[1] Ўша кунлари Ҳизқиё тузалмас хасталикка йўлиқиб, ўлим тўшагига ётиб қолди. Омиз ўғли Ишаё пайғамбар унинг ҳузурига келиб, шундай деди: “Эгамиз шундай айтмоқда: тайёргарлигингни кўриб қўявер, энди тузалмайсан, ўласан.”
[2] Ҳизқиё юзини деворга буриб, Эгамизга ёлворди:
[3] “Эй Эгам! Чин қалбимдан Сенга содиқ бўлиб, йўлларингдан юрганимни ва олдингда тўғри ишлар қилганимни эсла.” Шундай деб аччиқ–аччиқ йиғлади.
[4] Шундан кейин Ишаёга Эгамизнинг қуйидаги сўзи аён бўлди:
[5] “Бориб, Ҳизқиёга шундай деб айт: «Бобонг Довуднинг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: илтижоларингни эшитдим, кўз ёшларингни кўрдим. Умрингни яна ўн беш йилга узайтираман.
[6] Сени ва бу шаҳарни Оссурия шоҳининг қўлидан халос қиламан. Ҳа, бу шаҳарни ҳимоя қиламан.
[7] Эй Ҳизқиё! Мен, Эганг, берган ваъдамни бажараман. Мана сенга Мендан аломат:
[8] ана қара! Ботаётган қуёш Охознинг зинапоясига соя тушириб турибди. Ўша сояни ўн қадам орқага сурдираман.»” Шундай қилиб, соя ўн қадам орқага кетди.
[9] Шоҳ Ҳизқиё соғайгандан кейин қуйидаги шеърни ёзди:
[10] “Мен айтдим: Наҳотки ҳаётим чўққисида Ўликлар диёрига борсам?! Умримнинг қолгани хазон бўлса?!
[11] Наҳот, Эгамни энди кўрмасам?! Ҳа, Уни кўрмасман бу ёруғ дунёда. Тирик зотларни энди кўрмайман. Бу дунёдагилар билан бўлмайман.
[12] Чўпоннинг чодири йиғилганидай Менинг умрим узилди, Мендан тортиб олинди. Умрим тўқувчининг матоси каби битди. Унинг дастгоҳидаги ипдай Менинг умрим ҳам қирқилди. Эй Раббий, туну кун мени қийнайсан.
[13] Тонггача фарёд қилдим, Шердай ҳамма суякларимни синдирасан. Эй Раббий, туну кун мени қийнайсан.
[14] Қалдирғочу турнадай нола чекдим, Мусичадай оҳ–воҳ қилдим. Юқорига қарайвериб, кўзларим толди, Эй Раббий, эзилдим, ёрдам бер менга!
[15] Энди мен нима десам экан?! Эгам менга нима айтган бўлса, Унинг Ўзи ўшани қилди. Жоним тортган бу азоблар туфайли Умрим бўйи итоат этиб юраман.
[16] Эй Раббий, Сенинг тарбиянг яхшидир, Чунки у ҳаёту соғликка етаклайди. Сен менга соғлигимни қайтардинг, Менга қайта ҳаёт бахш этдинг.
[17] Мана, ҳамма қийинчилигим Яхшиликка айланди. Қабрдан мени сақладинг, Ҳамма гуноҳларимни кечирдинг.
[18] Ахир, ўликлар диёри Сенга шукур қилмайди, Ўлим Сенга ҳамду сано айтмайди. Қабрга борадиганлар Сенинг садоқатингдан умид қилмайди.
[19] Мана, мен Сенга шукур айтмоқдаман. Ахир, тириклар, фақатгина тириклар Сенга шукур айтадилар–ку! Оталар ўзларининг фарзандларига Сенинг садоқатингни билдирадилар.
[20] Эгам мени қутқаради. Бутун умримиз бўйи торли асбоблар ила Эгамнинг уйида куйлаймиз.”
[21] Ишаё шундай деган эди: “Анжир ширасини олиб, яранинг устига қўйинглар. Шунда Ҳизқиё соғаяди.”
[22] Буни эшитган Ҳизқиё: “Эгамизнинг уйига боришимни қандай биламан? Буни нима исботлайди?” деб сўраганди.