[1] Ана, Эгамиз хароб этади ер юзини, Вайронага айлантиради уни, Остин–устин қилади ер юзини, Тарқатиб юборади замин аҳлини.
[2] Бир тақдир кутмоқда Халқ ва руҳонийни, Қул ва унинг эгасини, Чўрию унинг бекасини, Харидору сотувчини, Қарздору қарз берувчини, Судхўру қарз олганни.
[3] Дунё тамом вайрон бўлади, Ер юзи ўлжага айланади. Ҳа, Эгамизнинг каломи шудир.
[4] Дунё қуриб, вайрон бўлади, Ер юзи қайғуриб, тамом бўлади, Дунёнинг мағрур халқи кучдан қолади.
[5] Замин булғанди, Ахир, унинг аҳли қонунларни бузди, Худонинг кўрсатмаларини оёқ ости қилди. Ҳа, абадий аҳд бузилди.
[6] Шу боис лаънат оламни еб битиради, Олам аҳли гуноҳининг жазосини тортади, Шу сабабдан улар йўқолиб бормоқда, Жуда оз одамлар қутулиб қолди.
[7] Янги шаробинг тугади, токларинг қуриди, Илгари шод бўлганлар оғир нафас олмоқда.
[8] Доиранинг жўшқин садоси кесилди, Шодон овозлар энди эшитилмайди, Арфанинг шўх садоси сукутга толди.
[9] Энди шароб ичиб, қўшиқ айтмаслар, Ичганга шаробнинг таъми аччиқ туюлар.
[10] Вайрона шаҳар ташландиқ бўлди, Ҳамма уй беркилган, кириб бўлмайди.
[11] Шароб йўқлигидан кўчаларда шовқин–сурон. Эвоҳ, шодликдан асар ҳам қолмади, Дунёни севинч тарк этди.
[12] Шаҳар харобазор, Дарвозалари эса парча–парча.
[13] Ҳа, ҳосил мавсумидан кейин, Зайтун дарахти ёки узумзор қандай бўлса, Дунёдаги халқлар ҳам шундай яланғоч бўлиб қолади.
[14] Мана, ғарбдагилар Эгамизнинг буюклигини овоза қиладилар. Улар овозларини юксалтириб, Севинчдан ҳайқирадилар.
[15] Шу боис, эй шарқ аҳли, Эгамизга ҳамду сано айтинг, Эй денгиз оролларида яшовчилар, Исроил халқининг Худоси — Эгамизни улуғланг.
[16] Дунёнинг энг четидан қўшиқлар эшитармиз: “Одил Худога шарафлар бўлсин!” Аммо мен: “Тамом бўлдим! Тамом бўлдим! Энди ҳолимга вой! — дедим. — Хоинлар сотмоқдалар, Ҳа, улар хоинлик қилмоқдалар!”
[17] Эй олам аҳли, сизни ваҳима, Тузоқ ва чоҳ кутмоқда.
[18] Ваҳимали овозни эшитиб қочган чуқурга тушар, Чуқурдан чиққан эса тузоққа илинар, Осмоннинг қопқаси очилади, Ернинг пойдевори титраб кетади.
[19] Ер парча–парча бўлиб, Майдаланиб кетади. Ер қаттиқ тебранади.
[20] Замин маст одамдай гандираклайди, Даладаги чайладай тебранади. Гуноҳларнинг оғирлигидан букчайиб қолади, Йиқилади–ю, қайтиб тура олмайди.
[21] Ўша куни Эгамиз юқоридаги самовий кучларга, Пастдаги замин шоҳларига жазо беради.
[22] Улар чоҳдаги асирлар каби, Бир жойга йиғиб олинади, Зиндонга қамаб қўйилади, Кейинроқ улар жазоланади.
[23] Ой хижолат бўлар, қуёш шарманда бўлар, Сарвари Олам Қуддусдаги Сион тоғида ҳукмрон бўлар. Халқ оқсоқолларига У Ўз улуғворлигини намоён қилар.