Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 2:49

[1] Ижрочилар раҳбарига. Довуднинг Шоулдан қочиб юрган пайтда ғорда яшириниб қутулганидан кейин айтган қўшиғи. “Хароб этма” куйига айтилади.

[2] Эй Худо, раҳм қилгин менга, раҳм қил, Менинг жоним Сенда паноҳ топади. Ҳалокатли офатлар ўтиб кетгунча Мен қанотларинг соясида паноҳ топаман.

[3] Ёлвораман Худойи Таолога, Мен учун қасос олувчи Худога.

[4] Самодан нажот юбориб, У мени қутқаради, Мени топтайдиганларни шарманда қилади. Худо Ўз севгию садоқатини юборади.

[5] Мен одамхўр шерлар орасида ётгандайман. Уларнинг тишлари найзаю ўқ кабидир, Уларнинг тиллари кескир қиличдайдир.

[6] Эй Худо, фалакдан ҳам юқорида юксалавер! Шуҳратинг бутун замин узра ёйилсин.

[7] Душманларим оёқларимга тузоқ қўйган, Қайғу–кулфатдан руҳим чўккан. Улар сўқмоқларимда чуқур қазиди, Ўзлари қазиган чуқурга ўзлари қулади.

[8] Эй Худо, юрагим Сенга содиқ, Ҳа, юрагим Сенга содиқдир! Сени куйлаб, қўшиқ айтаман.

[9] Уйғонгин, эй жоним! Уйғон, эй арфа, лира! Тонгни ҳам мен уйғотаман!

[10] Эй Раббий, халқлар орасида Сенга шукрона айтаман, Эллар орасида Сенга ҳамду сано куйлайман.

[11] Содиқ севгинг самолардай юксакдир, Садоқатинг булутларга чўзилгандир.

[12] Эй Худо, фалакдан ҳам юқорида юксалавер! Шуҳратинг бутун замин узра ёйилсин.

Забур — Chapters