Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 2:30

[1] Ўзинг сақла мени, эй Худо! Мен Сенда паноҳ топаман.

[2] Эгамга айтдим: “Менинг Раббимсан, Сендан бошқа менинг буюк бахтим йўқ.”

[3] Нақадар улуғвордир юртдаги тақводорлар, Улардан мен ғоят завқ оламан.

[4] Сохта худоларга эргашганларнинг кулфати ортади. Уларнинг ичимлик назри қон экан, Мен уларнинг бу назрларига қўшилмайман, Сохта худоларнинг исмларини тилга олмайман.

[5] Эй Эгам! Барқарорлигим Сенсан, Муваффақиятим ҳам Ўзингдирсан, Келажагимни Сен таъминлайсан.

[6] Ҳосилдор ерни мерос олган инсонга ўхшайман. Ахир, Сен мени ажойиб мулкнинг соҳиби қилдинг!

[7] Эгамни олқишлайман, У менга йўл кўрсатади, Тунда ҳам қалбим менга ўгит беради.

[8] Мен доим Эгамга кўз тикаман, У ўнг томонимда бўлгани учун Мени ҳеч нарса қўзғата олмас.

[9] Шу боис, эй Эгам, юрагим қувончга тўла, Жоним ҳам қувонади. Танам хавф–хатарсиз яшайди.

[10] Мени ўликлар диёрида қолдирмайсан, Тақводорингни қабрда чиритмайсан.

[11] Менга ҳаёт сўқмоғини Ўзинг кўрсатасан, Ҳузурингда шодлик мени қамраб олади, Менга боқий ҳузур–ҳаловатни Сен берасан.

Забур — Chapters