Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:24

[1] Дамашқ ҳақида башорат: “Ана, Дамашқ энди шаҳар бўлмайди! У вайроналар уюмига айланади!

[2] Арор шаҳарлари тарк этилади, Сурувлар масканига айланади, Ҳеч ким уларни ҳуркитмайди.

[3] Эфрайим юртининг қалъаси йўқ бўлади, Дамашқнинг шоҳлиги кетади. Орам халқининг омон қолганлари ғойиб бўлади, Буларнинг ҳаммаси Исроил халқининг Шуҳрати сингари барҳам топади, — деб айтмоқда Сарвари Олам. —

[4] Ўша куни Ёқуб наслининг шуҳрати йўқолади, Танаси озиб–тўзиб кетади.

[5] Мана, ўроқчилар бошоқларни ўриб олади, Ўз қўллари билан дон ҳосилини йиғиштириб олади. Ўша далаларда терилган буғдой бошоқларидай Рафа водийсида Ёқуб наслидан ҳам озчилик қолади.

[6] Ҳа, зайтун дарахти қоқилганда Дарахт учида икки–уч мева қолгандай, Ҳосилдор шохчаларда тўрт–беш мева қолгандай Ўша бошоқларда бир–икки дон қолади”, — деб башорат қилар Исроил халқининг Худоси — Эгамиз.

[7] Ўша куни ҳар бир одам Яратувчига қарайди, уларнинг кўзлари Исроил халқининг Муқаддас Худосини кўради.

[8] Инсон қурбонгоҳларга, қўлларининг ижодига қарамайди, ўз қўли билан ясаган нарсалар — Ашерага аталган устунларни, тутатқи қурбонгоҳларини кўрмайди.

[9] Ўша куни мустаҳкам шаҳарлари ўрмонлардаги ташландиқ жойларга ўхшаб қолади. Одамлар ташлаб кетган қир тепаликлар каби бўлади. Исроил халқи дастидан бу шаҳарлар харобазорга айланади.

[10] Ахир, сен нажоткоринг Худони унутдинг, Паноҳ бўладиган Қоянгни эсламадинг. Мана, сен ёқимли ўсимликлар экасан, Бегона кўчатларни ўтқазасан.

[11] Уларни авайлаб–асраб ўстирасан, Тонгда уруғдан куртак чиқартирасан, Аммо барча ҳосилинг йўқ бўлади. Фақат дард ва алам сенга насиб этади.

[12] Қаранг, халқларнинг кўплигини! Улар денгиз каби гувиллайди! Лашкарларнинг ҳайқириғи Тўлқинлар товушидай баланддир.

[13] Аммо Эгам уларга танбеҳ беради, Халқлар ҳам тўлқинлар каби йўқолиб кетади. Улар узоқларга қочиб қолади. Тоғлардаги шамолда учган хас–чўп каби қувилади, Қуюн олдидаги гирдоб каби ҳайдалади.

[14] Оқшом пайти! Қаранглар, кулфат! Тонг отмасдан улар йўқ бўлиб кетади. Бизни талайдиганларнинг қисмати шундай бўлади, Биздан тортиб олганларга мана шу насиб қилади.

Ишаё пайғамбарнинг китоби — Chapters