[1] Энди, эй Ёқуб насли, сени яратган Эгамиз гапирмоқда! Эй Исроил халқи, сени барпо қилган Эгамиз шундай айтмоқда: “Мен сени қутқардим, Сенинг исмингни айтиб чақирдим, Сен Меникисан, қўрқма!
[2] Сувлардан ўтганингда Мен сен билан бирга бўламан. Дарёлардан ўтганингда Сувлар сени кўммайди. Оловдан ўтганингда Аланга сени ёндирмайди, Олов тафти сени куйдирмайди.
[3] Ҳа, Мен Эганг Худодирман, Исроил халқининг Муқаддас Худоси — қутқарувчингман. Сен учун тўлов қилиб Мисрни бердим, Ҳабашистон, Саво юртларини сенинг ўрнингга бердим.
[4] Кўз олдимда азизсан, қадрлисан, Мен сени севаман. Шу боис сенинг эвазингга одамни, Жонинг эвазига халқларни бераман.
[5] Қўрқма, Мен сен билан биргаман, Наслингни шарқдан олиб келаман, Сизларни ғарбдан йиғиб келаман.
[6] Шимолга: «Уларни бер», дейман. Жанубга: «Уларни ушлаб қолма», деб айтаман. Ўғилларим узоқлардан, Қизларим ернинг четларидан келсин.
[7] Менга тегишли бўлганларни Ўз шуҳратим ҳақи яратдим, Ўзим ижод қилиб, уларни бино қилдим.”
[8] Эгамиз шундай демоқда: “Халқимни йиғинглар. Кўзи бор, аммо кўр бўлган, Қулоғи бор, аммо кар бўлган халқимни тўпланглар.
[9] Жамики элатлар бирга йиғилсин. Қани, халқлар келиб қўшилсин. Уларнинг орасидан ким буни айтиб беради?! Ўтиб кетган нарсаларни ким бизга билдиради?! Гувоҳларини чақириб, ҳақлигини исботласин, Бошқалар эшитиб: «Бу тўғри», деб айтсин.”
[10] Эгамиз шундай айтмоқда: “Сизлар Менинг шоҳидимсизлар, Сизлар Менинг қулимсизлар. Мени билсин, Менга ишонсин, деб Танҳо Худо Мен эканлигимни билсин, деб Сизларни танладим. Мендан олдин бирон худо бўлмаган, Мендан кейин ҳам бўлмайди.
[11] Мен Эгангизман! Ёлғиз Мен Эгангизман, Мендан бошқа қутқарувчи йўқ.
[12] Мен Ўзим айтдим, қутқардим, билдирдим, Орангизда бошқа бирон худо йўқ.” Эгамизнинг каломи шудир: “Мен Худоман, сизлар Менинг шоҳидларимсиз.
[13] Ҳа, азалдан буён Мен Ўшаман, Ҳеч ким Менинг қўлимдан қутула олмайди. Мен қилганимни ким бекор қила олади?!”
[14] Исроил халқининг Муқаддас Худоси, қутқарувчингиз — Эгамиз шундай демоқда: “Сизларни деб Бобил устига лашкар юбораман, Ўзлари фахрланган кемаларда Бобилликлар қочишга мажбур бўладилар.
[15] Мен Муқаддас Худойингиз — Эгангизман, Исроил халқининг Яратувчиси — Шоҳингиз Менман.”
[16] Эгамиз шундай демоқда: “Мен денгизни бўлиб, йўл очдим, Баҳайбат сувлар ичра сўқмоқ қилдим.
[17] Жанг араваларию отларни, Лашкару жангчиларни олиб чиқдим. Ана улар ётибдилар, турмайдилар. Пиликдай милтираб, ўчиб қолганлар.
[18] Ўтмишдагиларни ёдга олманг, Қадимгиларни ўйлайверманг.
[19] Мана, Мен янги бир иш қиляпман. Шу пайтнинг ўзидаёқ содир бўляпти! Кўрмаяпсизми?! Мен саҳрода йўллар очаман, Ҳа, чўлда дарёлар яратаман.
[20] Ҳатто ёввойи ҳайвонлар Мени улуғлайди, Чиябўри, туяқушлар ҳам Мени шарафлайди. Зотан, танлаган халқимга сув берай дея, Саҳрога сувлар юбордим, Чўлда дарёлар яратдим.
[21] Бу халқни Ўзим учун яратганман. Улар Менга ҳамду сано айтсинлар.
[22] Сен эса, эй Ёқуб насли, Менга сажда қилмадинг! Эй Исроил халқи, сен Мендан безор бўлдинг!
[23] Сен Менга қўйларингни атамадинг, Уларни куйдириладиган қурбонлик қилмадинг. Мени улуғлаш учун қурбонликлар келтирмадинг. Мен назр–қурбонликларни сендан Меъёридан кўп талаб қилмадим–ку! Хушбўй тутатқиларни сендан Ортиғи билан сўрамадим–ку!
[24] Сен Менга хушбўй қамиш сотиб олмадинг. Қурбонликлар ёғини келтирмадинг, Мени рози қилмадинг. Эвоҳ, гуноҳларинг билан Менга юк бўлдинг, Айбларинг билан Мени чарчатдинг.
[25] Ўзимнинг ҳақи–ҳурматим Айбларингни кечирадиган Менман. Гуноҳларингни ёдга олмайман.
[26] Қани, бирга даъволашайлик. Гапир! Айбсизлигингни исботла–чи! Ёдимга сол–чи!
[27] Ахир, энг катта бобонг гуноҳ қилганди. Пайғамбару руҳонийларинг Менга қарши чиққанди.
[28] Шу боис муқаддас масканнинг Бошлиқларини ҳаром қиламан. Ҳа, Ёқуб наслини ҳалокатга, Исроил наслини ҳақоратга ҳукм этаман.”