Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:13

[1] Омиз ўғли Ишаёга ваҳийда Яҳудо ва Қуддус ҳақида аён бўлган башорат.

[2] Шундай кунлар келадики, Эгамизнинг уйи турган тоғ Тоғларнинг энг юксаги бўлиб, қарор топади. Бу тоғ ҳаммасидан ҳам баланд бўлади, Ҳамма халқлар у ерга дарёдай оқиб келади.

[3] Кўплаб эллар келади, Улар шундай деб айтади: “Қани, юринглар! Чиқайлик Эгамизнинг тоғига! Қани, юринглар! Борайлик Ёқубнинг Худоси уйига! Токи У бизга ўргатсин Ўзининг йўлларини, Токи юрайлик бизлар Унинг сўқмоқларидан.” Ахир, Эгамизнинг каломи келиб чиқар Қуддусдан, Ҳа, Худонинг таълимоти келиб чиқар Сиондан.

[4] Эгамиз ҳукм қилади халқларнинг орасида, Ажрим қилади кўп миллатлар орасида. Қиличларини айлантиришади омочга, Найзаларини эса ток қайчиларига. Қилич кўтармайди бир–бирига халқлар, Ҳеч қачон жанг қилмайди улар.

[5] Эй Ёқуб насли! Келинглар, Эгамизнинг нурида юрайлик.

[6] Эй Ёқуб хонадони! Халқингизнинг йўлларини сиз тарк этдингиз! Бу юрт шарқдан келган башоратгўйларга, Филистлар юртига ўхшаб фолбинларга тўла. Улар бегона халқлар билан ҳамтовоқ бўлдилар.

[7] Қаранг, Ёқуб хонадони тўла кумуш, олтинга, Чек–чегараси йўқ хазиналарининг, Уларнинг юрти тўладир отларга, Чек–чегараси йўқ жанг араваларининг.

[8] Уларнинг юрти тўла беҳуда бутларга! Улар таъзим этарлар Қўлларининг ижодига, Ўзлари ясаб, яратганларга.

[9] Эвоҳ, мана инсон паст бўлди, Шу тариқа одамзод тиз чўктирилди, Уларнинг қаддини кўтарма, эй Эгам!

[10] Эгамдан қўрқиб қочинглар, Қоянинг ичига кириб олинглар, Тупроқ остига яширининглар, Эгамнинг улуғворлиги буюкдир!

[11] Ҳа, инсоннинг мағрурлиги ерга урилади, Одамзоднинг манманлиги йўқ қилинади, Ёлғиз Худо ўша куни юксалади.

[12] Зотан, Сарвари Оламнинг бир куни бор, Қарши чиқар У жамики кибор, кеккайганларга. Ўша мағрурларга қарши бўлар, Уларнинг ҳар бирини ерга урар.

[13] Қарши бўлар У барча юксак, мағрурларга! Ҳа, ўша Лубнон садрларию Башан эманларининг ҳаммасига.

[14] Қарши бўлар У ҳамма баланд тоғларга, Ҳамма юксак тепаликларга.

[15] Қарши бўлар У ҳар бир баланд минорага, Ҳар бир мустаҳкам қалъага.

[16] Қарши бўлар ўша машҳур Таршиш кемаларию Инсон яратган барча ажойиботларга.

[17] Ҳа, ерга урилади ўша одамзод фахри, Паст бўлади инсоннинг юксаклиги! Ёлғиз Худо ўша куни юксалади!

[18] Беҳуда бутлар тамомила йўқ бўлиб кетади.

[19] Эгамиз, ерни ларзага солай, дея қўзғалганда, Инсон Эгамиздан қўрққанидан Кириб кетар қоялардаги ғорларга. Унинг буюк улуғворлигидан Яширинар ердаги чуқурларга.

[20] Одам, ўзим сажда қилай, деб ясаган Олтину кумуш бутларини Берар ўша куни юмронқозиқ Ҳамда кўршапалакларга.

[21] Ҳа, Эгамиз, ерни ларзага солай, дея қўзғалганда, Инсон Эгамиздан қўрққанидан Қоялардаги ғорларга кириб кетар. Унинг буюк улуғворлигидан Чўққиларнинг ёриқларига яширинар.

[22] Энди узоқда юринг Тупроқдан яратилганлардан. Борми уларнинг бирон қиймати?!

Ишаё пайғамбарнинг китоби — Chapters