[1] Қулоқ солинг, эй халқим, ўгитларимга, Қулоқ тутинг оғзимдан чиққан сўзларга.
[2] Оғзимни очаман масалга, Ўтмишнинг сирли сабоқларин ўргатаман сизга.
[3] Буларни айтган эди ота–боболаримиз, Улардан эшитганмиз, биламиз.
[4] Эгамизнинг ҳамдга лойиқ ишларини, Унинг қудратини, У қилган ажойиботларни Биз яширмай айтамиз ота–боболаримиз наслига, Ҳикоя қиламиз болаларимизга.
[5] Ёқуб наслига У фармон берди, Исроилга қонун тайинлади. Ота–боболаримизга амр бериб: “Болаларингизга ўргатинг”, деди.
[6] Токи келажак насллар буларни билсин, Билсин ҳатто туғилмаган болалар, Ўз навбатида болаларига айтсин улар.
[7] Болалари ҳам умидини боғласин Худога, Худонинг ишларини унутиб қўймай, Риоя этсин Унинг амрларига.
[8] Токи улар ота–боболарига ўхшаб, Ўжар, исёнкор насл бўлмасин. Юрагида Худога садоқати бўлмаган, Руҳан беқарор насл бўлмасин.
[9] Ўқ–ёй билан қуролланган Эфрайим жангчилари Жанг кунида ортига қайтди.
[10] Улар Худонинг аҳдига риоя қилмадилар, Унинг қонунлари бўйича юришни рад этдилар.
[11] Улар унутдилар Худонинг қилган ишларини, Худонинг уларга кўрсатган мўъжизаларини.
[12] Миср диёридаги Зўван текислигида, Уларнинг ота–боболари кўз ўнгида Худо мўъжизалар кўрсатганди.
[13] Денгизни ёриб, ўртасидан уларни ўтказди, Сувларни девор каби тик қилиб қўйди.
[14] Кундузи уларни булут орқали етаклади, Тун бўйи аланга ёруғи орқали етаклади.
[15] У саҳродаги қояларни парчалади, Денгиз сувидай мўл сувни уларга берди.
[16] Қоядан ирмоқларни чиқарди, Сувларни дарёлардай оқизди.
[17] Улар саҳрода Худойи Таолога қарши исён кўтариб, Унга қарши гуноҳ қилавердилар.
[18] Улар атайлаб Худони синадилар, Кўнгли тусаган овқатни талаб қилдилар.
[19] Улар Худога қарши сўзлаб, дедилар: “Саҳрода Худо бизга дастурхон ёза олармиди?!
[20] Мана, У қояга урганда, Сув дарё–дарё бўлиб оқди, Ирмоқлар тўлиб–тошди. Энди У Ўз халқига нон бера олармикан? Халқини гўшт билан таъминлай олармикан?”
[21] Эгамиз уларнинг гапини эшитиб, Қаттиқ ғазабга минди. Ёқуб наслига қарши ғазаб алангасини пуркади, Ҳа, Исроил наслига қарши қаҳрини сочди.
[22] Улар Худога ишонмадилар, Унинг нажотига таянмадилар.
[23] Худо самолардан туриб амр берди, Осмон қопқаларини очиб юборди.
[24] Улар есин деб, манна ёғдирди, Осмоннинг донини уларга берди.
[25] Одамзод фаришталар нонидан еди, Худо уларга мўл–кўл таом юборди.
[26] У самолардан шарқ шамолини эстирди, Қудрати билан жануб шамолига йўл кўрсатди.
[27] У чангдай мўл қилиб, халқига гўшт ёғдирди, Ҳа, денгиздаги қумдай мўл қилиб қушлар ёғдирди.
[28] Буларни уларнинг қароргоҳига ёғдирди, Уларнинг чодирлари атрофига туширди.
[29] Улар тўйгунларича едилар, Худо уларга кўнгиллари тусаганини берди.
[30] Бироқ ҳали кўнгли тусаганига тўймаган, Луқмалари ҳали уларнинг оғизларида экан,
[31] Худо ғазабини уларга сочди, Уларнинг кучлиларини ўлдирди, Исроилнинг гулдай йигитларини ер тишлатди.
[32] Шуларга қарамай, улар гуноҳ қилавердилар, Худонинг мўъжизаларига ишонмадилар.
[33] Худо уларнинг кунларини бир нафасдай битирди, Уларни ваҳимага солиб, умрларини барбод қилди.
[34] Баъзиларини Худо ўлдирди, Шундагина қолганлари Унга интилди, Тавба қилиб, яна Худога қайтди.
[35] Улар шундай деб эсладилар: “Ҳа, Худо суянган қоямиз, Бизнинг қутқарувчимиз Худойи Таоло.”
[36] Аммо Худога хушомад қилардилар, Унга тиллари билан ёлғон сўзлашарди.
