Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 6:22

[1] Эдомдан келаётган ким? Қизил либос кийиб, Бозрах шаҳридан келаётган ким? Кўзни қамаштирувчи кийимлар кийиб, Катта куч билан қадам босган ким? Эгамиз шундай деди: “Бу Мен, Эгангизман! Қутқариш кучига эгаман. Ғалабани эълон қилишга келмоқдаман.”

[2] Эй Эгам, нечун кийимларинг қип–қизил? Нима учун чуқурда узум эзган одамга ўхшайсан? Эгамиз жавоб берди:

[3] “Узум сиқиш чуқурида Ўзим ишладим, Ёнимда халқлардан биронтаси йўқ эди. Ғазаб билан душманларни эздим, Қаҳр билан уларни оёқ ости қилдим. Уларнинг қони кийимларимга сачради, Бутун уст–бошимни ифлос қилди.

[4] Ҳа, Мен қасос кунини тайинлаб қўйган эдим, Халқимни қутқарадиган кун етиб келди.

[5] Қарадим, ёрдам берадиган бирор одам йўқ эди, Қўллаб–қувватлайдиган ҳеч кимса йўқлигидан ҳайратда қолдим. Шунда Ўзимнинг қўлим ёрдамга келди, Ўз ғазабим Менга мадад бўлди.

[6] Ғазаб билан халқларни тепкиладим, Жаҳл билан уларни эзиб ташладим. Уларнинг қонини ерга тўкдим.”

[7] Эгамизнинг содиқ севгиси ҳақида айтаман, Қилган ишлари учун Эгамизга ҳамдлар айтаман. Ўзининг меҳр–шафқати, буюк севгиси билан Исроил халқига қилган буюк эзгуликлари ҳақида айтаман.

[8] Эгамиз шундай деди: “Ҳа, Исроил халқи Менинг халқимдир, Хиёнат қилмайдиган фарзандлардир.” Шундай қилиб, Худо уларнинг нажоткори бўлди.

[9] Улар қийналганларида, У ҳам азоб чекди, Эгамизнинг фариштаси уларни қутқарди. Севгиси, шафқати туфайли Унинг Ўзи уларни қутқарди. Эгамиз уларни кўтариб, азалдан опичлаб юрарди.

[10] Аммо улар исён қилдилар, Эгамизнинг Муқаддас Руҳини ранжитдилар. Шунинг учун Эгамиз уларнинг душмани бўлди. Эгамизнинг Ўзи уларга қарши курашди.

[11] Шунда халқ ўтган кунларни, Мусонинг даврини эслаб, шундай деди: “Ота–боболаримизни ва уларнинг чўпонларини денгиздан ўтказган қани? Ўз Муқаддас Руҳини уларнинг орасига юборган қани?

[12] Ажойиб қудратли қўли билан Мусонинг ўнг қўлидан тутган қани? Ўзининг номини шарафлай деб, Уларнинг олдидаги сувни иккига бўлган қани?”

[13] Эгамиз уларни денгиз тубидан олиб ўтди. Текис жойда юрган отдай Улар ҳеч қоқилмасдан ўтди.

[14] Водийга ёйилган подага ўхшатиб, Эгамизнинг Руҳи уларга ором берди. Ўзининг буюк номи улуғлансин дея, Эгамиз Ўз халқига йўл кўрсатди.

[15] Эй Эгамиз, осмондан қара, Муқаддас, улуғворликка тўла Масканингдан боқ! Қани энди ғайратинг, қудратинг? Сен меҳрибонлигингни, шафқатингни Биздан дариғ тутдинг.

[16] Ахир, Сен бизнинг отамизсан, эй Эгамиз! Иброҳим бизни билмайди, Ёқуб бизни танимайди. Сен бизнинг отамизсан! Азалдан номинг — “Қутқарувчимиз.”

[17] Эй Эгамиз, нега бизни йўлингдан адаштирасан? Нега бизга Сендан қўрқмайдиган тош юрак бергансан? Биз Сенинг қулларингмиз. Бизнинг ҳақи–ҳурматимиз, Ўзингнинг азиз халқинг ҳақи–ҳурмати Бизга юз бургин!

[18] Сенинг муқаддас масканингга Биз, азиз халқинг, фақат оз вақт эгалик қилдик. Энди эса душманларимиз У ерни оёқ ости қилиб ташлади.

[19] Сенга тегишли бўлмаган халққа, Сен устидан ҳукмрон бўлмаган элга Биз аллақачон ўхшаб қолдик.

Ишаё пайғамбарнинг китоби — Chapters