[1] Эгам айтар: “Эҳ, итоатсиз халқим! Уларнинг ҳолига вой! Менсиз маслаҳатлар қилишади. Сулҳлар тузади, лекин Менинг Руҳим йўқ–ку уларда! Ҳа, халқим гуноҳ устига гуноҳ орттираверади.
[2] Ахир, Мендан сўрамасдан Мисрга боряптилар, Фиръавндан паноҳ сўраяптилар, Мисрдан бошпана истаяптилар.
[3] Аммо фиръавннинг ҳимояси уларга шармандалик бўлади, Мисрнинг бошпанаси уларни уятга қолдиради.
[4] Мана, халқимнинг аъёнлари Зўванга етиб келдилар, Элчилар Ханесга кириб келдилар.
[5] Лекин уларнинг ҳаммаси шарманда бўлади, Ахир, Миср уларнинг халқига ёрдам бермайди. Ҳеч қандай мадад, фойда йўқ, Улар шарманда бўлиб, таъна тагида қолади.”
[6] Нагав чўлидаги ҳайвонлар ҳақида башорат: Элчилари эшагу туяларга хазиналарини ортиб, Мисрга олиб кетмоқда. Ваҳимали саҳро бўйлаб секин Миср томон бормоқда. Улар бормоқда шерлару заҳарли илонлар Яшайдиган саҳро бўйлаб. Аммо Миср уларга ёрдам бермайди.
[7] Миср берган мадад бекор, фойдасиз, Шу боис Мен Мисрни “Жим ўтирган Раҳоб” деб атайман.
[8] Эгамиз айтар: “Энди бор, сўзларимни бир лавҳага ёзиб, Бу халқ учун китоб қилиб бер. Бу келгуси вақтлар учун бўлсин, Ёзилганлар то абад бўлсин.”
[9] Улар исёнкор халқ, ёлғончи болалар! Эгасининг йўл–йўриқларига Қулоқ солишни рад этган болалар улар.
[10] Улар валийларга айтар: “Энди ваҳий кўрманглар.” Улар пайғамбарларга айтар: “Бизларга ҳақиқий башоратларни айтманглар. Бизга ширин сўзлару сохта ваҳийлар айтинг.
[11] Бу йўлдан юрманг энди! Қайтинг бу йўлдан. Исроил халқининг Муқаддас Худоси ҳақида энди Эшитмайлик ҳеч бир нарса!”
[12] Шу боис Исроил халқининг Муқаддас Худоси айтар: “Сизлар Менинг сўзларимни рад қилдингиз, Зулмга, ёлғонга умид боғладингиз, Уларга ишондингиз.
[13] Шу боис сизлар учун бу гуноҳингиз Ёрилган, шишиб кетган девор каби бўлади. Бирдан, бир лаҳзада қулаб тушади.
[14] Сопол идиш каби, у парча–парча бўлиб кетади. Шунчалик эзилиб кетадики, Ўчоқдан чўғ ёки ҳовуздан сув олгани Бирон парчасини ҳам топиб бўлмайди.”
[15] Эгамиз Раббий, Исроил халқининг Муқаддас Худоси шундай демоқда: “Менга қайтсангиз нажот топасиз, Ҳаловатли бўлсангиз қутқариласиз. Сокинлигу ишончингиз сизнинг кучингиз бўлади. Аммо сизлар буни хоҳламадингиз.
[16] Айтдингизки: «Йўқ, отларга миниб учиб кетамиз», Мана энди отларга миниб учиб кетасиз! Айтдингизки: «Учқур отларга миниб кетамиз», Энди эса сизни таъқиб қиладиганлар учқур бўлади!
[17] Қаранглар, халқингиздан беш–олтитаси қолмагунча Бир кишининг таҳдиди мингтангизни қочиради. Беш кишининг таҳдиди ҳаммангизни қочиради. Аммо қолганлар тепаликдаги байроқ дастасидай бўлади. Улар тоғ чўққисидаги байроқ каби ишора бўлади.”
[18] Шунинг учун Эгам кутмоқда, Сизларга шафқат кўрсатай деб. Мана У қўзғалмоқда, Ўз меҳрини кўрсатай деб. Ахир, Эгам адолатли Худодир. Унга умид боғлаганлар бахтиёрдир.
[19] Эй Қуддусда макон қилган Сион халқи! Сизлар энди йиғламайсизлар. Фарёдингизни эшитиб, Эгам албатта марҳамат кўрсатади. Овозингизни эшитиб, жавоб беради.
[20] Раббий сизларга кулфатни нон қилиб, қайғуни сув қилиб берса ҳам, энди Ўша Устозингиз Ўзини яширмайди. Сизлар ўз кўзларингиз билан Уни кўрасизлар.
[21] Сизлар ўнгга ёки чапга бурилганингизда, шундай овозни эшитасизлар: “Мана йўл, шу йўлдан юринглар.”
[22] Кейин ҳамма кумуш бутлар, олтин тасвирларингизни йўқ қилиб ташлайсиз. Сиз ўша нарсаларни ифлос латта–путтадай улоқтириб ташлайсиз. “Эй даф бўл кўзимдан!” дейсиз ўша нарсаларга.
[23] Эгам ерга эккан уруғингизга ёмғир беради. Ердан келадиган озиқ–овқат мўл, баракали бўлади. Ўша куни чорвангиз кенг яйловларда ўтлайди.
[24] Тупроққа ишлов берган ҳўкиз, эшаклар энг яхши емни ейдилар.
[25] Ўша куни, душманларингиз ўлдирилган, миноралар қулаган куни ҳар бир тоғдан, ҳар бир тепаликдан ирмоқ оқиб тушади.
[26] Ой қуёшга ўхшаб нур сочади. Қуёш эса етти баробар кўпроқ нур беради, етти кунлик ёруғлигини сочади. Эгам Ўз халқининг яраларини боғлаб, Ўзи келтирган жароҳатларга шифо берган кун шундай бўлади.
[27] Ана, Эгамизнинг Ўзи узоқдан келмоқда, Қалин булут ичида, ғазабга миниб келмоқда. Лаблари ғазабга тўла, Тили — ямламай ютадиган оловдай.
[28] Унинг нафаси бўйингача келадиган Тошқин дарёга ўхшар, У халқларни ҳалокат элагида элайди. У элатларнинг оғзига сувлуқ солади–да, Уларни йўлдан адаштиради.
[29] Сизлар эса муқаддас байрам оқшомидагидай қўшиқлар куйлайсиз. Эгамизнинг тоғига, Исроил халқининг Қоясига най садолари остида бораётганлардай юракларингиз шодликка тўлади.
[30] Эгамиз Ўз улуғвор овозини эшиттиради. Ҳа, қўлининг зарбаси оғирдир. Унинг кучли ғазаби, ямламай ютай деган оловга ўхшайди. Ҳа, Унинг ғазаби бўрону довул, момақалдироқ кабидир.
[31] Эгамиз ҳассаси билан Оссурияни уради. Ўз овози билан уни даҳшатга туширади.
[32] Эгамиз қайта–қайта Оссурияни доира ва арфа садолари остида ҳассаси билан жазолайди. Эгамиз Ўз қўлининг зарби билан жанг қилиб, улар билан уришади.
[33] Тофат аллақачон тайёрланган. Ҳа, у ҳатто Оссурия шоҳи учун ҳам тайёр турибди. Бу кенг чуқурда алангаю ўтин мўл–кўл. У ерда Эгамизнинг нафаси вулқондан чиққан олов каби ёндиради.