй Эгам, мен кўп жафо чекдим, Ваъдангга кўра, ҳаётимни сақла.
[108] Эй Эгам, мақтов назрларимни қабул этгин, Менга қоидаларингни ўргатгин.
[109] Ҳаётим ҳар он хавфда бўлса ҳам, Сенинг қонунингни мен унутмайман.
[110] Фосиқлар менга тузоқ қўйдилар, Шунда ҳам буйруқларингдан оғиб кетмадим.
[111] Сенинг шартларинг то абад менинг мулкимдир, Шартларинг қалбимнинг қувончидир.
[112] Фармонларингни то абад ижро этмоққа Юрагимни мойил қилдим.
[113] Иккиюзламачилардан мен нафратланаман, Сенинг қонунингни севаман.
[114] Сен менинг паноҳимсан, қалқонимсан, Сенинг каломингга умид боғлайман.
[115] “Эй бадкирдорлар, йўқолинг кўз олдимдан, Мен Худойимнинг амрларини бажарай”, деб айтаман.
[116] Ваъдангга кўра, менга таянч бўл, токи яшайин, Умидим пучга чиқмасин, шарманда бўлмайин.
[117] Суянчиқ бўл менга, токи нажот топайин, Фармонларингга доим диққат билан боқайин.
[118] Фармонларингдан тойганларни рад этдинг, Уларнинг ҳийлаю найранглари беҳудадир.
[119] Ер юзидаги жамики фосиқларни Ахлатдай улоқтириб ташлайсан, Шу боис мен шартларингни севаман.
[120] Сендан қўрққанимдан вужудим титрайди, Ҳукмларингдан мени ваҳима босади.
[121] Адолатли, тўғри ишлар қилганман, Мени золимлар қўлида қолдирма.
[122] Мен, қулингнинг бахтига кафолат бергин, Такаббурлар мени эзишларига йўл қўймагин.
[123] Нажотингни кутавериб, кўзим тўрт бўлди, Ваъда қилган нажотинг армонида кўзим нури тўкилди.
[124] Мен, Ўз қулингга содиқ севгингни кўрсатгин, Фармонларингни менга ўргатгин.
[125] Сенинг қулингман, менга идрок бергин, Токи мен шартларингни билиб олайин.
[126] Эй Эгам, вақти келди, Ўз ишингни қил, Сенинг қонунинг бузилди.
[127] Чиндан ҳам Сенинг амрларингни Олтиндан, энг соф олтиндан ҳам кўпроқ севаман.
[128] Сенинг буйруқларингга кўра, қадам босаман, Ҳар қандай ёлғон йўлдан нафратланаман.
[129] Сенинг шартларинг ажойибдир, Шу боис уларга итоат этаман.
[130] Каломингнинг таълимоти зиё сочади, Соддаларга ақл–идрок беради.
[131] Оғзим очилиб, оғир нафас оламан, Чунки Сенинг амрларингга жуда интиламан.
[132] Мен томон юз бур, менга шафқат қилгин, Ахир, Сени севганларга доим шафқат кўрсатасан.
[133] Сўзингга кўра, қадамимни Ўзинг бошқаргин, Ҳеч қачон устимдан гуноҳ ҳукмрон бўлмасин.
[134] Инсон зулмидан мени қутқаргин, Токи Сенинг буйруқларингга итоат этайин.
[135] Жамолинг менга нурларини сочсин, Фармонларингни менга ўргатгин.
[136] Кўзларимдан ёшлар дарё бўлиб қуйилар, Ахир, одамлар қонунингга риоя қилмаяпти.
[137] Сен одилсан, эй Эгам, Ҳукмларинг адолатлидир.
[138] Адолат ила шартларингни буюргансан, Тамомила ишончлидир шартларинг.
[139] Ғазабим мени адо қилмоқда, Душманларим каломингни рад этмоқда.
[140] Ваъдаларинг нақадар софдир! Мен ваъдаларингни нақадар севаман!
[141] Мен кераксизман, хўрланганман, Буйруқларингни унутмайман.
