Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 7:32

[1] Ижрочилар раҳбарига. “Қизлар” куйига айтиладиган Довуд саноси.

[2] Бутун юрагимдан, эй Эгам, Сенга шукур айтаман, Барча ажойиб ишларингни сўйлайман.

[3] Сен туфайли шодланиб, қувонаман. Қўшиқ айтиб, Сени мадҳ этаман, Эй Худойи Таоло!

[4] Душманларим чекиниб қочганларида, Қоқилиб, нобуд бўлди Сенинг ҳузурингда.

[5] Сен адолат ила ҳукм қилиб тахтга ўтирдинг, Мени ҳукм этиб, юзимни ёруғ қилдинг.

[6] Халқларни Сен ваҳимага солдинг, Қабиҳларни қириб ташладинг. Уларнинг номини бир умрга ўчирдинг.

[7] Вайроналар ичра душманимиз то абад ғойиб бўлди, Уларнинг шаҳрини Сен вайрон этдинг, Уларнинг хотираси тамоман ўчди.

[8] Эгамиз эса то абад Ўз тахтида ўтиради, У тахтини ҳукм қилиш учун қургандир.

[9] У оламни адолат билан бошқаради, Халқларни одилона ҳукм қилади.

[10] Мазлум учун Эгамиз қалъадай бўлади, Ҳа, қайғули дамларда У паноҳ бўлади.

[11] Эй Эгам, Сени танийдиганлар Ўзингга умид боғлайди. Сенга юз бурганларни тарк этмайсан.

[12] Ҳамду сано куйланг Қуддусда тахт қурган Эгамизга! Унинг ишларини эълон қилинг халқлар орасида!

[13] Қасоскор Эгамиз мазлумларни ёдида тутади, Жафокашлар фарёдини У унутмайди.

[14] Раҳм қил менга, эй Эгам, қара! Мендан нафратланган ғанимларим азоб бермоқда! Ўлим оғзидан мени қайтарадиган Сенсан!

[15] Шу боис гўзал Қуддус дарвозалари олдида Сенга ҳамду сано айтайин, Менга нажот берган Сенсан, Шу боис ҳам қувонайин.

[16] Халқлар ўзлари қазиган чуқурга ўзлари йиқилди, Яширган тўрларига оёқларидан илинди.

[17] Эгамиз адолатли ҳукми ила Ўзининг кимлигини кўрсатди. Қабиҳлар ўзлари қўйган тузоққа илинди.

[18] Қабиҳлар ва Худони унутган жамики халқлар Ўликлар диёрига тушар.

[19] Муҳтожни Худо бир умрга унутмас, Бечораҳолнинг умидини то абад йўққа чиқармас.

[20] Қани, эй Эгам! Инсон зоти ғолиб чиқмасин, Халқлар ҳузурингда ҳукм қилинсин.

[21] Уларни қўрқувга сол, эй Эгам! Халқлар инсон зоти эканлигини билсин.

[22] Нечун, эй Эгам, узоқда турибсан? Қайғули дамларда Ўзингни яширасан?

[23] Такаббур қабиҳлар бечорани таъқиб қилади, Тўқиган иғволари ўзларининг бошига етсин.

[24] Қабиҳлар ёвуз эҳтирослари билан мақтанади, Очкўзлар Эгамизни лаънатлайди, Ундан нафратланади.

[25] Худога интилмайди ўзига бино қўйган қабиҳлар, “Худо йўқдир”, деб доим ўйлайди улар.

[26] Қабиҳларнинг доим иши юришади, Худонинг амрларини улар тушунмайди, Душманларини писанд қилмайди.

[27] Улар ўз кўнглида ўйлайдилар: “Биз ҳеч қачон қоқилмаймиз, Ҳеч қачон кулфатларга дуч келмаймиз.”

[28] Қабиҳларнинг оғзидан лаънат, ҳийла, пўписа чиқади, Сўзлари билан улар одамларни яралаб, барбод қилади.

[29] Улар қишлоқларда яшириниб олади, Бегуноҳ инсонни пойлаб ўлдиради. Кўзлари ожиз қурбонни қидиради.

[30] Шерга ўхшаб панада кутиб туради, Бечорани ушлайман деб, писиб ётади, Заифни ўз сиртмоғига илинтириб, ушлаб олади.

[31] Қабиҳлар ўз кучи билан заифни йиқитади, Уни ётқизиб, эзиб ташлайди.

[32] Улар ўз кўнгилларида: “Худо қилмишларимизни унутган, У кўзларини юмиб олган, ҳеч нарсани кўрмайди”, деб ўйлайди.

[33] Қани, эй Эгам! Ургин қабиҳларни, Эй Худо! Унутмагин мазлумларни!

[34] Нечун қабиҳлар Сендан нафратланади? Нечун ўз кўнглида улар: “Худо Мендан ҳисоб сўрамайди”, деб айтади?

[35] Сен эса кўриб турасан, Билиб турасан кулфату азобда қолганларни. Қўлларингни уларга узатасан, Ожиз ўзини Сенинг паноҳингга топширади, Сен етимга доим ёрдам бергансан.

[36] Қабиҳлару ёвузларнинг қўлини қирққин, Қилмишлари учун улардан ҳисоб сўра, Токи улар бошқа ёвузлик қилмасин.

[37] Эгамиз Шоҳдир то абад, Ўзга халқлар йўқ бўлади Унинг юртидан.

[38] Эй Эгам, мазлумларнинг истакларига қулоқ соласан, Уларнинг юракларига далда берасан. Етиму мазлумнинг додини Сен эшитиб,

[39] Ер юзида банда уларни ваҳимага солмасин дея, Уларга Сен адолат қиласан.

Забур — Chapters