[1] Осиф саноси. Қўшиқ.
[2] Эй Худо, сукут сақламагин, Жимжит бўлма, эй Худо, жим турмагин.
[3] Душманларинг шовқин–сурон солмоқда, Ғанимларинг исён қилмоқда.
[4] Айёрлик билан улар халқингга фитна қилади, Сен ардоқлаганларга қарши қасд қилади.
[5] Улар айтар: “Қани, ўша халқнинг илдизини қуритайлик, То абад унутилсин Исроилнинг номи.”
[6] Эдомликлар ва Исмоил авлодлари, Мўабликлар ва Ҳожар насллари, Габол, Оммон ва Омолек халқлари, Тир халқи билан Филистия Тил бириктириб, фитна қилади, Сенга қарши иттифоқ тузади.
[9] Лут насли билан иттифоқ тузиб, Оссурия ҳам уларга қўшилган эди.
[10] Мидиёнларни жазолаганингдай уларни жазола, Хишон дарёсида Сисаро, Ёбинни қирганингдай жазола.
[11] Улар Эн–Дўрда ҳалок бўлгандилар, Ерга ташланган гўнгдай бўлгандилар.
[12] Орив ва Заёвдай қилиб, уларнинг йўлбошчиларини ўлдир, Барча шаҳзодаларини Зевах ва Залмунодай қилгин.
[13] Ахир, улар: “Худонинг ўтлоқларини Ўзимизники қилиб олайлик”, дедилар.
[14] Эй Худойим, уларни хазондай совургин, Шамолдаги сомондай уларни учиргин.
[15] Ўрмонни аланга ёндиргандай, Уларни бўронларинг ила таъқиб қил. Тепаликларни олов билан куйдиргандай Уларни довулларинг ила даҳшатга сол.
[17] Юзларини шармандаликдан қизартир, Токи улар, эй Эгам, Сенга интилсин.
[18] Улар доим шарманда бўлиб, қўрқувга тушсин, Бадном бўлиб, йўқ бўлиб кетсин.
[19] Улар билсин Эгамиз Сен эканингни, Ер юзида буюк ҳукмдор ёлғиз Сен эканингни.