[1] Эй таланмаган талончи! Ҳолингга вой! Эй хиёнатни татимаган хиёнаткор! Ҳолингга вой! Роса талаб бўлганингдан сўнг, Ўзингни талон–тарож қиладилар. Хиёнатни бас қилганингда, Сенга хиёнат қиладилар.
[2] Эй Эгамиз, бизга марҳамат қил, Биз Сенга умид боғлаймиз. Бизга ҳар куни куч ато қил, Кулфат чоғи эса бизга нажот бер.
[3] Гумбурлаган овозингдан халқлар тарқаб кетар, Сен қўзғалганингда элатлар қочиб кетар.
[4] Чигирткалар йиғилгандай ўлжаларинг йиғилар, Чигирткалар уюми каби, ўлжаларингни талон–тарож қилишар.
[5] Эгамиз юксалгандир. Ҳа, Унинг маскани юксакда. Тўлдиргандир У Қуддусни адолату солиҳлик ила.
[6] Эй Қуддус, У кунларингиз тинчлигини маҳкам тутади, Унинг Ўзи нажот, илм–маърифат, доноликнинг бой манбаидир. Эгамиздан қўрқиш сизларнинг хазинангиздир.
[7] Ана қаранг! Яҳудонинг жасур йигитлари Кўчаларда фарёд қилади, Тинчлик элчилари аччиқ–аччиқ йиғлайди.
[8] Катта йўллар ҳувиллаб қолган, Бу йўллардан юрмайди ҳеч кимса, Аҳдлар бузилди, шаҳарлар вайрон бўлди, Инсон ўз қадрини йўқотди.
[9] Юрт аза тутди, азоб чекди. Лубнон ўрмонлари иснодга қолиб, қуриб қолди. Шарон текислиги саҳрога ўхшаб қолди, Башан, Кармил тоғидаги дарахтларнинг япроқлари қолмади.
[10] “Энди қўзғаламан, — демоқда Эгамиз. — Энди Мен юксаламан, Ҳа, Ўзимни баланд кўтараман.
[11] Сизлар эса сомонга ҳомиладор бўлгандай, Фойдасиз поялар туққандай бўласиз. Руҳингиз сизларни олов каби еб битиради.
[12] Халқлар ёниб, кул бўлади, Кесилиб, оловга ташланган тикандай бўлади.
[13] Эй узоқдагилар, Менинг қилганларимни эшитинг, Эй яқиндагилар, қудратимни билиб олинг!”
[14] “Орамизда ким ямламай ютадиган олов билан тура олади? Орамиздаги ким ёниб битмас аланга ёнида қола олади?” дея Қуддусда гуноҳкорлар ваҳимага тушди, Нопокларни қўрқув эгаллаб олди.
[15] Мана, қаранг солиҳ яшаётганларга! Улар тўғри гапни гапиради, Тамагирлик фойдасидан юз ўгиради, Пора олишдан қўлларини тияди. Қотилларнинг фитналарига қўшилмайди, Кўзларини ёвузлик жалб қила олмайди.
[16] Ҳа, шундайларнинг маскани юксакларда бўлади, Тоғлардаги қоялар бошпанаси бўлади. Нону суви ҳеч қачон етмай қолмайди.
[17] Мана, кўзларингиз улуғвор шоҳни, Кенг ёйилган юртни кўради.
[18] Шунда ўтмишдаги қўрқувни эслаб, дейсиз: “Қани экан ўша бош лашкарбоши? Қани ўша ўлжаларни ўлчаган одам? Қани энди минораларни санаганлар?”
[19] Сизлар тилларини тушунмайдиган, Гапларини англамайдиган, Ўша такаббур халқни энди кўрмайсиз!
[20] Мана, қаранг Қуддусга! Байрамларимиз шаҳрига боқинг. Ўз кўзларингиз билан Сионни, Ўша осуда масканни кўрасиз. Бу чодир ҳеч қачон кўчмайди, Унинг қозиқлари сурилмайди, Биронта арқони узилмайди.
[21] Ҳа, у ерда қудратли Эгамиз бизнинг Шоҳимиз бўлади, У ерда кенг дарёлару ирмоқлар бўлади. Эшкакли уруш кемалари кечиб ўта олмайди, Елканли жанг кемалари ҳам у ерда суза олмайди.
[22] Ахир, Эгамиз ҳукмронлик қилади, Унинг Ўзи қонун–қоидани ўрнатади. Эгамиз бизнинг Шоҳимиздир, Унинг Ўзи бизга нажот беради.
[23] Кемангизнинг мачтаси мустаҳкам эмас, Унинг арқонлари заифлашган, Унинг елкани ёйилмайди. Сўнг мўл–кўл ўлжа бўлинади, Ҳатто чўлоқ ҳам ўлжага шерик бўлади.
[24] Орангизда ҳеч кимса, “Мен хастаман”, демайди, Қуддусдагиларнинг гуноҳлари кечирилади.