[1] Тир ҳақида башорат: Эй Таршиш кемалари, фарёд қилинг! Сиз Кипр соҳилида эшитган хабарлар тўғри, Бошпанангиз бўлган Тир вайрон бўлди.
[2] Сукут сақланг, эй орол халқи! Эй Сидон савдогарлари! Бир пайтлар кемаларга тўла эдингиз.
[3] Шихор дони, Нилнинг ҳосили Тирнинг даромади бўлган эди, У элатлардан фойда қиларди.
[4] Уят сенга, эй Сидон! Ахир, Тир, денгиз бўйидаги қалъа шундай демоқда: “На тўлғоқ азобин чекдим, на туғдим, На ўғиллар, на қизлар улғайтирдим.”
[5] Тир тўғрисида эшитганда, Мисрнинг юраги қинидан чиқай дейди.
[6] Таршишга жўнанг, эй қирғоқ аҳолиси, Фарёд қилинг!
[7] Қадимда барпо бўлган, Такаббур шаҳрингизнинг ҳоли не бўлди? Энди дарбадар бўласиз, Узоқ, бегона юртни ватан қиласиз.
[8] Тирга қарши ким бундай қарор чиқарди? Бу шаҳар шоҳларга тож кийдирганди, Савдогарлари ҳукмдор эди, Бутун дунё уларни иззат қиларди.
[9] Сарвари Олам қабул қилди бу қарорни: “Такаббурлиги, улуғворлиги йўқ бўлсин, Бутун олам иззат қилганлар ерга урилсин.”
[10] Эй Таршиш аҳли! Нил бўйидаги деҳқонлар каби, Ерларингга ишлов бер. Ахир, бандаргоҳинг йўқ энди.
[11] “Канъон қалъалари вайрон бўлсин”, деб Эгамиз амр берди. Ҳа, У денгизга қарши қўл кўтарди, Шоҳликларни титратди.
[12] Эгамиз шундай деди: “Зулм чеккан, эй Сидон аҳли, Энди хурсандчилик билмай ўтасан. Қани, Кипрга жўна, У ерда роҳат нималигин билмай ўтасан.”
[13] Ана Бобил юртига боқ, энди унинг халқи йўқ. Оссурияликлар қуршов миноралари қурдилар, Бобилликларнинг саройларини яксон қилдилар. Юртни вайронага айлантирдилар, ёввойи ҳайвонларга бердилар.
[14] Фарёд қилинг, эй Таршиш кемалари, Энди йўқ бошпанангиз!
[15] Шундан кейин Тир шаҳри бир шоҳнинг умрича — етмиш йилга унутилади. Етмиш йил ўтгандан кейин, Тир ҳам қуйидаги қўшиқда айтилган фоҳишадай бўлади.
[16] Арфангни ол, шаҳар бўйлаб кез, Эй ҳамма унутган фоҳиша! Қани, гўзал қилиб чал–чи! Қўшиқ кетидан қўшиқ куйла–чи! Балки сени эслаб қоларлар.
[17] Етмиш йил ўтгач, Эгамиз Тир билан яна алоқада бўлади. Аммо Тир пул учун яна фоҳишалик қила бошлайди. Дунёнинг ҳамма шоҳликларига фоҳиша бўлади.
[18] Шаҳар тижоратдан ва фаҳшдан олган даромадларини Эгамизга атайди. Даромадлар йиғилмайди ҳам, сақланмайди ҳам. Тижоратдан олганларини тўйгунча есинлар, чиройли кийинсинлар деб, даромад Эгамизнинг ҳузурида яшаётганларга берилади.