Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:49

[1] Денгиз бўйидаги саҳро ҳақида башорат: Нагав узра кетма–кет эсаётган бўронлар каби, Чўлдан — қўрқинчли юртдан келаётир босқинчи.

[2] Мен мудҳиш бир ваҳий кўрдим: Хоин хоинлик қилаётир, Босқинчи талон–тарож қилаётир. Эгамнинг сўзларини эшитдим: “Эй Элам халқи, ҳужум қил, Эй Мидия халқи, қамал қил! Жамики нолаларга барҳам бераман!”

[3] Эвоҳ, кўрганларимдан ичимда оғриқ турди, Туғаётган аёл каби азоблар мени қамради. Икки букилдим эшитганларимдан, Даҳшатга тушдим кўрганларимдан.

[4] Юрагим увушиб кетди, Қўрқувдан титраб кетдим. Оқшомни кутгандим, Оқшом эса қўрқувга тўла.

[5] Бобилликлар гиламлар тўшаб, Дастурхон ҳозирламоқдалар, Улар еб–ичмоқдалар. Бирданига шундай овоз эшитилмоқда: “Қўзғалинг, эй раҳнамолар, қалқонларни ёғланг!”

[6] Раббий менга шундай деди: “Қани, бир қоровул қўй, Кўрганини етказсин.

[7] Жанг араваларининг, отлиқларнинг, Эшакларга, туяларга минганларнинг Жуфт–жуфт бўлиб келганини кўради. Яхшилаб эътибор берсин.”

[8] Шу лаҳзада қоровул шердай ўкириб қолди: “Эй тўрам, мен кундузи ҳар доим Қоровул минорасида тураман, Ҳар тун ҳам жойимдаман.

[9] Ана, жанг аравалари, отлиқлар Жуфт–жуфт бўлиб келаётир!” Шу он у бақириб хабар берди: “Қулади, Бобил қулади! Бутлари синиб, ер билан битта бўлди!”

[10] Эҳ, халқим! Хирмонда буғдой каби янчилган халқим! Исроил халқининг Худоси — Сарвари Оламдан Эшитганларимни сизга билдирдим.

[11] Думах ҳақида башорат: Сеирдан мени чақиришар: “Эй посбон, қачон тонг отар? Қачон тонг отар?”

[12] Жавобим шудир: “Тонг отаётир, Аммо яна кеч киради. Кўпроқ билмоқчи бўлсангиз, Яна қайтиб келинг.”

[13] Арабистон ҳақида башорат: Ғарб ўрмонларида тунайсиз, Эй Дедон карвонлари!

[14] Эй Темо аҳолиси! Сув келтиринг, ташналарга пешвоз чиқинг! Қутулиб омон қолганларга нон беринг!

[15] Ахир, улар қочаётирлар қиличдан, Душманнинг кўтарилган қиличидан, Таранг тортилган ёйлардан, Шафқатсиз урушлардан.

[16] Раббий менга шундай деди: “Яна бир йилдан кейин, ёлланган ишчининг муддати каби, Кедарнинг улуғворлиги барҳам топади.

[17] Кедарнинг жасур камонкашларидан озгинаси қолади.” Ҳа, Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай деди.

Ишаё пайғамбарнинг китоби — Chapters