[1] Эгамга, суянган қоямга олқишлар бўлсин, У қўлларимни урушга, бармоқларимни жангга ўргатган.
[2] Эгам доим менга содиқдир, У менинг қалъам, қўрғоним, халоскоримдир. Ҳа, Эгам менинг қалқоним, Унда мен паноҳ топаман, Халқларни У менга бўйсундиради.
[3] Эй Эгам, инсон зоти кимдирки, унга эътибор берсанг?! Бандалар кимдирки, улар ҳақда ўйласанг?!
[4] Инсон умри оғиздан чиққан нафасга ўхшар, Одамзоднинг ҳаёти ўткинчи сояга ўхшар.
[5] Эй Эгам, кўкларни ёриб, пастга тушгин, Тоғларга теккин, улардан тутун чиқсин.
[6] Чақмоқ чақтир, ёвларни тирқиратгин, Ўқларингни от, уларни саросимага солгин.
[7] Юқоридан узат қўлингни, мени қутқаргин, Азим сувлардан мени чиқариб олгин, Бегоналар қўлидан мени қутқаргин.
[8] Уларнинг сўзлари беҳуда, Қўлини кўтариб, улар ёлғон қасам ичади.
[9] Эй Худо, Сенга янги қўшиқ куйлайман, Ўн торли арфа чалиб Сени тараннум этаман.
[10] Шоҳларга Сен зафар ато этасан, Қулинг Довудни шафқатсиз қиличдан қутқарасан.
[11] Келгиндиларнинг қўлидан Мени халос қил, қутқаргин. Уларнинг сўзлари беҳуда, Қўлини кўтариб, улар ёлғон қасам ичади.
[12] Ўғилларимиз ёшлигида яхши ўсган кўчатга ўхшасин, Қизларимиз саройнинг ўймакор устунларига ўхшасин.
[13] Омборларимиз ноз–неъматларга тўлиб–тошсин, Қўйларимиз минглаб, ўн минглаб яйловларда кўпайсин.
[14] Ҳўкизимиз оғир юкларни тортсин, Деворларимиз дарз кетмасин, Одамларимиз сургун бўлмасин, Кўчаларимизда оҳ–воҳ, ғаму кулфат бўлмасин.
[15] Нақадар бахтлидир бундай инсонлар! Бахтлидир Худони Эгамиз деб билган халқ!