Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 7:10

[1] Эшитинг буни! Эй Ёқуб насли! Эй Исроил номи билан аталадиганлар, Яҳудо уруғидан чиққанлар! Сизлар Эгамизнинг номи билан қасам ичасизлар, Исроил халқининг Худосини тилга оласизлар, Аммо ҳақиқат ва солиҳлик билан эмас.

[2] Ҳа, сизлар ўзингизни муқаддас шаҳар номи ила атадингиз, Исроил халқининг Худосига таяндингиз, Ахир, Унинг номи Сарвари Оламдир.

[3] Эгамиз сизларга шундай деди: “Бўлиб ўтганларни олдиндан Мен айтдим, Оғзимдан чиқиши билан буларни билдирдим, Бирданига ҳаракат қилдим ва улар содир бўлди.

[4] Ахир, қайсарлигингни Мен биламан–ку! Бўйнинг темирдай, пешананг бронзадай қаттиқ!

[5] «Буларни менинг санамим қилди, Қуйма, ўйма бутларим амр қилди», деб Айтмагин, дея Мен олдиндан айтдим, Бажо бўлмасдан олдин, бўлиб ўтганларни билдирдим.

[6] Буларнинг ҳаммасини эшитдинг, Наҳотки энди эътироф этмасанг?! Ҳозирдан бошлаб янгиларини, Ўзинг билмаган яширин нарсаларни Сенга эшиттирдим.

[7] Булар ҳозир яратилди, қадимда эмас, Бу тўғрида сен илгари эшитмагансан. Йўқ! Сен: «Мен буларни биламан–ку!» — деб айта олмайсан.

[8] Ҳа, эшитмагансан, билмайсан ҳам, Ҳатто азалдан ҳам қулоқларинг очилмаганди. Мен биламан–ку хиёнаткор эканлигингни, Туғилганингданоқ сен исёнкор деб аталгансан.

[9] Ўзимнинг исмим ҳақи ғазабимни босяпман, Шарафим ҳақи Ўзимни тутяпман, Бўлмаса, сени йўқ қилган бўлардим.

[10] Мана, Мен сени покладим, Аммо кумушдай қилиб эмас. Сени кулфат ўчоғида синадим.

[11] Ўз ҳақим, ҳа, Ўз ҳақим учун шундай қиламан! Ахир, нимага Мен бадном бўлишим керак?! Шуҳратимни бировга бериб қўймайман.

[12] Менга қулоқ тут, эй Ёқуб насли! Ўзим чақирган Исроил халқи, эшит! Мен Ўшаман! Боши ҳам, охири ҳам Мен Ўзимман.

[13] Ҳа, Менинг қўлим заминнинг пойдеворини қўйган, Самоларни ёйган Менинг қўлимдир. Мен уларни чақирганимда Улар биргаликда туради.

[14] Ҳаммангиз тўпланиб, эшитинг! Бутларнинг қайсиси буларни билдирди?! Курушни Мен, Эгангиз, яхши кўраман. У Бобилда Менинг ниятимни бажо келтиради. Менинг қўлим Бобилликларга қарши бўлади.

[15] Мен айтдим! Ҳа, Мен Ўзим айтдим! Уни Мен чақирганман! Уни Мен олиб келдим, У ғалабага эришади.

[16] Менга яқинлашинг! Бунга қулоқ солинг! Азалдан ҳеч нарсани яширмай айтдим, Бошиданоқ Мен ўша ердаман.” Мана энди Эгамиз Раббий мени Ҳамда Ўз Руҳини юбормоқда.

[17] Қутқарувчингиз, Исроил халқининг Муқаддас Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: “Мен Эгангиз Худоман! Яхши бўлинг деб, сизларга йўл–йўриқ кўрсатаман, Юрадиган йўлларингиздан етаклайман.

[18] Қанийди амрларимга қулоқ солганингизда! Ўшанда фаровонлигингиз дарёдай бўларди, Зафарингиз денгиз тўлқинларидай бўларди.

[19] Уруғингиз қум каби бўларди, Наслингиз қум зарраларидай сон–саноқсиз бўларди. Уларнинг номи ўчиб кетмаган бўларди, Менинг олдимдан йўқотилмаган бўларди.”

[20] Энди Бобилдан чиқиб кетинг, Бобилликлардан қочинг. Шодлик ҳайқириқлари ила эълон қилинг! Дунёнинг тўрт четига бу хабарни етказинг! “Эгамиз Ўз қуллари, Ёқуб наслини қутқарди”, деб айтинг!

[21] Эгамиз уларни саҳродан олиб борганда, Улар ташналикдан қийналмадилар. Худо улар учун қоядан сув чиқарди. У қояни ёрди, сувлар пишқириб чиқди.

[22] “Ёвузларга омонлик йўқ”, дейди Эгамиз.

Ишаё пайғамбарнинг китоби — Chapters