[37] Юракларида эса Худога содиқ эмас эдилар, Унинг аҳдига бевафолик қилдилар.
[38] Худо–чи, шафқат қилди, Кечирди уларнинг гуноҳларини, Қириб ташламади уларни. Кўпинча У ғазабини босди, Бутун ғазабини сочмади.
[39] Худо эслади: “Улар шунчаки бандалардир, Эсиб, бошқа қайтиб келмас шамолдир.”
[40] Саҳрода Худога қанчалар кўп исён қилдилар! Дашту биёбонда Уни хафа қилдилар.
[41] Худони улар такрор–такрор синадилар, Исроил халқининг Муқаддас Худосини ранжитдилар.
[42] Улар Худонинг қудратини, Уларни душмандан қутқарган кунни эсдан чиқардилар.
[43] Худо Мисрда кўрсатган мўъжизаларни, Ҳа, Зўван текислигида кўрсатган ажойиботларни унутдилар.
[44] Мисрдаги дарёларни Худо қонга айлантирди, Мисрликлар ирмоқлардан сув ичолмай қолди.
[45] Уларни еб битирсин дея, пашшалар галасини юборди, Юртни вайрон қилсин дея, қурбақалар юборди.
[46] Уларнинг ҳосилини Худо чигирткаларга ем қилди, Уларнинг меҳнати маҳсулини чигирткаларга берди.
[47] Узумзорларини дўл билан яксон қилди, Шикамора–анжир дарахтларини жалада нобуд этди.
[48] Уларнинг чорвасини дўлга дучор қилди, Уларнинг подасини яшин алангасига берди.
[49] Кулфат элчиларини юборгандай Худо уларга алангали ғазабини, қаҳрини, Нафратини ҳамда мусибатни сочди.
[50] У Мисрдан ғазабини қайтармади, Уларнинг жонларига шафқат қилмади, Уларни вабога дучор қилди.
[51] Мисрнинг ҳамма тўнғич ўғилларини нобуд қилди, Ҳа, Хом авлодининг фахри, Қут–барака тимсолини йўқ қилди.
[52] Ўз халқини эса Худо қўйдай етаклаб чиқди, Уларни саҳро бўйлаб сурувдай бошлаб борди.
[53] Эгамиз эсон–омон бошлаб борди, Улар қўрқмадилар, Уларнинг ғанимларини эса денгиз ютди.
[54] Эгамиз халқини Ўз муқаддас юртига, Ўз кучи билан қўлга киритган тоққа олиб келди.
[55] Ўз халқининг олдидан бошқа халқларни қувди, Уларнинг юртини мулк қилиб бўлиб берди, Исроил қабилаларини уларнинг чодирларида ўрнаштирди.
[56] Улар ҳамон Худойи Таолони синардилар, Унга қарши исён кўтариб, фармонларига бўйсунмадилар.
[57] Оталари каби бевафолик қилиб, хоинлик қилдилар, Яроқсиз камонга ўхшаб ишончсиз чиқдилар.
[58] Саждагоҳлари билан улар Худони ғазаблантирдилар, Бутлари билан Унинг рашкини қўзғатдилар.
[59] Буларни эшитганда Худо, ғазабга минди, Шундан сўнг Исроилни тамом рад этди.
[60] У Шилўдаги Ўз масканини, Инсонлар орасида тиккан Чодирини тарк этди.
[61] Душманга асир қилиб берди Аҳд сандиғини, Ўзининг қудратию шуҳрати рамзини.
[62] Ўз халқини У қиличга рўпара қилди, Ғазабини танлаган халқига сочди.
[63] Йигитларини аланга ямламай ютди, Қизлари никоҳ қўшиқларини айтолмай қолди.
[64] Руҳонийлари қилич тиғидан йиқилди, Руҳонийларнинг бевалари аза тутолмай қолди.
[65] Шунда Раббий қўзғалди уйқудан уйғонгандай, Шаробдан ҳайқираётган баҳодирдай.
[66] Душманларини У тирқиратиб қувди, Уларни абадий шармандаликка дучор қилди.
[67] Юсуф наслини Худо рад этди, Эфрайим қабиласини танламади.
[68] Унинг ўрнига Яҳудо қабиласини, Ўзи севган Сион тоғини танлади.
[69] Абадий ўрнатган ер курраси каби, Самолар каби, Ўз муқаддас масканини қурди.
[70] Худо Ўз қули Довудни танлаб олди, Қўй қўрасидан уни чақириб олди.
[71] У Довудни совлиқ қўй, қўзиларга чўпонликдан олди. Ўзининг халқи Исроилга, Ёқуб наслига чўпон қилиб тайинлади.
[72] Довуд уларга ҳалоллик билан чўпонлик қилди, Моҳирлик билан уларни етаклаб борди.