[1] Эгамизга шукрона айтинг, У яхшидир, Унинг содиқ севгиси абадийдир.
[2] Исроил халқи шундай десин: “Унинг содиқ севгиси абадийдир.”
[3] Ҳорун авлоди шундай айтсин: “Унинг содиқ севгиси абадийдир.”
[4] Эгамиздан қўрққанлар шундай айтсин: “Унинг содиқ севгиси абадийдир.”
[5] Кулфатда қолганимда Эгамга илтижо қилдим, Жавоб бериб, У мени озод қилди.
[6] Эгам мен билан бирга, шу боис қўрқмайман. Инсонлар менга нима қила олади?!
[7] Эгам мен билан бирга, У менга мадад беради, Кўзларим душманларим мағлубиятини кўради.
[8] Инсондан умид қилгандан кўра, Эгамиздан паноҳ излаш яхшидир.
[9] Шаҳзодалардан умид қилгандан кўра, Эгамиздан паноҳ излаш яхшидир.
[10] Душман халқлар ўраб олган атрофимни, Эгамнинг қудрати билан уларни улоқтирдим.
[11] Ҳар тарафдан ўраб, менга ҳужум қилганди, Эгамнинг қудрати билан уларни улоқтирдим.
[12] Атрофимни арилардай ўраб олдилар, Тикан алангасидай лов этдилар–да, ўчдилар, Эгамнинг қудрати билан уларни улоқтирдим.
[13] Мени қаттиқ туртганларида, йиқилаёздим, Эгам менга мадад берди.
[14] Эгам менинг куч–қудратимдир, У менинг қутқарувчимдир.
[15] Солиҳларнинг чодирларида Шодлик, зафар қўшиқлари жаранглайди: “Эгамизнинг ўнг қўли мағлуб қилади.
[16] Эгамизнинг ўнг қўли баланд кўтарилади, Ҳа, Эгамизнинг ўнг қўли мағлуб қилади.”
[17] Мен ўлмайман. Ҳа, мен яшайман, Эгамнинг ишларини нақл қиламан.
[18] Эгам мени қаттиқ жазолади, Лекин ўлишимга йўл қўймади.
[19] Адолат дарвозаларини менга очинглар, Токи мен дарвозадан кириб, Эгамга шукроналар айтайин.
[20] Бу Эгамизнинг дарвозасидир, Солиҳлар шу дарвозадан кирсин.
[21] Эй Эгам, ибодатимга жавоб берганинг учун, Менинг нажоткорим бўлганинг учун Сенга шукрона айтаман.
[22] Бинокорлар рад этган тош Бинонинг тамал тоши бўлди.
[23] Бу Эгамизнинг қилган ишидир, Кўз олдимиздаги ажойиботдир.
[24] Эгамиз яратган кундир бу, Бу кунда шод бўлиб, севинайлик.
[25] Нажот бер бизга, ёлворамиз, эй Эгам! Муваффақият бер, ўтинамиз, эй Эгам!
[26] Эгамиз номидан келадиган зот барака топсин, Эгамиз уйидан туриб, сени дуо қиламиз.
[27] Эгамиз Худодир, У бизга нур берган. Байрам нишонлашни бошланг! Пальма шохларини олиб, қурбонгоҳ олдига боринг.
[28] Сен Худойимсан, Сенга шукур айтаман, Сен Худойимсан, Сени улуғлайман.
[29] Эгамизга шукрона айтинг, У яхшидир, Унинг содиқ севгиси абадийдир.