[1] Довуд саноси. Қўшиқ.
[2] Эй Худо, юрагим Сенга содиқ, Жоним борича Сени куйлаб, қўшиқ айтаман.
[3] Уйғон, эй арфа, лира! Тонгни ҳам мен уйғотаман!
[4] Эй Эгам, халқлар орасида Сенга шукрона айтаман, Эллар орасида Сенга ҳамду сано куйлайман.
[5] Содиқ севгинг самолардан ҳам юксакдир, Садоқатинг булутлардан ҳам баланддир.
[6] Эй Худо, фалакдан ҳам юқорида юксалавер! Шуҳратинг бутун замин узра ёйилсин.
[7] Ўнг қўлинг ила ғалаба ато қилгин, Илтижоимга жавоб бергин, Суюкли бандаларинг нажот топсин.
[8] Эй Худо, Ўз муқаддас маконингдан ваъда бергансан: “Шодланиб Шакамни бўлиб ташлайман, Сухот водийсини тақсимлаб бераман.
[9] Гилад Меникидир, Манаше Меникидир, Эфрайим дубулғамдир, Яҳудо салтанат ҳассамдир.
[10] Мўаб Менинг қўлювгичимдир, Эдом узра чориғимни отаман, Филистлар узра зафар ила ҳайқираман.”
[11] Эй Худо, қанийди мустаҳкам шаҳарга мени олиб борсалар, Эдомга мени бошлаб борсалар.
[12] Ахир, бизни Ўзинг рад этдинг–ку! Энди лашкаримизга йўлбошчилик қилмаяпсан–ку!
[13] Душмандан қутқариб, бизга ёрдам бер, Инсоннинг ёрдами бутунлай беҳуда.
[14] Эй Худо, Сен билан биз ғолиб бўламиз, Душманларимизни Сен янчиб ташлайсан.