[1] Эгам айтар: “Ҳолингга вой, эй Довуд яшаган шаҳар! Эй Ориёл, Ориёл! Йиллар ортидан йиллар ўтаверади, Байрамлар нишонланади.
[2] Аммо Мен бошингга кулфат келтираман, Фарёд қилиб, нола чекасан, Сени қурбонгоҳ қиламан.
[3] Атрофингда сенга қарши лашкар тўплайман, Қамал иншоотларини ўрнатаман. Миноралар қуриб, сени ўраб оламан.
[4] Ернинг остидан сен гапирасан, Тупроқ остидан сўзларинг келади, Овозинг шарпа овозидай ер остидан чиқади, Гапларинг тупроқ остидан шивирлаб келади.
[5] Аммо шунда шафқатсиз душманларинг Бирданига чанг каби учиб кетади, Тўсатдан бўрондаги хас–чўпдай Улар тўзиб кетади.
[6] Келаман Мен, Сарвари Олам, гумбур–гумбур, Зилзила, шовқин–сурон, довул, Бўрону ютиб юборувчи аланга билан.
[7] Эй Қуддус, сизга қарши чиққан халқлар йўқ бўлиб кетади. Сизнинг қалъангизга ҳужум қилган ваҳший элатлар Тундаги туш каби ўтиб кетади.
[8] Ҳа, оч одам тушида овқат еса ҳам, Уйғонганда, очлигича қолаверади. Чанқаган одам тушида сув ичади–ю, Чанқоғи қонмасдан уйғонади. Эй Сион тоғи, сизга қарши чиққан Жамики элатлар ҳам шу аҳволга тушади.”
[9] Қулоғингизни кар қилинг, донг қотиб қолинг, Кўзингизни кўр қилинг, кўрмас бўлинг, Маст бўлинг, аммо шаробдан эмас, Гандираклаб юринг, аммо бўзадан эмас.
[10] Эгам сизни қаттиқ ухлатиб қўйди, Эй пайғамбарлар, Эгам кўзларингизни уйқуга бостирди. Эй валийлар, Эгам бошу кўзларингизни ўраб қўйди.
[11] Мана, бу ваҳийнинг ҳаммаси сизлар учун муҳрланган ўрама қоғоздай бўлиб қолди. Бу ўрама қоғоз ўқий оладиганларга берилиб: “Буни ўқинг!” деб буюрилса, улар: “Йўқ, муҳрланган экан”, дейдилар.
[12] У ўқий олмайдиганларга берилиб: “Буни ўқинг”, деб айтилган бўлса, улар: “Биз ўқишни билмаймиз”, деб жавоб берадилар.
[13] Ҳа, Раббий айтди: “Бу халқ фақат сўздагина Менга яқинлашади, Тилидагина Мени иззат қилади, Юраклари эса Мендан узоқдир. Улар инсон яратган қоидалари орқали Менга сажда қилишади.
[14] Мана, Мен шундай бир иш қиламанки, Бу халқ ҳайратда қолади, Лол бўлиб, донг қотади. Донолари донолигидан маҳрум бўлади, Идроклилари идрокидан айрилади.”
[15] Ҳолингизга вой! Эгамиздан режаларингизни яширяпсиз, Ишларингизни қоронғиликда қиляпсиз. “Ким бизни кўрарди, ким бизни биларди?” дейсиз.
[16] Ҳаммасини ағдар–тўнтар қиляпсиз, Ахир, кулолни лойга тенглаштириб бўладими?! Наҳотки буюм ўзини яратганга: “Мени яратганинг йўқ”, деб айтса?! Наҳотки идиш кулолга: “Сен тушунмайсан”, деб айтса?!
[17] Мана, қисқа вақт ичида Лубнон ўрмони далага айланади. Дала эса қалин ўрмон бўлади.
[18] Ўша куни китобдаги сўзларни карлар эшитар, Кўрларнинг кўзлари зулматда нур кўрар.
[19] Бечораларга Эгам янги қувонч ато этади, Исроил халқининг Муқаддас Худоси туфайли Муҳтожлар шод бўлади.
[20] Золимлар то абад йўқ бўлади, Мазахчилар ҳалок бўлади, Ёмонлик истовчилар қириб ташланади.
[21] Улар одамларга туҳмат ёғдирар, Ҳакамларга тузоқ қўяр, Солиҳларни адолатдан маҳрум қилар.
[22] Шу боис Иброҳимни қутқарган Эгам Ёқуб хонадони тўғрисида шундай деб айтмоқда: “Ёқуб насли энди ҳеч қачон шарманда бўлмайди, Қўрқувдан унинг ранги оқармайди.
[23] Исроил халқи Мен бунёд этган фарзандларини кўрганда Улар Менинг номимни муқаддас деб билади, Мени — Ёқуб наслининг Худосини муқаддас деб тан олади. Ҳа, Мен, Исроил Худосининг ҳузурида ҳайратда туради.
[24] Йўлидан адашганлар ўшанда тушуниб етади, Нолиганлар йўл–йўриқларимни ўрганади.”