[1] Ўша куни Эгамиз қиличи билан Левитанни жазолар. Ҳа, шафқатсиз, баҳайбат, қудратли қиличи билан жазолар Ўша қочаётган, ғимирлаётган илон — Левитанни. Ўлдирар денгиздаги ўша аждарҳони.
[2] Эгам айтар: “Ўша куни ажойиб узумзор тўғрисида куйланг!
[3] Мен, Эгангиз, узумзор қўриқчисиман, Доимо уни суғораман. Кечаю кундуз узумзорни қўриқлайман, Ҳеч ким унга зарар келтиролмайди.
[4] Мен ғазабда эмасман! Лекин тиканлару буталар Менга қарши чиқса, Улар билан жанг қиламан. Уларни ёндириб ташлайман.
[5] Улар Мендан паноҳ излаб келсин! Ҳа, Мен билан тинчлик ўрнатсин, Улар Мен билан тинчлик ўрнатсин.”
[6] Вақти келиб, Ёқуб насли илдиз отади, Исроил куртак отиб, гуллайди, Ер юзини мевалари билан тўлдиради.
[7] Исроилнинг душманларини Эгамиз қаттиқ жазолайди! Исроилнинг кўп ғанимларини Эгамиз ўлдиради, Исроилни эса у қадар жазоламайди,
[8] Эгамиз Ўз халқини жазолаганда Уларни юртидан ҳайдаб, сургун қилади. Шарқдан эсган бўрон каби, Уларни узоққа олиб кетади.
[9] Шундай қилиб, Эгамиз Ёқуб наслини гуноҳдан поклайди. У бутларга аталган қурбонгоҳларни парчалаб ташлайди. Ашерага аталган устуну тутатқи қурбонгоҳлардан асар ҳам қолмайди.
[10] Мана, Исроилнинг мустаҳкам шаҳарлари ташландиқ бўлади, Тарк этилган саҳродай, ҳувиллаган юрт бўлади. Вайроналар орасида чорва ўтлаб юради, Дарахтларнинг баргини еб, шип–шийдам қилади.
[11] Шохлари қуриб, синиб ётади, Аёллар келиб, уларни ёқади. Бу халқ ақл–ҳушидан айрилган, Яратувчи ҳам уларга ачинмайди, Худо уларга марҳамат кўрсатмайди.
[12] Ўша куни, эй Исроил халқи, Эгамиз сизларни Фурот дарёсидан Миср чегарасидаги ирмоққача бўлган ерда янчади. Ҳаммангизни битта–битта йиғиб келади.
[13] Ўша куни катта карнай чалинади. Оссурия юртида йўқолганлар, Миср юртига қувилганлар келиб, Қуддусдаги муқаддас тоғда Эгамизга сажда қилади.