Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 2:05

[1] Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси.

[2] Кулфатда қолганингда, Эгамиз сенга жавоб берсин, Бобомиз Ёқубнинг Худоси сени тинч–омон сақласин.

[3] Муқаддас масканидан У сенга мадад юборсин, Қуддусдан У сенга таянч бўлсин.

[4] У сенинг ҳамма назрларингни ёдда тутсин, Куйдирилган қурбонликларингни қабул этсин.

[5] Кўнглинг истаганини Эгамиз сенга инъом қилсин, Ҳамма режаларингни рўёбга чиқарсин.

[6] Шунда биз зафарингни севинч ила куйлаймиз, Худойимиз номи билан байроқлар ўрнатамиз, Ҳамма илтижоларингни Эгамиз рўёбга чиқарсин.

[7] Биламан, Эгамиз Ўзи танлаган шоҳга нажот беради, Эгамиз муқаддас самосидан унга жавоб беради, Эгамиз ўнг қўли билан унга буюк ғалаба ато қилади.

[8] Баъзилар жанг араваларига ишонади, Баъзилар отлари билан мақтанади, Биз эса Эгамиз Худога ишонамиз.

[9] Улар ҳолсизланиб йиқиладилар, Биз эса кучайиб қад ростлаймиз.

[10] Эй Эгам, шоҳимизга ато қилгин ғалаба, Илтижо қилганимизда, жавоб бергин бизга.

Забур — Chapters