[1] Эшитгин, эй Эгам, ибодатларимни, Сен содиқсан, илтижоимга қулоқ сол, Сен одилсан, жавоб бер.
[2] Мен, Ўз қулингни ҳукм қилмагин, Ахир, Сенинг назарингда ҳеч ким солиҳ эмас.
[3] Душманлар мени таъқиб қилган, Менинг танамни тупроққа қорган, Азалда оламдан ўтганлар каби, Мени зулматда яшашга мажбур қилар.
[4] Шу боис руҳим сўлган, Юрагим қўрқувдан увушиб қолган.
[5] Мен олдинги кунларни эслайман, Сенинг ҳамма ишларинг ҳақида ўйлайман, Қўлларинг ижодини хаёлимга келтираман.
[6] Қўлларимни Сенга ибодат учун очаман, Қақраган ер каби жоним Сенга ташна.
[7] Эй Эгам, менга тез жавоб бер, Руҳим тушкунликда, Мендан юз ўгирмагин, Токи қабрга кирганлардай бўлиб қолмайин.
[8] Саҳарда содиқ севгингни менга билдиргин, Умидимни Сенга боғлайман. Юрадиган йўлимни Ўзинг кўрсатгин, Юрагимни Сенга очаман.
[9] Эй Эгам, мени ғанимларимдан қутқар, Паноҳ истаб Сенга қочиб борганман.
[10] Сенинг хоҳишингни бажармоққа мени ўргат, Сен Худойимсан, Сенинг эзгу Руҳинг Мени текис сўқмоқдан етаклаб борсин.
[11] Эй Эгам, Ўз номинг ҳақи мени сақлагин, Адолатинг билан мени кулфатдан қутқаргин.
[12] Содиқ севгинг ҳақи қиргин ғанимларимни, Йўқ қилиб ташлагин ҳамма душманларимни, Ахир, мен Сенинг қулингман–ку.