[1] Эй Эгам, эслагин Довудни, У тортган барча азоб–уқубатларни!
[2] Эй Эгам, у Сенга қасам ичганди. Эй Ёқубнинг қудратли Худоси, У Сенга ваъда берганди:
[3] “Мен асло уйимга кирмайман, Ёки ўрнимга ётмайман.
[4] Кўзларимга уйқу бермайман, Қовоқларим юмилишига йўл қўймайман.
[5] Эгамиз учун бир жой топмагунимча, Ёқубнинг қудратли Худоси учун Бир маскан бўлмагунча асло дам олмайман.”
[6] Аҳд сандиғи Эфратда, деб эшитгандик, Биз уни Йўр далаларида топиб олдик.
[7] “Эгамизнинг масканига борайлик, Унинг пойига сажда қилайлик”, дедик.
[8] Қани, кел, эй Эгам, оромгоҳингга Қудратинг рамзи бўлган Сандиқ билан бирга.
[9] Руҳонийларинг солиҳликни кийсинлар, Тақводорларинг шодликдан куйласинлар!
[10] Ўз қулинг Довуднинг ҳақи–ҳурмати, Танлаган шоҳингни рад қилмагин.
[11] Эй Эгам, Сен Довудга онт ичган эдинг, Сен шу онтингдан асло қайтмай дейсан: “Ўзингдан бино бўлган ўғилларингдан Бирини сенинг тахтингга ўтқазаман.
[12] Агар ўғилларинг Менинг аҳдимга риоя қилса, Уларга ўргатган амрларимга итоат этса, Уларнинг ўғиллари ҳам Шоҳ бўлиб, то абад сенинг тахтингда ўтиради.”
[13] Эй Эгам, Сен Қуддусни танлагансан, У ерни Ўзингга маскан қилишни истагансан.
[14] Сен шундай дединг: “Мен то абад яшайдиган жой шу жойдир, Бу ерда истиқомат қилишни истаганман.
[15] Унинг озуқаларига мўл қилиб барака бераман, У ердаги фақирларни тўйдираман.
[16] Руҳонийларни нажотга буркайман, Тақводорлари шодликдан куйлайдилар!
[17] Довуднинг наслини бу ерда кўкартираман, Ўзим танлаган шоҳнинг чироғини ўчирмайман.
[18] Унинг ғанимларини шармандаликка ўрайман, Шоҳнинг бошидаги тожи эса порлаб тураверади.”