Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:24

[1] Эгам айтар: “Эй ташна бўлганлар! Ҳаммангиз сувга келинглар! Эй пулсизлар, келинг, сотиб олиб, енглар! Келинг, шаробу сут сотиб олинг пулсиз, текинга!

[2] Нима учун пулингизни Қорин тўйғизмайдиган нарсага сарф қиласиз? Нима учун ишлаб топганингизни Қониқтирмайдиган нарсаларга сарф қиласиз? Эшитинг, Менга қулоқ солинг! Шунда аъло таомларни ейсиз, Ёғли таомлар еб, маза қиласиз.

[3] Қулоқ солинг, Менга келинг, Тингланг, шунда яшайсиз. Довудга ваъда берган содиқ севгим ҳақи Сиз билан абадий аҳд тузаман.

[4] Мана Мен Довудни халқларга гувоҳ қилдим, Уни халқларнинг ҳукмдори, раҳнамоси қилдим.

[5] Ўзингиз танимаган халқларни чақирасиз, Сизни танимаган халқлар олдингизга келади. Мени, Исроил халқининг Муқаддас Худоси — Эгангиз Худони деб Бу халқлар келади, Зотан, Мен сизни улуғворликка буркаганман.”

[6] Эгангиз ёнингизда экан, Унга интилинг, У яқинингизда экан, Уни чақиринг!

[7] Бадкирдор йўлидан қайтсин, Гуноҳкор ниятидан қайтсин, Улар Эгамизга қайтсин, Эгамиз шафқат кўрсатади, Улар Худойимизга қайтсин, Унинг юраги кечиримга бой.

[8] Эгамиз шундай демоқда: “Сизларнинг фикрингиз Меники эмас, Менинг йўлларим сизларники эмас.

[9] Осмон ердан қанчалик баланд бўлса, Менинг йўлларим ҳам, ўйларим ҳам, Сизларнинг йўлларингиздан, ўйларингиздан Шунчалик баланддир.

[10] Осмондан қор, ёмғир ёғади. Улар осмонга қайтмай, ерни суғоради, Токи ер ўсимлик ўстирсин, Эккани дон, егани нон берсин.

[11] Менинг оғзимдан чиққан сўз шундай бўлади, Менга бўм–бўш қайтиб келмайди. Менинг хоҳиш–иродамни ўша сўз бажаради, Қайси ниятда юборсам, Ўшани бажо қилади.

[12] Ҳа, сиз хурсанд бўлиб борасиз, Соғ–омон қайтиб келасиз. Олдингизда тоғлар, тепаликлар Севинч ила ҳайқиради, Даладаги ҳамма дарахтлар қарсак чалади.

[13] Тиканзорлар ўрнига сарв дарахтлари ўсади, Газанда ўт ўрнига мирта буталари ўсади. Шундай қилиб, булар Мен, Эгангга шараф бўлади. Туганмас, абадий нишона бўлиб қолади.”

Ишаё пайғамбарнинг китоби — Chapters