Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 8:02

[1] Омиз ўғли Ишаёнинг Яҳудо ҳамда Қуддусга оид башорати. Бу даврларда Яҳудода Уззиё, Йўтом, Охоз ва Ҳизқиё каби шоҳлар ҳукмронлик қиларди.

[2] Эшитинг, эй самолар, тингла, эй замин, Шудир Эгамизнинг каломи: “Бино қилдим болаларни, улғайтирдим уларни, Аммо улар исён қилдилар Менга.

[3] Ҳўкиз билади ўз эгасини, Ҳатто эшак билар ким уни боқишини, Аммо халқим Исроил билмайди, Улар тушунмайди Мен, ўз Эгасини.”

[4] Эҳ, гуноҳкор элат, айби муқаррар халқ, Эҳ, қабиҳ насллар! Номуссизларча иш қилар бу болалар, Эҳ, Эгамизни тарк этган улар, Исроил халқининг Муқаддас Худосига Шаккоклик қилган, Эгамизга орқа ўгирган улар!

[5] Эгам айтар: “Нега яна мунча калтак истайсиз?! Не учун исённи давом эттирасиз?! Яраланган бутун бош, Мадордан кетган бутун юрак.

[6] Бошдан–оёқ соғ жойи йўқ, Йиринг ила қопланган, кўкариб кетган, Яраларидан қон оқиб ётар, Тозаланмаган, боғланмаган, мой суртилмаган.

[7] Вайроналар ичра ётар юртингиз, Оловда ёниб кетган шаҳарларингиз! Олдингизда ерингизни Еб битирар келгиндилар, Бегоналар юртингизни вайрон қилар.

[8] Аммо азиз Қуддус Қамал қилингандай бўлар, У ўхшаб қолар Узумзордаги ёлғиз чайлага, Полизда тиккайган капага.”

[9] Агарда Сарвари Олам Қолдирмаганда эди беш–олтитамизни, Садўм шаҳрининг ҳолига тушар эдик, Ғамўра шаҳридай хонавайрон бўлардик.

[10] Эгамизнинг каломини эшитинг, Садўм йўлбошчиларининг издошлари! Худойимизнинг ўгитига қулоқ солинг, Ғамўра халқининг шериклари!

[11] “Нима кераги бор Менга?! Кўплаб қурбонлигингиз?! Тўйиб кетдим энди Куйдирилган қўчқорлар назридан, Бўрдоқи ёғларидан, — деб айтмоқда Эгамиз. — Менга хуш келмади буқаларнинг, Қўзилар ва эчкиларнинг қони.

[12] Ҳузуримда ҳозир бўлганингизда, Муқаддас Ҳовлимни булғасин, деб ким айтди? Буларни сизлардан ким сўради?!

[13] Энди сохта назрлар қилманглар Менга, Тутатқингиз ҳам Менга жирканчдир! Тоқат қилмасман энди Чорловларингизга, фосиқ йиғинингизга, Янги ой шодиёнасию Шаббат кунингизга.

[14] Нафратландим янги ой шодиёнангиздан Ҳамда «муқаддас» кунларингиздан. Булар Менга оғир юк бўлди, Толиққанман буларни кўтаришдан.

[15] Ҳатто кўп ибодат қилганингизда ҳам, Эшитмасман Мен сизларни. Менга очганингизда қўлларингизни, Сизлардан яшираман Мен кўзларимни. Қўлларингиз қонга ботгандир.

[16] Покланг, тозаланг ўзингизни. Кўз олдимдан йўқотинг Қабиҳ қилмишларингизни. Қабиҳликни энди бас қилинг!

[17] Ўрганинг эзгулик қилишни, Адолатни изланг, Йўлга солинг золимни, Ҳимоя қилинг етимни, Бева ҳақи учун курашинг.”

[18] Эгамизнинг каломи шудир: “Қани, энди биргалашиб ўйлайлик: Гуноҳларингиз қизил рангга ўхшаса ҳам, Сизлар қордай оппоқ бўласиз. Гуноҳларингиз қирмизи рангга ўхшаса ҳам, Сизлар момиқдай оппоқ бўласиз.

[19] Агар Менга итоат этсангиз чин кўнгилдан, Ейсиз, албатта заминнинг сара ҳосилидан.

[20] Аммо рад этиб, Менга бўйсунмасангиз, Қиличнинг дамига рўпара бўлгайсиз.” Эгамизнинг Ўзи шундай деб айтди.

[21] Эй Қуддус! Қаерга ғойиб бўлди сенинг садоқатинг?! Қандай қилиб фоҳишага сен айландинг?! Ахир, олдинлари халқинг солиҳликка, адолатга ташна эди! Энди эса шаҳрингда фақат қотиллар қолди!

[22] Сенинг кумушинг тошқол бўлди, Шаробинг сув билан аралашди.

[23] Ҳа, исёнкордир йўлбошчиларинг, Ўғриларга шерикдир улар. Ҳар бири порани севар, Ҳадянинг ортидан қувар. Етимни улар ҳимоя қилмас, Беванинг арзи уларга етиб бормас.

[24] Энди Исроил халқининг қудратли Худоси, Сарвари Олам — Раббий айтади: “Ҳа, душманларимга ғазабимни сочарман, Ғанимларимдан ўч олиб, тасалли топарман.

[25] Яна сизларга қарши қўл кўтараман. Ишқор билан тозалагандай, Жамики қоришмани йўқ қилиб, Тошқолларни ажратаман.

[26] Азалда бўлганидай Одил ҳакаму маслаҳатчиларни бераман. Шундан сўнг сенга ном қўйилар: «Солиҳлик шаҳри, Садоқат шаҳри», дея.”

[27] Шунда Қуддус адолат орқали қутқарилади, Тавба қилганлар солиҳлик туфайли нажот топади.

[28] Исёнкору гуноҳкорлар бирга қирилади, Эгамиздан воз кечганлар ҳалок бўлади.

[29] Сизлар шарманда бўласиз Ўзингиз хуш кўрган эманлар сабабли. Мана, уялиб қоласиз Ўзингиз танлаган саждагоҳ боғлар туфайли.

[30] Ҳа, сизлар ўхшаб қоласиз Япроғи қовжираган эманга, Ҳамда сувсиз қақраган боққа.

[31] Кучлилар ҳам чўпга ўхшаб қолади. Ишлари лов этган оловга ўхшайди. Ўзларию ишлари бирга ёниб кетади, Ҳеч ким бу оловни ўчиролмайди.

Ишаё пайғамбарнинг китоби — Chapters