[1] Ижрочилар раҳбарига. “Нилуфар” куйига айтиладиган Довуд саноси.
[2] Эй Худо, мени Ўзинг қутқар, Сувлар бўғзимга қадар кўмди.
[3] Ботқоққа чўкиб бораётирман, Оёғимни қўйгани қаттиқ ер йўқ. Чуқур сувларга ботиб кетдим, Энди тўлқинлар мени ютмоқда.
[4] Мадад сўраб, силлам қуриди, Томоқларим қақраб кетди, Эй Худойим, Сени кутиб, кўз нурим сўнди.
[5] Сабабсиз мендан нафратланганлар Бошимдаги сочимдан ҳам кўпдир. Кўпчилик сабабсиз менга душмандир, Улар жонимга қасд қилмоқчилар. Мен ўғирламаган нарсаларни улар, Қайтиб бер, деб мени мажбур қилмоқдалар.
[6] Эй Худо, ақлсизлигимни Ўзинг биласан, Айбларим Сендан асло яширин эмас.
[7] Эй Сарвари Олам — Раббий, Сендан умид қилганлар Мен туфайли уятга қолмасинлар. Эй Исроил халқининг Худоси, Сенга юз бурганлар Мен туфайли шарманда бўлмасинлар.
[8] Сени деб ҳақоратга чидадим, Хижолатдан юзим шувут.
[9] Ака–укаларимга гўё бегонадайман, Туғишганларим орасида мусофирдайман.
[10] Сенинг уйингга бўлган севгим ичимни ёндирар, Сени ҳақоратлаганлар мени ҳақорат қилган бўлар.
[11] Фарёд қилиб, рўза тутганимда, Мен масхара бўлдим.
[12] Кулфатда қолиб, қанор кийганимда, Улар устимдан кулдилар.
[13] Шаҳар дарвозаси олдида ўтирганлар Мени ғийбат қиларлар, Маст–аластлар мен тўғримда қўшиқ айтарлар.
[14] Мен эса, эй Эгам, Сенга ибодат қиламан. Маъқул вақтда, содиқ севгинг соясида, эй Худо, Ишончли нажотинг билан жавоб бер менга.
[15] Мени қутқаргин, ботқоққа ботиб кетмай, Мендан нафратланганлардан халос бўлай, Мени чуқур сувлардан сақлагин.
[16] Тўфон мени ғарқ қилмасин, Тубсиз сувлар мени ютмасин, Қабр менга оғзин очмасин.
[17] Жавоб бер ибодатимга, эй Эгам, Нақадар эзгудир содиқ севгинг, Буюк шафқатинг ила менга юз бургин.
[18] Мен, қулингни жамолингдан бебаҳра қилма, Кулфатда қолганман, жавоб бер тезда.
[19] Яқинроқ кел, қутқаргин мени, Душманларимдан халос қил мени.
[20] Ҳақоратга дучор бўлганим, Шармандаю шармисор бўлганим Ўзингга равшан. Ҳамма душманларимни биласан.
[21] Ҳақоратлар қалбимни яралаб, Тушкунликка туширди. Бир ҳамдард изладим, ҳеч ким йўқ эди, Тасалли берувчи изладим–у, топмадим.
[22] Овқатимга улар заҳар солдилар, Чанқаганимда менга узум сиркаси бердилар.
[23] Дастурхонлари ўзларига тузоқ бўлсин, Ҳамтовоқлари учун қопқон бўлсин.
[24] Кўз нурлари сўнсин, кўрмай қолсин, Беллари то абад букчайиб қолсин.
[25] Улар устига ғазабингни сочгин, Қаҳринг аланга олиб, уларни ютиб юборсин.
[26] Уларнинг макони ташландиқ бўлиб қолсин, Чодирларида тирик бир жон қолмасин.
[27] Сен урган инсонларни улар таъқиб қилади, Сен берган яра азобларини улар ғийбат қилади.
[28] Гуноҳлари устига гуноҳ қўшгин, Уларни Сен оқламагин.
[29] Номлари ҳаёт китобидан ўчирилсин, Солиҳлар билан ёнма–ён ёзилмасин.
[30] Мен азобда, кулфатда қолганман, Эй Худо, нажотинг мени ҳимоя қилсин.
[31] Номини куйлаб, Худони мадҳ қиламан, Шукур айтиб, Уни мақтайман.
[32] Қурбонлик қилинган бузоқдан, ҳатто буқадан кўра, Ҳамдларим Эгамни кўпроқ мамнун қилади.
[33] Мазлумлар буни кўриб, севинсин, Худога интилаётганлар дадил бўлсин.
[34] Эгамиз муҳтожларни эшитади, Асир бўлган халқидан нафратланмайди.
[35] Еру осмон Эгамизни мадҳ айласин, Денгизлару улардаги жонзотлар Уни улуғласин.
[36] Худо Қуддусга нажот беради, Яҳудо шаҳарларини қайта тиклайди, Халқ ўрнашиб, у ерни мулк қилади.
[37] Худо қулларининг авлоди у ерни эгаллайди, Худони севганлар у ерни маскан қилади.