[1] Аммо Ёқуб наслига Эгам шафқат қилади, У яна Исроил халқини танлаб олади. Ёқуб наслига ўз ерида ором беради, Бирлашади мусофирлар улар билан, Қўшилади Ёқуб хонадони билан.
[2] Халқлар ўз юртларига Исроилни бошлаб боради, Улар Исроил халқининг мулки бўлади. Исроил Эгамнинг ерида халқларни қул, чўри қилади. Ўзини асир қилганларни Исроил халқи асир қилади, Золимлар устидан у ҳукмронлик қилади.
[3] Эгам сизни қайғу, дард–аламдан қутқарганда, сизга азоб берган оғир ишдан халос қилганда,
[4] Бобил шоҳини масхаралаб бу сўзларни айтасиз: “Мана, золимнинг куни битди–я! Зўравон тамом бўлди–я!
[5] Эгам синдирди фосиқларнинг таёғини, Ҳукмдорларнинг ҳассасини!
[6] Бу ҳасса халқларни роса урарди, Тўхтовсиз калтакларди, Халқларга ғазаб ила ҳукмронлик қиларди, Шафқат қилмай таъқиб қиларди.
[7] Жамики замин тинч, осуда, Улар севинч ила қўшиқ айтмоқда.
[8] Ҳатто сарв дарахтлари ҳалокатингдан мамнун, Лубнон садрлари ҳам айтар: «Энди сен чуқурда ётибсан, Ҳеч ким бизни кесгани келмас.»
[9] Ўликлар диёри жонланиб қолди: Ана, келди, кутиб олайлик, дея. Қара, уйғонди сени деб Ер юзи йўлбошчиларининг руҳлари. Тахтларидан оёққа қалқиди Жамики халқларнинг шоҳлари.
[10] Эй Бобил шоҳи! Ҳаммалари сенга қараб айтади: «Ҳатто сен ҳам биздай ночор бўлдинг–а, Бизнинг кунимиз тушди сенинг бошингга.»
[11] Улуғворлигинг, кайфу сафолар товуши Улоқтирилди ўликлар диёрига! Остингдаги қуртлар кўрпачангдир, Чувалчанглар сенинг тўшагингдир.
[12] Қандай қилиб тушиб кетдинг самодан, Эй Зуҳра юлдуз, Тонг ўғли?! Халқларни ерга улоқтирган эдинг! Ерга қулаб тушдинг–ку ўзинг!
[13] Ҳа, ўзингча айтган эдинг: «Мен чиқиб бораман самоларга, Тахтимни кўтараман Худонинг юлдузлари тепасига. Ўтираман худолар йиғиладиган тоғда, Шимолнинг энг чеккасида.
[14] Булутлар тепасига чиқиб бораман, Худойи Таолодай бўламан.»
[15] Аммо сен улоқтирилгансан ўликлар диёрига, Чуқурликнинг туб–тубига.
[16] Кўрганлар сенга тикилиб қолади, Кўнгилларида шундай ўй кечади: «Ўша одамми бу заминни титратган, Шоҳликларни ларзага солган?!
[17] Шуми оламни саҳрога айлантирган?! Шаҳарларни ер билан яксон қилган, Асирларни қўйиб юбормаган?!»
[18] Халқларнинг шоҳи бўлганларнинг ҳаммаси Муҳташам қабрларида ётибди.
[19] Аммо сен улоқтирилгансан Жирканч чирик новдадай қабрингдан. Тош чуқурга тушадиган жасадлар, Қиличдан қулаган жасадлар Бўлар сенинг кафанинг.
[20] Ахир, ўз юртингни вайрон қилгансан, Халқингни ўзинг ўлдиргансан. Энди улар қатори дафн қилинмассан. Эй фосиқ, сенинг наслинг То абад тилга олинмас!
[21] Отасининг гуноҳлари учун Ўғилларини жаллодга топширинг. Улар асло кўтарилмас. Энди ерга эгалик қилмас, Ер юзида шаҳарлар барпо қилмас.”
[22] Қуйидагилар Сарвари Оламнинг сўзидир. “Мен Бобилга қарши қўзғаламан. Бобилдагиларнинг номини ҳам, қолган–қутганини ҳам, уруғ–аймоғини ҳам йўқ қиламан”, — деб айтмоқда Эгамиз.
[23] “Мен Бобилни типратиканларга мулк қилиб бераман. Уни ботқоққа айлантираман. Харобазор қилиб, супуриб ташлайман”, — деб айтмоқда Сарвари Олам.
[24] Сарвари Олам онт ичиб айтди: “Ҳа, Менинг белгилаганим бажо бўлади, Менинг режалаштирганим амалга ошади.
[25] Оссурия халқини Ўз еримда яксон этаман, Тоғларимда уни оёқ ости қиламан. Унинг бўйинтуруғи юртимдан олинади, Юки Исроилнинг елкаларидан улоқтирилади.
[26] Бутун олам учун шу режани туздим, Бутун халқларга қарши қўлимни кўтардим.”
[27] Сарвари Олам режа қилган! Қани, буни ким бекор қила олади?! У халқларга қарши қўл кўтарди! Қани, Уни ким тўхтата олади?!
[28] Шоҳ Охоз вафот этган йили бу башорат аён қилинди:
[29] “Бизни урган таёқ синди”, деб Севинмангиз, эй Филистлар! Ахир, илоннинг тухумидан қора илон чиқади! Унинг боласи ваҳимали аждар бўлади!
[30] Мана, қашшоқларнинг тўнғичи тўйяпти, Муҳтожлар эсон–омон ётибди. Аммо сизнинг илдизингизни очликдан қуритаман, Қолган–қутганларингиз эса қирилиб кетасиз.
[31] Эй Филистлар, ҳаммангиз Азадан адойи тамом бўласиз. Фарёд қил, эй дарвоза! Йиғла, эй шаҳар! Шимолдан уруш ҳиди чиқаётир, Ўша лашкар сафдан чиқмай келаётир.
[32] Халқларнинг элчиларига қандай жавоб берилар? “Эгамиз Қуддусни барқарор қилди. Ўз халқи орасида муҳтож бўлганлар У ерда паноҳ топади”, жавоби шудир.