[1] Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси.
[2] Эй Худо, овозимни эшитгин илтижо қилганимда, Ҳаётимни душман ваҳимасидан қутқаргин.
[3] Фосиқнинг фитнасидан мени яширгин, Бадкирдорлар тўдасидан ҳимоя қилгин.
[4] Улар тилларини шамширдай қайрайди, Нишонга олиб, заҳарли сўзларини ўқдай отади.
[5] Айбсиз одамни пистирмадан туриб отади, Ҳеч қўрқмай, бирданига унга ўқ узади.
[6] Бир–бирининг қабиҳ режаларин қўллаб–қувватлайди, Яширинча тузоқ қўйишга тил бириктиради, “Буни ким ҳам кўрарди”, деб ўйлайди.
[7] Улар адолатсизликни қасд қилади: “Ажойиб режа туздик, Ниятимизни ҳеч ким билмайди”, деб айтади.
[8] Худо эса фосиқларга ўқ узади, Тўсатдан улар яраланади.
[9] Уларнинг тили ўзларининг бошини ейди, Уларни кўрганлар қалтираб кетади.
[10] Жамики одамзод қўрқиб қолади, Худонинг ишларини улар эълон қилади, Худонинг қилганлари ҳақида ўйлаб кўради.
[11] Солиҳлар Эгамиз туфайли севинсин! Солиҳлар Унда паноҳ топсин, Ҳамма покдил инсонлар Уни мадҳ этсин.