Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 8:59

[1] Эй сиз, ёвуз фармонлар чиқарадиганлар, Қонунлар ёзиб, жабр келтирадиганлар.

[2] Камбағални адолатдан маҳрум қиляпсиз, Мазлум халқимни талаяпсиз, Овингиз бўлаётир бевалар, Ўлжангиз бўлаётир етимлар.

[3] Қиёмат куни келганда, сиз нима қиласиз? Узоқдан бало келганда, нима қиласиз? Ёрдам сўраб кимга қочиб борасиз?! Бойлигингизни қаерга олиб кетасиз?!

[4] Йўқ, асир бўлиб йиқилиб қоласиз, Ё жасадлар тагида қолиб кетасиз. Аммо шундай бўлса ҳам, Эгам тушмас ғазабидан, Унинг қўли ҳамон Исроилга қарши кўтарилган.

[5] Эгам айтар: “Мана Оссурия! Ғазабимнинг ҳассаси! Унинг қўлидадир қаҳримнинг таёғи!

[6] Мен уни шаккок элга қарши юбораман, Ғазабимни ўша халққа қарши сочаман, Овлаб, ўлжа қил, деб унга амр қиламан. Халқларни лойдай оёқ ости қилади у.

[7] Аммо Оссурия Менинг қуролим эканини Хаёлига ҳам келтирмас, Булар ҳақида у ўйламас ҳам. Унинг фикри–ёди: Халқларни қириб ташлашдир, Битта қўймай уларни йўқ қилишдир.

[8] Оссурия шоҳи шундай ўйлайди: «Лашкарбошиларим шоҳлар эмасми?!

[9] Хално шаҳрини Кархамиш шаҳридай вайрон қилмадикми?! Хомат ҳам Арпаддай қулади–ку! Самария Дамашқ каби эмасми?!

[10] Олганимдай беҳуда бутлар шоҳликларини, Оламан Қуддусу Самариянинг санамларини.

[11] Не қилган бўлсам Самария ва унинг санамларини, Шундай қиламан Қуддусу унинг бутларини.»”

[12] Аммо Раббий тузган режаларини Сион тоғида ва Қуддусда амалга оширгандан кейин, шундай дейди: “Энди такаббур, кибор Оссурия шоҳи билан ҳисоб–китоб қиламан.

[13] Ахир, Оссурия шоҳи шундай деган эди: «Ўз кучим билан буларни амалга оширдим, Донолигим билан қилдим, ахир, идроклиман. Халқларнинг чегарасини йўқ қилдим, Уларнинг хазиналарини ўлжа қилиб олдим. Қудратли шоҳларини тахтдан улоқтирдим.

[14] Қуш инига қўл суқиб тухум йиққани каби, Халқларнинг бойликларини тўпладим. Ташлаб кетилган тухумларни қандай тўпласалар, Жамики юртларни мен шундай йиғиб олдим. Ё қанот қоққан, оғзин очган, Ё овозин чиқарган биров бўлмади.»”

[15] Болта мақтанарми уни ишлатганга?! Арра ўзини мақтайдими уни қўлга олганга?! Калтак ушлаганни калтакнинг ўзи кўтарадими?! Ҳасса ўзини ушлаганни кўтарадими?!

[16] Эй Оссурия, Шу боис Сарвари Олам — Раббий Оғир хасталикни юборар паҳлавонларингиз орасига. Касалликларининг қизғин палласида Уларнинг баданларидан ўт чиқади, Улар гўё лов–лов этиб ёнади.

[17] Исроилнинг Нури ёлқин бўлади, Исроил халқининг Муқаддас Худоси олов бўлади. Олов ёндириб, тиканзору чангалзорларини Бир кунда ямлаб ютади.

[18] Оссуриянинг муҳташам ўрмонлари Ва унумдор далалари Оғир хасталикка йўлиққан инсондай, Тамомила хароб бўлади.

[19] Ўрмондаги дарахтлар шунчалик оз қоларки, Ҳаттоки ёш бола ҳам уларни санай олади.

[20] Ўша куни Исроилнинг қолган–қутгани, Ёқуб наслининг қутулганлари Бошқа суянмайди ўз зулмкорларига, Улар садоқат билан таянади Исроил халқининг Муқаддас Худоси — Эгамга.

[21] Ёқуб наслининг қутулганлари, омон қолганлари Қайтади қудратли Худога.

[22] Эй Исроил, сенинг халқинг Денгиз қумидай кўп бўлса ҳам, Энди улардан фақатгина саноқли одамлар қайтади. Зеро, “Қирғин бўлсин”, дея қарор қилинган, Худо одил ҳукмини Ўз халқининг бошига солади.

[23] Шубҳасиз, бутун ер юзида қиёмат бўлади, зотан, Сарвари Олам — Раббий шундай қарор қилган.

[24] Шу боис Сарвари Олам — Раббий шундай айтмоқда: “Эй халқим, Қуддус аҳли! Мисрликлар каби, Оссурияликлар сизларга таёқ кўтарадилар, сизларни қамчи билан урадилар. Аммо ҳадемай ғазабимни босаман, улардан қўрқманглар. Энди Оссурияликларга қаҳримни сочиб, уларни қираман.

[26] Ҳа, Мидиёнларни Орив қоясида шундай қирган эдим. Ҳассамни кўтариб, Миср лашкарини денгизда ғарқ қилдим. Энди худди шундай қилиб, Мен, Сарвари Олам, уларга қарши қамчимни кўтараман.

[27] Ўша куни Оссуриянинг юкини елкангиздан улоқтираман. Унинг бўйинтуруғи бўйнингиздан олиб ташланади. Ҳа, бўйинтуруқ йўқ қилинади, чунки сизлар кучга тўлдингиз.”

[28] Оссурия лашкари Ояз шаҳрига келди, Мигрон бўйлаб ўтди, Қурол–аслаҳасини Михмашда шай қилди.

[29] Улар Гебо сўқмоғини кесиб ўтдилар–у, Рама халқи ваҳимага тушиб қолди, Улар Шоулнинг шаҳри Гивода омонат тўхтади–ю, Шаҳар аҳли қочиб кетди.

[30] Фарёд қилинг, эй Галим аҳли! Эшит, эй Лайшо! Эй шўрлик Онотўт!

[31] Мадменах аҳли қочиб кетди, Гебим аҳли, паноҳ топай деб, учиб кетди.

[32] Ўша куни Оссурия лашкари Нав шаҳрида туради. Қуддус шаҳри жойлашган тепаликка — Азиз Сион тоғига қараб муштини кўтаради.

[33] Қара, Сарвари Олам — Раббий Қудратли кучи ила дарахт шохларини кесиб ташлайди, Баланд дарахтларни қирқиб ташлайди, Юксалганларини ерга уради.

[34] У болта билан кесиб ташлайди ўрмондаги чангалзорни, Қудратли Худо қулатиб юборади Лубнон дарахтларини.

Ишаё пайғамбарнинг китоби — Chapters