Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:12

[1] Эгам айтар: “Пастга туш, тупроққа ўтир, Эй бокира қиз Бобил! Ерга ўтир, энди тахтинг йўқ, Эй қиз Бобил! Мана энди сен тўғрингда: «Нақадар нозик, майиндир», деб айтмаслар.

[2] Қани, тегирмон тошини ол, дон янчгин. Ёпинчиғингни еч, этагингни йиғиштир, Болдирингни оч, дарёлардан кечиб ўт.

[3] Яланғоч жойларинг очилади, Шармандалигинг кўриниб қолади. Мен қасос оламан, Ҳеч кимга шафқат қилмайман.”

[4] Қутқарувчимиз Исроил халқининг Муқаддас Худосидир. Унинг номи Сарвари Оламдир.

[5] Эгам айтар: “Жим ўтир, қиз Бобил! Зулматга жўна! Энди сени «Юртларнинг маликаси» деб айтмайдилар.

[6] Мен халқимдан ғазабландим, Ўз мулкимни ҳаром қилдим. Уларни сенинг қўлингга бердим. Сен эса уларга шафқат қилмадинг, Ҳатто кексаларнинг елкасига ҳам Ғоят оғир бўйинтуруқ солдинг.

[7] Шунда: «Мен то абад оламнинг маликаси бўламан», деб айтдинг. Аммо буларнинг нима билан тугашини Ўйлаб кўрмадинг, ақлингга келтирмадинг.

[8] Энди бунга қулоқ сол! Эй ҳашаматни севувчи! Бехатар ўтириб, ўзингча айтасан: «Мендан бошқа малика йўқ, Тул қолмасман, фарзанд доғини кўрмасман.»

[9] Кўп сеҳр–жодуларингга қарамай, Кучли афсунларингга қарамай, Мана шу иккаласи ҳам Бир кунда бошингга тушади: Сен ҳамма болаларингдан айриласан, Тул бўлиб қоласан.

[10] Ўз ёвузлигингга ишондинг, «Мени ҳеч ким кўрмайди», дединг. Донолигинг, билиминг сени йўлдан адаштирди, Ўзингга: «Мана, мен! Мендан бошқаси йўқ», дединг.

[11] Мана, бошингга кулфат тушади, Уни сеҳр–жоду билан даф қилолмайсан. Бошингга бахтсизлик ёғилади, Сен уни қайтара олмайсан. Ҳалокат сенга бирданига келади, Бу тушингга ҳам кирмаган.

[12] Қани, сеҳр–жодуингни ишга сол, Кўпроқ афсунгарлик қил, Ахир, сен ёшлигингдан Бундай ишларга одатлангансан. Балки бирон нарсага эришарсан, Балки биронтасини қўрқитарсан.

[13] Олган маслаҳатларинг кўплигидан Сен чарчаб қолдинг. Қани, энди ўша мунажжимларинг, таъбирчиларинг? Ҳар янги ой чиққанда тақдирингдан башорат қиладиганлар қани? Улар келсин–чи! Энди ўшалар сени қутқарсин.

[14] Ана, ҳаммалари сомонга ўхшаб қолди–ку! Олов уларни ямламай ютади! Жонларини оловдан қутқаролмайди. Исиниш учун кўмирлари бўлмайди. Тафтидан баҳра олиш учун гулхани бўлмайди.

[15] Ёшлигингдан сен билан олди–берди қилган ҳар бир одам, Сен билан бирга ишлаганларнинг ҳаммаси шундай бўлиб қолади. Улар ўз йўлига қараб кетади! Сени қутқарадиган бирор кимса бўлмайди.”

Ишаё пайғамбарнинг китоби — Chapters