[142] Сенинг адолатинг мангудир, Сенинг қонунинг ҳақиқатдир.
[143] Бошимга кулфату азоб келди, Амрларинг менга завқ берар.
[144] Шартларинг то абад адолатлидир, Идрок бергин менга, токи яшайин.
[145] Эй Эгам, чин кўнгилдан ёлвораман, жавоб бер, Фармонларингга риоя қиламан.
[146] Сенга фарёд қиламан, мени қутқаргин, Токи шартларингга мен риоя қилай.
[147] Кун чиқмасдан Сендан мадад сўраб фарёд қиламан, Сенинг каломингга мен умид боғлайман.
[148] Сенинг ваъдангни чуқур англай деб, Кўзларимга тун бўйи уйқу келмайди.
[149] Содиқ севгингга кўра, овозимни эшитгин, Эй Эгам, адолатинг билан ҳаётимни сақлагин.
[150] Қабиҳ режа тузадиганлар яқин келмоқда, Улар қонунингдан узоқда юради.
[151] Сен эса, эй Эгам, ёнимдасан, Ҳамма амрларинг ҳақиқатдир.
[152] Қонунингни Сен мангу барқарор қилгансан, Ёшлигимдан буни мен биламан.
[153] Азобларимга қарагин, мени қутқаргин, Ахир, мен Сенинг қонунингни унутмадим.
[154] Менинг даъвоимни исбот қил, мени қутқар, Ваъдангга кўра, ҳаётимни сақла.
[155] Фосиқдан нажот узоқдадир, Сенинг фармонларингни улар изламаслар.
[156] Эй Эгам, шафқатинг буюкдир, Адолатинг билан ҳаётимни сақла.
[157] Мени таъқиб қилувчи душманларим кўп, Мен шартларингдан юз ўгирмайман.
[158] Маккорларга нафрат ила қарайман, Улар Сенинг амрларингга риоя қилмайди.
[159] Қарагин, нақадар севаман буйруқларингни, Содиқ севгингга кўра, сақлагин ҳаётимни.
[160] Каломинг моҳияти ҳақиқатдир, Адолатли қоидаларинг то абад давом этади.
[161] Ҳукмдорлар мени сабабсиз таъқиб қилар, Юрагим каломингдан қўрқиб титраб турар.
[162] Худди улкан хазина топган одамдай, Сенинг сўзингдан шод бўламан.
[163] Ёлғондан нафратланиб, жирканаман, Сенинг қонунингни эса севаман.
[164] Сенинг адолатли қоидаларинг туфайли Етти марта кунига Сени мадҳ қиламан.
[165] Қонунингни севганлар буюк тинчликка эга бўлар, Ҳеч нарса уларга тўсиқ бўла олмайди.
[166] Эй Эгам, мен нажотингга умид қиламан, Мен Сенинг амрларингни бажараман.
[167] Шартларингга итоат этаман, Мен уларни ғоятда севаман.
[168] Буйруқ, шартларингга риоя қиламан, Ҳамма йўлларим Сенга маълумдир.
[169] Эй Эгам, оҳу нолам етсин Сенга, Каломингга кўра, менга идрок бергин.
[170] Илтижоим етиб борсин Сенга, Берган ваъдангга кўра, мени қутқаргин.
[171] Лабларимдан ҳамду сано тўлиб–тошсин, Менга ўргатасан фармонларингни.
[172] Тилим куйлайди Сенинг ваъдангни, Зотан, адолатлидир барча амрларинг.
[173] Менга ёрдамга тайёр тургин, Зотан, танлаганман мен буйруқларингни.
[174] Эй Эгам, нажотингга талпинаман, Сенинг қонунингдан лаззат топаман.
[175] Умр бер менга, ҳамду сано айтайин Сенга, Қоидаларинг ёрдам берсин менга.
[176] Адашган қўйдай йўлдан озганман, Излаб топ мени, Ўз қулингни. Зотан, мен амрларингни унутмаганман.