Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 10:16

[1] Эгам айтар: “Энди эшит, эй қулим Исроил! Эй Ёқуб насли! Мен сени танлаганман.

[2] Мен, Эганг, сени яратганман, онанг қорнида сенга шакл берганман. Сенинг мададкоринг, Мен, шундай айтмоқдаман: «Қўрқма, эй азиз Исроил! Эй Ёқуб насли, Мен сени танлаганман.

[3] Чанқоқ ерга Мен сув бераман, Қақраган тупроқда ирмоқлар оқизаман. Наслингга Руҳимни бераман, Зурриётинг устига Ўз баракамни ёғдираман.

[4] Улар оқар сув бўйидаги тол дарахти каби, Майсалар орасидан ўсиб чиқади.

[5] Бири: ‘Мен Эгамникиман’, деб айтади, Бошқаси Исроил халқига қўшилай деб келади. Яна бири қўлига ‘Эгамники’ деб ёзади–да, Исроил халқининг бириман, деб айтади.»”

[6] Исроил халқининг Шоҳи, уларнинг қутқарувчиси, Сарвари Олам — Эгамиз шундай айтмоқда: “Биринчию охирги Мен Ўзимман, Мендан бошқа Худо йўқ!

[7] Ким Менга ўхшайди? Қани, гапирсин–чи! Қадимий халқни яратганимдан бери Нима бўлганларини бошдан айтиб берсин! Келажакда нима бўлишини билдирсин.

[8] Ваҳимага тушманг, қўрқманг! Мен сизларга нима бўлишини Олдиндан эълон қилдим–ку! Сизлар Менинг гувоҳларимсиз! Мендан бошқа Худо борми?! Йўқ, бошқа Қоя йўқ. Мен бошқа ҳеч бирини билмайман!

[9] Бут ясайдиганларнинг ҳаммаси ҳеч нарсадайдир. Хуш кўрган бутлари ҳеч фойда келтирмайди. Ўша бутларнинг гувоҳлари кўр, жоҳилдир. Шунинг учун улар шарманда бўлиб қолади!

[10] Ахир, ким фойдасиз худоларнинг тасвирларини ясайди?!

[11] Ҳали ўша бутпараст дўстларнинг ҳаммаси шарманда бўлади. Бут тайёрловчиларга қаранг. Улар ҳам оддий одамлар–ку! Қани, ҳаммаси тўплансин! Улар қўрқувга тушиб, биргаликда шармандаю шармисор бўлади.

[12] Бут ясайдиган темирчи асбобини олади. Буюмни кўмир чўғи устида қиздиради. Болғаси билан уни ясайди. Қўлининг кучи билан ишлайди. Қорни очиб, ҳолдан тояди. Ташналикдан силласи қурийди.

[13] Дурадгор ип билан ёғочни ўлчайди. Хоҳлаган шаклини чизиб олиб, ранда билан ишлов беради. Уни инсон шаклида ясайди. Унга инсон чиройини беради–да, саждагоҳга ўрнатади.

[14] Ўрмонда сарв, эман дарахтларини танлайди. У ўзи учун садр дарахтларидан кесиб олади. Ёки қарағай дарахтини ўтқазади. Ёмғир эса ўша дарахтни ўстиради.

[15] Кейин булар одамга ўтин бўлади. Одам ёғочнинг баъзиларини олиб исинади. Баъзиларини эса ёқиб, нон ёпади. Яна ўзига худо ҳам ясаб, унга сажда қилади. Бут ясаб, унга мук тушиб, таъзим қилади!

[16] У ўтинларнинг ярмини ёқади. Оловда гўшт пишириб, қорнини тўйдиради. Исиниб бўлгач: «Оҳ, оҳ, исиниб олдим, оловнинг тафтидан жоним ором оляпти», дейди.

[17] Ёғочнинг қолганидан эса худосини, ўзининг бутини ясайди. «Мени ўзинг қутқар, ахир, сен менинг худойимсан!» деб бутга ибодат қилади, мук тушиб сажда этади.

[18] Улар ҳеч нарсани билмайдилар, тушунмайдилар. Кўзларию юракларида тўсиқ бор, улар кўрмайди, тушунмайди.

[19] Бирортаси ҳам ўйлаб кўрмайди. «Ўтиннинг бир қисмини ёқдим. Оловида нон ёпдим, гўшт пишириб едим. Энди қолганидан жирканч нарса ясайманми?! Ёғоч ғўласига таъзим қиламанми?!» деб айтишга ақл–идрок йўқ.

[20] Эҳ, кул ейдиганлар! Алданган қалби уни адаштиради. У ўз жонини қутқара олмайди. «Қўлимдаги шу нарса сохта–ку!» деб ўзига айтмайди.

[21] Эй Ёқуб насли! Эй Исроил халқи! Буларни ёдда тут! Сизлар Менинг қулимсиз. Мен сизларни яратдим, Ҳа, сизлар Менинг қулимсиз! Эй Исроил, Мен сизларни унутмайман!

[22] Гуноҳларингизни булутдай ҳайдадим, Айбларингизни тумандай тарқатдим, Сизларни қутқарганман, Менга қайтинг.”

[23] Эй самолар, шодликдан ҳайқиринг! Мана, Эгамиз ажойиб бир иш қилди! Ҳайқиринг, эй заминнинг тубсиз жойлари! Шодликдан ҳайқиринг, эй тоғлар, Эй ўрмон, ўрмондаги ҳар бир дарахт! Ҳа, Эгамиз Ёқуб наслини қутқариб, Ўзига олди. У Исроил халқи орасида улуғланмоқда.

[24] Қутқарувчингиз, онангиз қорнида сизга шакл берган Эгамиз шундай айтмоқда: “Ҳаммасини яратган Мен Эгангизман, Ёлғиз Ўзим самоларни ёйганман! Бир Ўзим заминни яратганман!

[25] Фолбинларнинг аломатларини беҳудага чиқараман, Башоратгўйларни лақиллатаман, Донишмандларга зарба бериб, Билган нарсаларини нодонликка чиқараман.

[26] Ўз қулимнинг башоратини ижро этаман, Элчиларимнинг айтганларини қиламан. Мен Қуддус ҳақида: «Бу ерда яна инсон яшайди», деб айтмоқдаман. Яҳудо шаҳарлари ҳақида: «Улар қайтадан қурилади, Вайроналарини тиклайман», деб айтмоқдаман.

[27] Чуқур сувларга шундай дейман: «Қуриб бит! Дарёларингни қуритаман.»

[28] Шоҳ Куруш ҳақида шундай дейман: «У Менинг чўпоним. Менинг барча хоҳишимни у бажаради.» Куруш шундай дейди: «Қуддус қайта қурилсин, Маъбад яна тиклансин.»”

Ишаё пайғамбарнинг китоби — Chapters