Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 8:16

[1] Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! Эгамизга шукрона айтинг, У яхшидир! Унинг содиқ севгиси абадийдир.

[2] Эгамизнинг қудратли ишларини ким батафсил айта олади?! Ким Унга мукаммал ҳамду сано айта олади?!

[3] Бахтлидир адолат ила иш тутганлар, Ҳар доим тўғри иш қилганлар.

[4] Эй Эгам, халқингга мурувват кўрсатганингда мени эслагин, Уларга нажот берганингда, менга ҳам ёрдам бергин,

[5] Токи танлаган халқингнинг иқболини кўрайин, Халқингнинг шодлигини кўриб, мен ҳам қувонайин, Улар билан бирга фахрланиб юрайин.

[6] Эй Исроил халқи, ота–боболаримиз каби, биз гуноҳ қилдик, Эгри йўлдан юрдик, ёмонлик қилдик.

[7] Ота–боболаримиз Мисрда бўлганларида, Эгамизнинг ажойиб ишларига эътибор қилмадилар, Унинг мўл содиқ севгисини эсламадилар, Қизил денгизда исён қилдилар.

[8] Қудратли кучини билдириш учун, Ўз номи ҳақи, Эгамиз уларни қутқарди.

[9] У Қизил денгизга дўқ урди, денгиз қуриди. Қуп–қуруқ ердан етаклагандай, Исроил халқини денгиз тубидан ўтказди.

[10] Эгамиз уларни ёв қўлидан қутқарди, Ғаним қўлидан уларни озод қилди.

[11] Сувлар қайтиб, ғанимларни босиб қолди, Душманларнинг биронтаси қутула олмади.

[12] Шунда Исроил халқи Эгамизнинг сўзига ишонди, Унга ҳамду санолар куйлади.

[13] Улар тез орада Эгамизнинг ишларини унутди, Эгамиздан бемаслаҳат иш қилдилар.

[14] Саҳрода улар нафси бузуқлик қилди, Дашту биёбонда улар Худони синади.

[15] Эгамиз уларга сўраганини берди–ю, Уларга ҳалокатли хасталикни ҳам юборди.

[16] Қароргоҳдаги халқ Мусога, Эгамизга бағишланган Ҳорунга ҳасад қилди.

[17] Ер ёрилиб, Датанни ютиб юборди, Абурам билан шерикларини ямлаб юборди.

[18] Шериклари устига олов тушди, Ўша фосиқларни аланга ёндирди.

[19] Синай тоғида улар бузоқ ясадилар, Ўша олтин бутга сажда қилдилар.

[20] Улар Худонинг улуғворлигини Ўт ейдиган буқа тасвирига алишдилар.

[21] Мисрда буюк ишлар қилган Нажоткори Худони унутдилар.

[22] Хом юртида Эгамиз ажойиботлар кўрсатганди, Қизил денгизда қўрқинчли ишлар қилганди. Ана шуларни Исроил халқи унутди.

[23] Шу боис Эгамиз, уларни қираман, деди. Аммо Мусо, Эгамизнинг танлагани ўртага тушиб, Эгамиздан илтижо қилиб, Уни қаҳру ғазабидан қайтарди.

[24] Сўнгра улар мафтункор юртни хор қилдилар, Эгамизнинг ваъдасига ишонмадилар.

[25] Ўз чодирларида минғирлаб нолидилар, Эгамизга итоат этмадилар.

[26] Эгамиз қўлини кўтариб, онт ичди: “Сизларни саҳрода яксон қиламан.

[27] Наслингизни халқлар орасига тарқатаман, Бошқа юртларга уларни сочиб юбораман.”

[28] Сўнгра бизнинг ота–боболаримиз Пиёр тоғидаги Баалга сажда қилишга қўшилдилар, Ўликларга келтирилган қурбонликдан едилар.

[29] Улар қилмишлари билан Эгамизни ғазаблантирдилар, Улар ўлатга гирифтор бўлдилар.

[30] Финхаз қўзғалиб, аралашди, Шунда ўлат ҳам тўхтади.

[31] Шу боис Финхаз солиҳлик тимсоли бўлди, Бу насллардан наслларга то абад давом этади.

[32] Марива сувлари бўйида улар Эгамизнинг қаҳрини келтирдилар, Уларнинг дастидан Мусонинг бошига қайғулар келди.

[33] Улар Мусонинг ғазабини қўзғатди, Мусо ҳам ўйламай гапирди.

[34] Эгамиз, халқларни қиринглар, деб амр берганди, Улар Эгамизнинг амрини бажармади.

[35] Бегона халқлар билан улар аралашиб, Уларнинг одатларини ўргандилар.

[36] Улар бегона халқларнинг бутларига сажда қилдилар, Ўша бутлар Эгамизнинг халқига тузоқ бўлди.

[37] Улар ўзларининг ўғил–қизларини Жинларга қурбон қилдилар.

[38] Ҳа, ўзларининг ўғил–қизларини Канъон бутларига қурбон қилиб, Бегуноҳ қон тўкдилар. Уларнинг қони юртни ҳаром қилди.

[39] Ишлари билан ўзларини булғадилар, Қилмишлари билан Эгамизга бевафолик қилдилар.

[40] Шунда Эгамиз Ўз халқидан ғазабланди, Улардан жирканди.

[41] Уларни ёт халқларнинг қўлига берди, Ғанимлари улар устидан ҳукмрон бўлди.

[42] Душманлари уларни сиқувга олди, Куч билан уларни бўйин эгдирди.

[43] Кўп марта Эгамиз уларни қутқарди, Улар эса атайлаб исён қилган эди, Гуноҳлари туфайли паст кетдилар.

[44] Шунда ҳам Эгамиз Ўз халқининг нолаларини эшитиб, Уларнинг кулфатларига эътибор берди.

[45] Улар ҳақи Ўз аҳдини ёдида тутди, Мўл содиқ севгиси билан уларга шафқат кўрсатди.

[46] Уларни асир олганларни Шафқатли бўлишга ундади.

[47] Эй Эгамиз Худо, бизларни қутқар, Халқлар орасидан бизни тўплаб ол, Ўзинг муқаддассан, Сенга шукур айтайлик, Мадҳга лойиқ ишларинг билан фахрланайлик.

[48] Исроил халқининг Худоси — Эгамизга То абад олқишлар бўлсин, Жамики халқлар: “Омин”, деб айтсин. Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

Забур — Chapters