[1] Қанийди, онам эмизган акамдай бўлсанг эди. Кўчада кўрганимда, сени ўпган бўлардим, Ҳеч ким мени бу учун айбламаган бўларди.
[2] Мен сени онамнинг уйига бошлаб келардим. Менга ўгит берган онамнинг ётоғига олиб кирардим, Сенга хушбўй шаробу анорларим шарбатини берардим.
[3] Мана, севгилимнинг чап қўли бошим остидадир, Ўнг қўли билан эса мени қучоқлайди!
[4] Эй Қуддус қизлари, ваъда беринглар, Вақт–соати келмагунча, Севгини қўзғатманг, уйғотманг.
[5] Ўз севгилиси билан қучоқлашиб, Чўл тарафдан келаётган ким? Олма дарахти остида мен сени уйғотдим. Онанг шу ерда сенга ҳомиладор бўлган, Мана шу ерда сени дунёга келтирган.
[6] Қўлингдаги муҳр узугингдай, Мени ҳам юрагингга муҳрлаб олгин. Ахир, севги ўлимдай кучли, Ишқ ажалдай шиддатлидир. Севгининг учқунлари олов учқунларидай, Ловуллаган алангадайдир.
[7] Сув севгини ўчиролмайди, Тўфонлар уни чўктиролмайди. Бирортаси севги учун Уйидаги бор бойлигини берса ҳам, Мазахдан бошқа ҳеч нарсага эришмайди.
[8] Бизнинг бир синглимиз бор, Унинг кўкраклари ҳали бўртмаган. Уни сўраб келишса, Биз нима қиламиз?
[9] Агар у девор бўлса, Унинг атрофида кумушдан қалъа қурамиз. Агар у эшик бўлса, Уни садр ёғочлари билан тўсиб қўямиз.
[10] Мен ҳам девордай эдим. Энди эса кўкракларим миноралардайдир. Шунинг учун севгилим мени Тўлиқ етилган деб билади.
[11] Сулаймоннинг Баал–Хомонда узумзори бор эди. У узумзорини боғбонларга ишониб топширди. Уларнинг ҳар бири узумзор учун Минг кумуш танга тўлаши керак эди.
[12] Сулаймон, сен минг танга ол, Қоровулларга эса икки юз тангадан берилсин. Менинг узумзорим ўзимникидир.
[13] Эй боғларда яшовчи қиз, Дўстларим овозингни эшитишни кутмоқда. Қани, мен ҳам овозингни бир эшитай.
[14] Худди кийикдай, ёш оҳудай бўлгин, Зираворлар тоғларига тезроқ келгин, севгилим.