[1] Ана, шоҳ солиҳлик билан ҳукмронлик қилади, Ҳукмдорлар адолат билан бошқаради.
[2] Ҳар бир одам шамолдан асрайдиган паноҳдай бўлади, Бўрондан сақлайдиган бошпана каби бўлади. Улар саҳродаги сув ўзанига ўхшайди, Ташна ердаги улкан қоянинг соясидай бўлади.
[3] Кўриб турганлар энди кўз юмиб юрмайди, Қулоғи борлар энди қулоқ солади.
[4] Идроксизнинг ақли англайдиган бўлади, Дудуқ одамнинг тили равон бўлади.
[5] Аҳмоқни энди аслзода деб чақирмайдилар, Ярамасни, ҳурматга сазовор, деб айтмайдилар.
[6] Мана, аҳмоқ калтафаҳмлик билан гапиради, Фикри–зикри эса ёвузлик билан банд. Қилганлари — нопоклик, Эгам ҳақида хато гапиради. Оч одамни у очлигича қолдиради, Чанқаганга сув бермайди.
[7] Баттолнинг усуллари ёвуздир, У ёмонликлар режалаштиради, Ёлғон гап–сўзлари билан Фақирнинг ҳақ даъвосини йўққа чиқариб, Бечорани нобуд қилади.
[8] Олижаноб одамлар эса яхши режалар тузади, Яхши ният қилиб, ўз сўзида туради.
[9] Эй сиз, беғам аёллар, Туринглар, Менга қулоқ солинглар! Эй сиз, ўзига ишонган қизлар, Менинг гапларимни эшитинглар!
[10] Эй сизлар, бепарво юрганлар, Бир йил ўтар–ўтмас титрай бошлайсиз. Узум ҳосили яхши бўлмайди, Мева ҳосил бермайди.
[11] Қўрқинг, эй сиз, беғам аёллар, Қалтиранг, эй ўзига ишонган қизлар! Тавба қилиб, кийимингизни ечиб ташланг. Қанорга ўраниб, белингизни боғланг!
[12] Кўкрагингизга уриб йиғланг Ажойиб далаларингиз, Серҳосил узумзорларингиз учун!
[13] Халқимнинг ери учун йиғланг! У ерни тикан, янтоқ буталари босиб кетади. Ҳа, шодликка тўла бўлган уйлар учун, Қувноқ шаҳар учун аза тутинг!
[14] Мана, сарой ташландиқ бўлиб қолди, Гавжум шаҳар саҳрога айланди. Қалъаю минора то абад Ёввойи эшаклар яйрайдиган жой, Чорва учун яйлов бўлди.
[15] Токи юқоридан устимизга Руҳ ёғилмагунча шундай бўлади. Ундан кейин саҳролар серҳосил далага айланади, Серҳосил дала ўрмон сифат бўлади.
[16] Шунда одиллик саҳрода макон қилади, Солиҳлик серҳосил далада маскан қилади.
[17] Солиҳлик меваси тинчлик бўлади, Солиҳлик самараси то абад хотиржамлик, ишонч бўлади.
[18] Халқим яшайди сокин жойларда, Бехавотир уйларда, хотиржам масканларда.
[19] Ўша ўрмонни дўл яксон қилади, У шаҳар эса тамомила йўқ бўлади.
[20] Шундай бўлса ҳам, нақадар бахтлисиз! Ирмоқлар бўйида экин экасиз. Чорваю подангиз яйловларни кезиб юради.