Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 8:37

[1] “Юпатинг, халқимни юпатинг, — демоқда Худойингиз. —

[2] Қуддуснинг руҳини кўтариб, Унга шундай деб айтинг: «Азоб косанг тўлиб бўлди, Айбларинг учун жазо олиб бўлдинг. Ҳамма гуноҳларинг эвазига Мен, Эгангдан икки карра жазо олдинг.»”

[3] Бир овоз янграмоқда: “Чўлда Эгамизга йўл ҳозирланг, Саҳрода Худойимизга тўғри йўл очинг.

[4] Ҳар бир жарлик юксалади, Ҳар бир тоғу тепалик пасаяди. Ўнқир–чўнқир жойлар текис бўлади, Ўйдим–чуқур ер текислик бўлади.

[5] Ўшанда Эгамизнинг улуғворлиги зоҳир бўлади, Бутун жонзот биргаликда буни кўради. Ҳа, Эгамиз Ўз оғзи билан шуни айтди.”

[6] Бир овоз: “Эълон қил!” деб айтди, Иккинчиси: “Нимани эълон қиламан?” деб сўради. Биринчи овоз шундай деди: “Инсон зотининг ҳаммаси майсадай, Уларнинг барча содиқлиги дала гули кабидир.

[7] Уларнинг устидан Эгамизнинг нафаси эсганда Ўтлар қурийди, гуллар сўлиб қолади. Мана, бу халқ майсанинг ўзи.

[8] Ўтлар қурийди, гуллар сўлиб қолади, Худойимизнинг каломи эса абадий туради.”

[9] Эй хушхабар келтирган Қуддус, Баланд тоққа чиқ! Эй хушхабар келтирган Сион, Баланд овозда эълон қил! Қўрқмагин, жар солгин! Яҳудо шаҳарларига: “Мана сизнинг Худойингиз”, деб айтгин.

[10] Мана, Эгамиз Раббий қудрат ила келади, Қудрати ила ҳукмронлик қилади. Унинг Ўзи тақдирлайди, Мукофотини Ўзи билан олиб келмоқда.

[11] Чўпон каби, У Ўз сурувини боқади, Қўзиларни қўлларида кўтаради. Уларни кўтариб, бағрига босади, Қўзилари билан бирга она қўйни Эҳтиётлаб ҳайдаб боради.

[12] Ким ҳовучи ила сувларни ўлчаган?! Ким қаричлаб осмонни ўлчаган?! Замин тупроғини ўлчаган борми?! Ким тоғларни тарозида тортиб кўрган?! Тепаликларни тарози палласида тортган?!

[13] Ким Эгамизнинг Руҳига йўл кўрсата олади?! Ким Унга маслаҳат бера олади?!

[14] У кимга маслаҳат солган?! Ким Унга насиҳат берган?! Ким Унга адолат йўлини ўргатган?! Унга билим берган борми?! Идрок йўлларини Унга кўрсатган борми?!

[15] Ахир, элатлар челакдаги бир томчи сувдайдир, Улар тарози палласидаги чанг кабидир. Мана, оролларни ҳам Эгамиз чангдай кўтаради.

[16] Лубнон юртидаги ҳайвонлар қурбонликка озлик қилади, Ўрмонларининг дарахтлари эса етарли ўтин бўлмайди.

[17] Жамики элатлар Эгамиз олдида ҳеч нима эмас, Эгамиз назарида улар арзимас, бўшлиқдир.

[18] Хўш, Худони кимга ўхшатасиз?! Унга қандай қиёфани бераркансиз?!

[19] Ҳунарманд ясаган бутнинг қиёфасиними?! Ахир, уста бутни олтин билан қоплаган. Унга кумуш занжирлар ясаб берган.

[20] Ундай қилишга қурби етмаган эса Чиримайдиган ёғоч топади. Моҳир устани ёллаб, Йиқилиб тушмайдиган бут ясаттиради.

[21] Билмайсизми?! Эшитмаганмисиз?! Бошидан сизга айтилмаганми?! Дунё пойдеворига қараб ҳам тушуниб етмайсизми?!

[22] Худо осмон гумбази узра ўтиради, Замин аҳли чигиртка кабидир. Худо осмонни парда каби ёйган, Одамзод макон қилсин дея, чодир каби қурган.

[23] Шаҳзодаларни У пастга уради, Замин ҳукмдорларини йўққа чиқаради.

[24] Эвоҳ, улар экилиши биланоқ қуриб қолади. Ерга ўтқазилиши биланоқ сўлиб қолади. Илдиз отиши биланоқ қуриб қолади. Ҳа, Эгамизнинг нафаси уларни қуритади. Бўрон уларни сомондай учириб кетади.

[25] “Мени кимга қиёслайсиз? Ким Менга тенг кела олар?” — деб айтади Муқаддас Худо.

[26] Кўзларингизни осмонга тикинг, қаранг: Ахир, буларни ким яратган? Худо осмонга юлдузларни териб қўйган–ку! Унинг Ўзи ҳар бирига ном берган–ку! Ўзининг буюк кучи, улуғ қудрати билан Ҳар бирини ўз жойига чиқармай қўймайди.

[27] Эй Ёқуб насли, нима учун сен: “Бошимга тушганни Эгамиз кўрмайди”, дейсан? Эй Исроил халқи, нима учун сен: “Машаққатларимни Худойим унутган”, деб айтасан?

[28] Наҳотки билмайсан? Наҳотки эшитмагансан? Эгамизнинг Ўзи абадий Худо–ку! Бутун оламни У яратган–ку! У чарчамайди, ҳолдан тоймайди, Унинг донолигини билиб бўлмайди.

[29] У толиққанга куч беради, Заифнинг кучига куч қўшади.

[30] Ҳатто ёшлар чарчайди, ҳолдан тояди, Йигитлар қоқилиб, йиқилади.

[31] Эгамиздан умид қилганлар эса Янгидан куч олади, Бургут сингари парвоз қилади. Улар югуриб, чарчамайди, Юриб ҳам ҳеч толиқмайди.

Ишаё пайғамбарнинг китоби — Chapters