Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:18

[1] Ижрочилар раҳбарига. Най жўрлигида айтиладиган Довуд саноси.

[2] Сўзларимга қулоқ тут, эй Эгам! Диққат қилгин нолаларимга.

[3] Эшитгин, мадад сўраб илтижо этаман, Сен ҳам Шоҳимсан, ҳам Худойимсан! Шу боис Сенга ибодат қиламан.

[4] Эй Эгам! Тонг чоғи овозимни эшитасан, Субҳидамда Сенга ёлвораман, Сендан жавоб кутаман.

[5] Қабиҳликдан мамнун бўлмайдиган Худосан Сен, Сенга меҳмон бўлолмас гуноҳкор инсон.

[6] Такаббурлар ҳузурингда тура олмайдилар, Ҳамма бадкирдорларни Сен ёмон кўрасан.

[7] Ёлғон гапирадиганларни Сен қириб ташлайсан, Эй Эгам, қонхўр, ёлғончилардан Сен жирканасан.

[8] Мен эса содиқ севгингнинг мўллиги сабаб Сенинг уйингга кираман. Муқаддас Маъбадингда таъзим қиламан, Қўрқув ила Сенга сажда қиламан.

[9] Нақадар душманларим кўп, эй Эгам, Одиллигинг билан мени сўқмоғингдан етакла, Ўз йўлларингни менга равшан қил.

[10] Душманларим оғзидан ҳақиқат чиқмайди, Уларнинг юраклари балою офатдир. Очиқ қабр кабидир оғизлари, Тиллари хушомад қилади.

[11] Эй Худо, уларни жазолагин! Ёмон ниятлари ўзларининг бошига етсин. Улар Сенга қарши исён қилганлар. Гуноҳлари кўплиги учун уларни ҳайдаб юборгин.

[12] Сенда паноҳ топганларнинг ҳаммаси севинсин, То абад шодликдан улар куйласин. Уларни Сен ҳимоя қилганинг учун, Сени севганлар севинч ила жўшсин.

[13] Эй Эгам! Сен солиҳ кишиларга барака берасан, Сенинг ҳимматинг уларни қалқондай ҳимоя қилади.

Забур — Chapters