[1] Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси.
[2] Ёмонлардан мени қутқар, эй Эгам, Зўравонлардан ҳимоя қил мени.
[3] Улар юракларида қабиҳликни қасд қилади, Доимо уруш–жанжалларни қўзғайди.
[4] Улар тилларини илондай ўткир қилади, Тилларидан илон заҳри томади.
[5] Эй Эгам, мени қабиҳларнинг қўлидан қутқар, Йиқитмоқчи бўлган зўравонлардан мени ҳимоя қил.
[6] Такаббурлар мен учун тузоқ қўйганлар, Улар тўрларининг ипларини ёйганлар, Йўлим бўйлаб менга қопқон қўйганлар.
[7] Эй Эгам, Сенга айтаман: “Сен Менинг Худойимсан.” Қулоқ сол, эй Эгам, Сенга илтижо қиламан.
[8] Эй Эгам Раббий, қудратли нажоткорим! Жанг кунида бошимни омон сақладинг.
[9] Эй Эгам, фосиқнинг истагини бажо қилмагин, Уларнинг қабиҳ режаларига омад бермагин, Улар мағрурланиб кетмасин.
[10] Атрофимни ўраб олганларнинг таҳдидлари, Ўзларининг бошига келсин.
[11] Ёнаётган кўмир чўғи ўзларига ёғилсин, Улар оловга, ифлос чуқурларга улоқтирилсин–у, Асло қайтиб чиқмасин.
[12] Туҳматчиларга юртда асло жой бўлмасин, кўкармасин, Фалокат золимнинг изидан тушиб, уни йўқ қилсин.
[13] Биламан, эй Эгам, мазлумни ҳимоя қиласан, Бечораҳолни адолат ила қўллаб–қувватлайсан.
[14] Солиҳлар албатта Сенга шукрона айтади, Тўғри инсонлар ҳузурингда истиқомат қилади.