[1] Нима, Эгамизнинг қўли қисқами? Қутқаролмаса! Қулоғи оғирми? Эшитмай қолса!
[2] Ахир, ўз айбларингиз сизни Худойингиздан айирди, Гуноҳларингиз туфайли У сиздан юз ўгирди, Ибодатларингизга қулоқ солмайди.
[3] Ана, қўлларингиз қонга булғанган, Бармоқларингиз гуноҳга ботган, Оғзингиздан ёлғон чиқаверади, Тилингиз ҳақсизликни гапиради.
[4] Ҳеч кимса, адолат бўлсин, деб айтмайди, Ҳеч кимса ҳақиқат учун курашмайди. Беҳуда гаплардан умид қилиб, ёлғонлар айтади, Бузуқликка ҳомиладор бўлиб, ёвузлик туғади.
[5] Сизлар илоннинг тухумини босиб ўтирасиз, Ўргимчак уясини тўқийсиз. Бундай тухумни еганлар ўлади. Агар битта тухум эзилса, Ундан заҳарли илон ўрмалаб чиқади.
[6] Тўқиган уянгиздан кийим чиқмайди, Сиз тўқиганлар билан ҳеч ким устини ёпа олмайди. Сизларнинг ишингиз ярамас ишлардир, Сизларнинг қўлларингиз зўравонликка тўла.
[7] Фосиқларнинг оёғи ёмонликка шошилади, Улар беҳуда қон тўкишга жуда уста. Уларнинг фикри–зикри гуноҳ билан банд, Қадамидан ҳалокату вайрона келади.
[8] Улар тинчлик йўлларини билмайди, Юрган йўлида адолат йўқ. Ўзларига эгри йўллар қилдилар, Бу йўлдан юрганлар тинчлик билмайди.
[9] Шу боис адолат биздан узоқ, Худо бизни қутқармайди. Нур излаймиз, аммо фақатгина зулмат бор, Ёруғлик излаймиз, аммо зулматда юрамиз.
[10] Кўрлардай деворни ушлаб юрамиз, Кўзи кўрмайдиганлардай пайпасланамиз. Куппа–кундузи тундагидай қоқиламиз, Тириклар орасида ўликлардаймиз.
[11] Ҳаммамиз айиқ каби бўкиряпмиз, Ҳаммамиз мусича каби нола қиляпмиз. Адолат кутяпмиз, аммо у йўқдир, Нажот кутяпмиз, аммо у биздан узоқда.
[12] Ҳа, Худо олдида кўп итоатсизлик қилдик, Гуноҳларимиз бизга қарши гувоҳлик бериб турибди. Итоатсизлигимиз кўз ўнгимизда, Айбларимизни ўзимиз биламиз.
[13] Итоатсизлик қилдик, Эгамизни алдадик, Худойимиздан юз ўгирдик, Зулм қўзғадик, хиёнат қилдик, Юракда ёлғон гаплар тўқиб гапирдик.
[14] Адолат чекинди, солиҳлик узоққа кетди. Ахир, ҳақиқат қувиб чиқарилди, Ҳаққонийликка асло ўрин қолмади.
[15] Ҳеч қаерда ҳақиқат йўқ, Ўзини ёмонликдан олиб қочган одам Ҳалокатга йўлиқди. Эгамиз буларни кўриб, Адолат йўқлигидан озор чекди.
[16] Мазлумларга ёрдам берадиган Ҳеч кимса йўқлигини кўрди, Ҳеч ким йўқлигидан У ҳайратда қолди. Шунда Эгамиз Ўз қўли билан қутқаришга киришди, Худонинг Ўзи уларга нажот берди.
[17] У адолатни совутдай кийиб олди, Нажот дубулғасини бошига кийди, Эгамиз қасосни либосдай кийиб олди, Рашкни чопон қилиб ўраб олди.
[18] Ҳар кимга қилганига яраша жавоб беради, Ўз душманларига ғазаб сочади, Ғанимларидан қасос олади, Денгиз ортидаги юртларга Қилганларига яраша тўлиқ қайтаради.
[19] Ғарбда Эгамизнинг номидан қўрқадилар, Шарқда Унинг шуҳратидан қўрқувга тушадилар. Мана, Эгамиз дарёдай келади. Ўзининг Руҳи даъват этаётган Кучли дарёдай келади.
[20] Эгамиз шундай айтмоқда: “Қутқарувчи Қуддусга келади, Ёқуб наслининг гуноҳдан қайтганларига келади.”
[21] Эгамиз шундай дейди: “Сиз билан қиладиган аҳдим шудир: сизга берган Руҳим, оғзингизга солган сўзларим сизларни тарк этмайди. Ҳозирдан бошлаб, то абад сизларни, болаларингизни ва набираларингизни ҳеч қачон тарк этмайди.”